Иқтисодиёт | 16:20 / 18.05.2023
33020
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон камбағалликни қисқартиришда ўзига қандай саволлар бериши керак? — Нобел мукофоти лауреатининг тавсиялари

Массачусетс технология институти профессори Абҳижит Банержига кўра, Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш дастурлари қанчалик натижа бераётганини баҳолаш, бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўлларини аниқлаш лозим.

Тошкентда, Камбағалликни қисқартириш иккинчи халқаро форумида Массачусетс технология институти профессори, иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Абҳижит Банержи ҳам иштирок этди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, профессор Ўзбекистонга камбағалликни қисқартиришда қуйидаги 4та тадқиқот йўналишини тавсия қилди.

Биринчиси, ижтимоий ҳимоя дастурларининг самарадорлигини баҳолаш. Бунда, ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағлар тўғри одамларга етиб бориши, керакли эффектни бериши учун нималарни ўзгартириш кераклиги ўрганилади.

Иккинчиси, бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўлларини аниқлаш. Хусусан, турли солиқ имтиёзларига янги тадбиркорларнинг муносабатини ўрганиш. Айниқса, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашда қандай чора-тадбирлар самарали бўлиши мумкинлигини кўриб чиқиш.

Учинчиси, касбий таълимнинг қандай шакллари самарали эканини аниқлаш. Муваффақиятли бандлик натижаларини қўллаб-қувватлаш учун энг тежамкор усуллар қайси? Ишчиларга уларни ўқитишдан ташқари яна қандай ёрдам керак бўлиши мумкин?

Тўртинчиси, мактаб таълимидаги сифат масаласи. Бошланғич ва ўрта таълим натижаларини яхшилаш учун қандай педагогик тадбирлар фойдали бўлиши мумкин? Мактабгача таълим муассасаларига кириш имкониятлари кенгайиб борар экан, болаларни қамраб олишни рағбатлантириш ва сифатни яхшилаш учун яна қандай чоралар кўриш керак?

Мавзуга оид