Президент сайловини ўтказиш учун 174 млрд сўм ажратилди
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси муддатидан олдинги президент сайловини ўтказиш харажатлари сметасини тасдиқлади – 174,13 миллиард сўм. МСК йиғилишида сметани ишлаб чиқишда бюджет маблағларини тежашга эътибор қаратилгани айтилди. Бу миқдор 2021 йилги сайловлар учун ажратилганидан 41 фоизга кам.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси жума куни бўлиб ўтган йиғилишда 9 июлга белгиланган муддатидан олдинги президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини тасдиқлади.
Йиғилишда сметани тасдиқлашда бюджет маблағларини тежашга эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Умумий харажатлар 174,13 миллиард сўмга баҳоланмоқда, бу йиғилишда таъкидланганидек, 2021 йилда бўлиб ўтган президент сайловини ўтказиш учун ажратилган маблағдан 41 фоизга кам (ўша пайтда 300 миллиард сўм ажратилган эди).
Партияларнинг умумий тадбирларини ўтказиш ва партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори 19,655 миллиард сўм ёки тўрт нафар номзоднинг ҳар бири учун (рўйхатга олинган бешта партиядан иккитаси битта умумий номзод кўрсатяпти) 4,914 миллиард сўм миқдорида тасдиқланди. 2021 йилда ушбу мақсадлар учун 15,4 миллиард сўм ёки беш номзоднинг ҳар бирига 3,097 миллиард сўм ажратилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, харажатларнинг қарийб 82 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этишга сарфланади. Ушбу маблағларнинг 76 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига компенсация тўловлари бўлиши керак, уларнинг асосий қисмини ўқитувчилар, шифокорлар ва фаол фуқаролар ташкил этади, дея таъкидлади МСК.
Мавзуга оид
18:25 / 02.07.2024
“Эрон президентлигига номзодларга аҳоли ишончига кириш учун вақт камлик қилди” — Азим Умидий
09:37 / 11.10.2023
Сайлов кодекси ва 7 та қонунга ўзгартириш киритилади
10:29 / 06.07.2023
Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни якунланди
07:54 / 14.06.2023