Ярим тунда аёли билан машина ичида ўтирган “участкавой”ни пичоқлаб ўлдирган эркак 14,5 йилга қамалди
Судда аёл профилактика инспектори билан тунда учрашганини тан олган, бироқ ушбу ҳаракатини асослаб бера олмаган.
19 май куни жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида 2022 йилнинг 30 ноябрь куни профилактика инспекторининг ўлимига сабабчи бўлган эркакка ҳукм ўқилди.
Фожиа Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида содир бўлгани ҳақида аввал хабар бергандик. 1992 йилда туғилган судланувчи шаръий никоҳида бўлган аёлни кечаси 00:50 лар атрофида ҳудуд профилактика инспектори бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомобилда ўтирган жойида ушлаб олади.
Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тарқатилган расмий хабарларда ҳодиса ички ишлар ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлгани, тезкор чақирув бўйича тумандаги Ғалаба маҳалласига етиб борганда муқаддам судланган 30 яшар эркак ходимнинг ҳаётига тажовуз қилгани айтилганди.
Судланувчи судда ушбу хабарларни рад этиб, воқеа мутлақо бошқача шаклда рўй берганини таъкидлаган.
“Lacetti аёлимнинг маҳалласига кириб кетяпти. Аёлим чиқиб машинага ўтириб кетяпти. Мен [машинада] уларнинг орасидан боряпман ва кузатяпман. Кейин анави болага машинадан туш деб айтдим. У “Сен кимсан?” деб сўради. “Эриман”, деб жавоб бердим.
Бир-биримиз билан сўкишяпмиз, бу гапларни ҳазм қилиб бўлмади. Қоним қайнаб қўлимдаги пичоқ билан унинг сонига битта тиқдим. Бақир-чақир бўлиб кетди. Пичоқни суғуриб олдим-да кетдим.
Интернетда аёли билан уришиб қолибди, шунда хотини “02” қилибди, у [яъни профилактика инспектори назарда тутилмоқда – таҳр.] келибди ва пичоқлаб қўйибди деган ёлғон хабарлар тарқаляпти менга нисбатан. Иккинчи пичоқни мен урмадим. Ҳеч қачон қарсак бир қўлдан чиқмайди. Мен ҳозир у оқ, бу қора ёки унда айб, бунда айб демоқчимасман. Бу кўзини қисибди, у ипини узибди. Мен бу ерда ҳозир ҳақиқий қурбонман”, дея судда кўрсатма берган судланувчи.
2022 йил 1 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ мулозими, полковник Ҳамза Махсумов судланувчининг аёли профилактика инспектори катта лейтенант Н.Бобомуротовга қўнғироқ қилиб, эрим менга тазйиқ ўтказяпти, ўлдираман деб айтяпти деб қўнғироқ қилади. Чақирув бўйича борган ИИБ ходими машинада ўтирган вақтда аёлнинг эри томонидан пичоқланиши натижасида вафот этган.
Бироқ судда судланувчининг аёли бунгача расмий идоралар томонидан берилган ахборотларни инкор қилувчи кўрсатма берди.
“Ўлган одам ўзларини инспекторман деб таништирганлар. Ўша куни формада эмас эдилар. Гаплашиб олайлик дедилар. Аёллигимга қарамай ташқарига чиқдим. “Ҳа, тинчликми?” десам машинага ўтиринг, гаплашиб олайлик деди. Машиналарига чиқиб ўтирдим. Хўжайиним кузатаётганларини кўрмадим.
Бир пайт хўжайиним машинанинг эшигини очиб “Нима бўляпти бу ерда? Тушунмадим” деб сўрадилар. Шунда мен: “Адаси, жим бўлинг, нотўғри тушуняпсиз”, дедим. Урушиб кетишди шунинг орасида. Қонни кўриб қочдим. Шунчаки рашк туфайли ўлдириб қўйдилар”, дейди аёл.
2022 йил 1 декабрда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ижтимоий тармоқларда қотилликка рашк сабаб бўлгани, профилактика инспектори бошқа эркакнинг рафиқаси билан муносабатлари ортидан ҳалок бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалгани ҳақида ҳам сўралган, бироқ ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов буни рад этганди.
Суд томонидан профилактика инспекторининг қотилига айланган 30 яшар эркакка нисбатан 14 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 февраль куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҳам профилактика инспектори бировнинг аёли билан қўлга тушган эди. Мазкур маҳаллада яшовчилар ҳолатни видеога олиб, “участкавой” ва аёлни “самосуд” қилишга уринган. Видеода профилактика инспектори оломон саволларидан қочиб машинасига ўтирганча воқеа жойидан кетиб қолгани кўринади.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов назоратида ўтказилган хизмат текшируви давомида ўзганинг аёлига кўз олайтирган “участкавой” тизимдан қувилганди. Бундан ташқари, Ғаллаорол тумани ИИБнинг 4 нафар раҳбари профилактика инспекторининг фаолияти устидан етарли назорат ўрнатмагани учун жазоланганди.
Худди шунга ўхшаш воқеа 2021 йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент тумани Келес шаҳрида юз берган. Ҳудуд профилактика инспектори И.Ғ. бировнинг аёли билан кечки соат 00:20 лар атрофида ётоқхонада қўлга тушган. Ўз аёли ва бегона эркакни бирга ётоқхонада ушлаб олган эр ИИБ ходимларига мурожаат қилган.
Масъул ходимлар иштирокида профилактика инспектори воқеа жойидан олиб кетилган. Кейинчалик профилактика инспектори ишдан олинган ва оила эса ажрашган. Бир оиланинг ажралишига ва 4 нафар фарзандни тирик етим бўлишига сабабчи бўлган инспектор вазифадан четлаштирилган холос. Бир оиланинг пароканда бўлишига сабаб бўлгани учун унга нисбатан ҳеч қандай жазо тайинланмаган.
Мавзуга оид
21:47 / 15.11.2024
Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
19:02 / 31.10.2024