Жаҳон | 11:34 / 18.05.2023
6904
2 дақиқада ўқилади

Пентагон: Киевдаги Patriot тизими ўз ишини давом эттирмоқда

16 май куни Киевга ракета ҳужуми пайтида Украинага топширилган Patriot зенит-ракета мажмуаси шикастланган, бироқ ўз ишини давом эттирмоқда, деди AFP'га АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили. 

Фото: Getty Images

Унинг қўшимча қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига “тушган снаряд” туфайли етказилган зарар ҳали ҳам ўрганилмоқда. Америка расмийси айнан қандай снаряд эканлигини аниқлаштирмади. 

Аввалроқ, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат AFP'га берган изоҳида Patriot тизими “ишлаётгани” ва у билан “ҳаммаси яхши” эканини таъкидлаган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги Киевдаги Patriot "Кинжал" гипертовушли ракетаси томонидан берилган “юқори аниқликдаги зарба” натижасида йўқ қилинганини маълум қилганди. 

Бунгача Украина Қуролли кучлари Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари кечаси Киевга отилган барча 18 та ракетани, шу жумладан олтита "Кинжал"ни уриб туширгани ҳақида хабар берган эди.

Украина 4 майга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Киев вилоятига ҳужум чоғида Россия қўшинлари томонидан учирилган "Кинжал" гипертовушли ракетасини уриб туширганини расман эълон қилганди. 

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-лейтенант Николай Олешчукнинг сўзларига кўра, ракета Американинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинган. 

Мавзуга оид