Жамият | 17:44 / 18.05.2023
28606
3 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги жанжалли қурилиш бўйича изоҳ берилди. Аҳоли ҳокимлик важлари ҳақиқатга зид эканини айтмоқда

Маҳаллий ҳокимлик белгиланган ҳудудда кўп қаватли бино барпо қилиш учун тегишли барча ташкилотлар билан келишилганлигини билдирган. Аммо аҳоли ушбу қурилиш учун уларнинг розилиги олинмаганлигини айтишмоқда.

17 май куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг 8-мавзесида маҳалла ҳудудини янги қурилишдан ҳимоя қилмоқчи бўлган аҳоли ҳамда қурилиш фирмаси ишчилари ўртасида жанжал келиб чиққани хабар қилинганди. Маҳаллий ҳокимлик жанжалли қурилиш бўйича изоҳ берди.

Ҳокимлик расмий муносабатига кўра, ҳолат туман ҳокимлиги томонидан батафсил ўрганилган.

Мазкур манзилида жойлашган 1,23 гектардан иборат ер майдони “FRANCHISING INVEST” МЧЖга мавжуд автотураргоҳни ўз ҳисобидан бузиш ва ўрнатилган тартибда етказилган зарарларни қоплаш ҳамда аҳолининг розилигини олиш шарти билан кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилган.

Юқоридаги қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2018 йил 2 мартда 311Т-сонли архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган. Ушбу архитектура режалаштириш топшириғига асосан лойиҳа ҳужжатлари “MEMORIAL ARXITEKTURAL PROJECT” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Қурилиш вазирлиги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКнинг Тошкент шаҳар филиали хулосаси ҳам берилган.

Шуни маълум қиламизки, ушбу объектни барпо қилиш учун тегишли барча ташкилотлар билан келишилган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

2023 йилнинг 16 май куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам туманнинг Нурмакон маҳалласидаги 48-, 50-, 49-, 18- ҳамда 17-уйда яшовчи фуқароларнинг мурожаатига шу мазмунда жавоб йўллаган. Унда таъкидланишича, 17-, 19-, 20-уйлар оралиғида жойлашган 1,23 гектар ер майдони “FRANCHISING INVEST” МЧЖга мавжуд автотураргоҳни ўз ҳисобидан бузиш ва ўрнатилган тартибда етказилган зарарларни қоплаш ҳамда аҳолининг розилигини олиш шарти билан кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилган.

Аммо аҳолига кўра, улар норози бўлаётган ҳудуд ҳокимлик ва вазирлик айтгани каби 17-, 19-, 20-уйлар оралиғида эмас, 18-, 48-, 50-уйлар оралиғида жойлашган. 2018-2019 йилларда 17-, 19-, 20-уйлар яқинидан ҳам янги “дом” қурилган ва ўша пайтда бу уйларда яшовчи аҳолидан розилик олинган бўлиши мумкин. Айнан 18-, 48-, 50-уйлар оралиғидаги автотураргоҳ ўрнида қурилиш қилишга эса бу уйларда яшовчилардан розилик олинмаган.

Вазирлик хати ва ҳокимлик муносабатида мазкур ер майдони кўп қаватли бино қуриш учун аҳолининг розилигини олиш шарти билан ажратиб берилгани айтилади. Бироқ тегишли ҳудудда яшовчи аҳоли бунга рози бўлмасликларини таъкидлашмоқда. 

Айни дамда мазкур ҳолат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилган.

Пойтахт ҳокимлиги ҳамда тегишли масъул идоралар биргаликда низо бартараф қилинишига эришмас экан, бу ҳолат жиддий тус олиш эҳтимоли юқори.

Мавзуга оид