Жаҳон | 09:55 / 18.05.2023
6114
2 дақиқада ўқилади

Франция Сенати Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олди

Украина президенти француз сенаторларининг Голодоморни геноцид деб тан олиш қарорини тарихий адолатни тиклаш йўлидаги муҳим қадам деб атади.

Фото: Anadolu agency

Франция Сенати Миллий ассамблеядан сўнг Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллади. Бу ҳақда 17 май, чоршанба куни Франция парламенти юқори палатаси сайтида маълум қилинди. Ҳужжатни қабул қилиш учун 343 сенатордан 327 нафари овоз берди, 16 нафари қарши чиқди.

Қарорда 1932-1933 йилларда миллионлаб украиналикларнинг очарчилик, депортацияси Совет ҳукумати томонидан сунъий равишда юзага келтирилганлиги ва украиналиклар ўзлигини йўқ қилишга қаратилганлиги эътироф этилган. "Украина халқи бошдан кечирган ваҳшийлик ва азоб-уқубатларни эълон қилиш унутилишга қарши кураш, жавобгарлик ва қонуний компенсация ўрнатиш ҳамда келажакда бу фожиаларнинг такрорланишига қарши курашнинг бир қисмидир", дейилади ҳужжатда.

Украина президенти Володимир Зеленский Франция Сенатининг қарорини тарихий деб атади. "Ушбу резолюция ташаббускори ва қўллаб-қувватлаган барча сенаторларга миннатдорчилик билдираман. Бу тарихий адолатни тиклаш ва очликдан азоб чеккан миллионлаб украиналиклар хотирасини абадийлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир", деб ёзди у Twitter’да.

Бу қарорни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ҳам олқишлади. "Мен француз сенаторларига адолатни тиклайдиган ва миллионлаб қурбонлар хотирасини улуғлайдиган бу тарихий қарор учун миннатдорчилик билдираман. Бундай жиноятлар ҳеч қачон такрорланмаслиги ва ҳеч қачон унутилмаслиги керак", - деди Кулеба.

Мавзуга оид