Жаҳон | 22:08 / 20.05.2023
8384
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон йўтал сиропидан ўлимлар туфайли фармацевтика сиёсатини ўзгартирмоқчи

Сиёсатнинг ўзгариши натижасида фармацевтика саноати устидан назорат кучайтирилиши мумкин.

Фото: Tom Le Goff/Getty Images

Ҳиндистон йўталга қарши сироплар чет элда болалар ўлимига олиб келганидан сўнг, фармацевтика саноатига нисбатан сиёсатини ўзгартирмоқчи. Бунга бош вазир Нарендра Моди администрация томонидан тайёрланган ҳужжатда ишора қилинади. Унда «муҳим нарсалар эътибордан четда қолгани» ҳақида ёзилган, деб хабар берди Reuters.

15 май куни Ҳайдаробод шаҳрида «Дорилар сифати ва уни таъминлаш чоралари» мавзусида анжуман ўтказилган. Унда Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазири Мансуҳ Мандавиа ва турли назорат идоралари вакиллари иштирок этган.

Қайд этилишича, анжуманда дорилар сифати назорати бўйича «сиёсатга тузатишлар киритиш» муҳокама этилган. Шунингдек, «муҳим нарсалар эътибордан четда қолгани» ҳақида гапирилган. Бироқ, анжуманда йўталга қарши сиропдан заҳарланиш ва болалар ўлими тилга олинмаган.

Нашр манбасига кўра, сиёсатнинг ўзгариши натижасида фармацевтика саноати устидан назорат кучайтирилиши мумкин. Ҳиндистон умумий дори воситалари етказиб берувчи 41 миллиард долларлик фармацевтика саноатига эга.

Кўриб чиқилаётган қадамлардан бири - дори воситаларини, жумладан йўталга қарши сиропларни синовдан ўтказишни кучайтиришдир.

Аввалроқ, Ҳиндистоннинг Дори-дармон стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти (CDSCO) йўталга қарши сиропларни экспорт қилишдан олдин ҳукумат лабораторияларида синаб кўришни таклиф қилган эди.

Ўтган йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сироплари таркибида заҳарли моддалар - диэтиленгликол ва этиленгликолнинг хавфли миқдори борлигини аниқлади. Ушбу сироплар Гамбияда камида 70 боланинг, Ўзбекистонда камида 20 боланинг, шунингдек, Индонезияда ҳам болалар ўлимига сабаб бўлди.

Ҳиндистон ўзи ишлаб чиқарган сироплар ва болалар ўлими ўртасидаги боғлиқликни рад этиб келмоқда.

Шу билан бирга, Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистонга экспорт қилинган йўталга қарши сиропни ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясининг уч ходимини ҳибсга олган ва яна бирини қидирувга берган эди.

Ҳозирча тергов якунлари эълон қилинмади, ҳибсга олинганлар тақдири ҳам номаълум.

Мавзуга оид