Жаҳон | 13:01 / 18.05.2023
5702
2 дақиқада ўқилади

Европа кенгаши Украинанинг Россия агрессиясидан кўрган йўқотишлари реестрини тузяпти

Йўқотишлар реестри келгусида Украинага товон тўлаш бўйича даъволар учун асос бўлади. Европа кенгаши йиғилишида Украина тинчлик формуласи урушни тугатишнинг асосий шарти деб аталди.

Фото: AP

Европа кенгаши Украинага қарши тажовузкор уруши туфайли Россияга босимни кучайтирмоқда. 17 май, чоршанба куни Исландия пойтахти Рейкявик шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Европа Иттифоқи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украинанинг Россия агрессиясидан кўрган йўқотишлари реестрини тузишга келишиб олди. Бу, Германия канцлери Олаф Шольцнинг сўзларига кўра, Россияга қарши компенсация учун даъволарга асос яратади. Тегишли қарорни саммитнинг 46 нафар иштирокчисидан 43 нафари имзолаган.

Reuters таъкидлашича, ушбу қарорга қарамай, молиялаштириш масалалари очиқлигича қолмоқда. "Ҳуқуқий вариантларга келсак, биз музлатилган Россия мулкидан фойдаланишимиз мумкин, бошқа вариантлар кўп эмас", деди Шольц. Унинг сўзларига кўра, урушдан кўрилган улкан зарарни тўлаш масаласи Украинадаги уруш тугаганидан кейин янги дунё тартиби доирасида ҳал этилиши керак.

"Йўқотишлар реестри масаласида гап етказилган зарар учун жавобгарликни таъминлаш ҳақида кетмоқда. Россия ўзи етказган зарарни тўлаши керак", - дея таъкидлади Германия канцлери.

Ўз навбатида, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украина “тинчлик формуласи”ни урушни тугатишнинг асосий шарти деб атади. "Украина иштирокисиз биз Украина бўйича ҳеч нарса қарор қилмаймиз. Шунинг учун мен барчани ушбу "тинчлик формуласини" қўллаб-қувватлашга чақираман", деди у.

Мавзуга оид