Ўзбекистон | 14:34 / 22.05.2023
16823
18 дақиқада ўқилади

Покистон атрофидаги геосиёсий ўйинлар ва Имрон Хон — сиёсатшунос билан суҳбат

Покистонда, собиқ бош вазир Имрон Хон коррупцияда гумонланиб ҳибсга олиниши ортидан, йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда. Kun.uz бу мамлакатда бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери сақланиб қолаётган сиёсий беқарорлик сабаблари ҳақида сиёсий фанлар доктори, профессор Актам Жалилов билан суҳбатлашди.

Сўнгги пайтларда Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши фонида мамлакатда йирик намойишлар бўлиб ўтди. Бундан бир йил аввал Покистон парламенти Имрон Хонга нисбатан ишончсизлик вотумини эълон қилиб, муддатидан олдин бош вазир лавозимидан четлатган эли. Орадан бир йил ўтган бўлса-да, сиёсий вазият ҳамон барқарорлашгани йўқ.

Собиқ бош вазир жорий йил 9 май куни ҳибсга олинди. Шундан кейин мамлакатда намойишлар бошланди. 11 майда Имрон Хон суднинг қарори билан озодликка чиқарилди. Лекин намойишчилар бу билан тўхтаб қолмади, чунки собиқ раҳбарга қарши очилган суд иши ҳали ҳам давом этмоқда. Иш хорижий давлат мулозимларидан совғалар олиш ва уларни сотиш билан боғлиқ.

Имрон Хоннинг мамлакат бош вазири лавозимидан озод қилиниши, у 2022 йилнинг 23 февралида, яъни Россиянинг Украинага босқинидан бир кун аввал Москвага сафар қилганидан кўп ўтмай рўй берган эди.

Kun.uz сиёсий фанлар доктори, профессор Актам Жалилов билан Покистон атрофидаги геосиёсий ўйинлар ва “қизил чизиқлар”ни босиб ўтган Имрон Хон ҳақида суҳбатлашди.

— Бугун Покистондаги намойишлар фақатгина собиқ бош вазирнинг ҳибсга олиниши туфайли юз бердими ёки мамлакатдаги ижтимоий вазиятни шу даражага олиб келган бошқа омиллар ҳам мавжудми?

— Бугунги кунда Покистонда юз бераётган сиёсий бўронлар Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ. Албатта, бу жараёнларнинг ўзига хос тарихи мавжуд ва буни мамлакатнинг сиёсий ривожланиши билан ҳам боғлаш мумкин. Биз Покистоннинг бугунги ҳолатига баҳо бериш учун унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳаларига назар ташлашимиз керак. Маълумки, Покистон мустақилликка эришганидан бери маълум бир сиёсий гуруҳлар томонидан бошқариб келинмоқда, бу гуруҳлар ҳарбийлар ҳамда йирик оилалар ҳисобланади. Шунинг учун собиқ бош вазирнинг ҳибсга олиниши ёки ўтган йилнинг апрель ойида унинг ишончсизлик вотуми орқали ҳокимиятдан ағдарилиши, унинг ўрнига яна бир собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси Шаҳбоз Шариф келиши ва 2023 йилнинг кузида ўтказилиши кутилаётган сайловлар билан ҳам боғлиқ.

— Имрон Хоннинг ҳокимият тепасига келишида армиянинг роли катта эканига ишонилади. Агар шундай бўлса, нега ҳарбийлар ёки бошқа ҳукумат вакиллари унинг бошқарувда қолишини қўллаб-қувватламади?

— Биз шу ўринда 2022 йилнинг кузида АҚШ президенти Жо Байденнинг Покистон ҳақида билдирган ядро қуроли билан боғлиқ фикрини эслашимиз керак. Байден Покистонни ядро қуролига эга энг хавфли давлат деб атаган ва бу фикр Покистон раҳбариятининг норозилигига сабаб бўлганди. Лекин кўп ўтмай, АҚШ Давлат департаменти Покистоннинг ядровий дастурини қўллаб-қувватлашини маълум қилади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Покистонда ҳарбийлар мамлакатнинг нафақат ташқи сиёсати, балки ички сиёсати ва иқтисодий тараққиётига ҳам катта таъсир кўрсата оладиган куч ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатда мавжуд бизнес элиталарининг ортида ҳам ҳарбийлар туради. Масалан, ўша ҳарбийлар ўз вақтида ҳарбий-генерал Парвоз Мушаррафни қўллаб-қувватлаган, лекин маълум бир сиёсий инқироз даврида ҳарбийларнинг ўзи Парвоз Мушарраф ўрнига фуқаровий шахсни ҳукумат тепасига олиб келган.

Ҳарбийлар нега Имрон Хонни қўллаб-қувватламади? Баъзи манбаларнинг айтишича, Имрон Хон Ғарб сиёсий доиралари учун қулайроқ номзод бўлган. Лекин юқорида айтилганидек, Россиянинг Украинага босқинидан бир кун аввал у Москвага ташриф буюрган, шунингдек, унинг Хитой билан муносабатлари ҳам жуда илиқ бўлган. Аслини олганда, мен Имрон Хоннинг Россия билан чуқур сиёсий ҳамкорлиги борлиги тўғрисида кенг қамроқли маълумотларга эга эмасман, лекин Покистон ва Хитой ўртасидаги ҳарбий алоқалар етарлича тарихга эга. Шунинг учун Хитойни нафақат Жанубий Осиё, балки бутун дунё бўйича Покистонни қўллаб-қувватловчи энг йирик ҳамкор сифатида эътироф этиш мумкин. Шундан келиб чиқсак, агар бош вазир ҳарбийлар ва умумий Покистон манфаатларига мос равишда фаолият юритса, уни ҳарбийлар қўллаб-қувватлайди, аксинча бўлган тақдирда эса бош вазир ким бўлишидан қатъи назар ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланмайди.

Аслида, 9 май куни ҳибсга олинган Имрон Хоннинг 11 май куни озод қилинишида ҳарбийлар иштирок этмаган, бу жараён иштирокчилари бошқа сиёсий гуруҳлар бўлган.

— Имрон Хоннинг 4 йиллик фаолият траекторияси қандай шаклланди, нега у ўз фаолиятида Россия ва Хитойни мўлжалга олиб ҳаракат қилди?

— 2018 йилда Имрон Хон ҳокимиятга келган пайтда у халққа ҳарбийлар, мусулмонлар лигаси ёки йирик оилалар томонидан ривожлантирилган, қарзлар ва коррупция ботқоғига ботган Покистон ўрнига янги мамлакатни ваъда қилди. Лекин пандемия ва унга қарши бўлган сиёсий кучлар унинг режаларини барбод қилди.

Ҳарбийлар ва эски йирик оилалар, жумладан, Шарифлар оиласи доимий равишда катта кучга эга бўлган ва вақти келганда сиёсий жараёнларда иштирок этган. Маълумотларга кўра, Покистон ҳарбийлари ўзларининг ихтиёридан ташқарида бўлган ҳар қандай иқтисодий лойиҳаларни мутлақо эътироф этмайди. Масалан, Хитойнинг Покистон орқали ўтадиган газ қувурлари лойиҳалари ҳам бошқа трансминтақавий лойиҳалар ҳам ҳарбийлар иштирокида амалга оширилиши талаб қилинади. Агар лойиҳалар ҳарбийлар билан келишилган тарзда амалга оширилмаса, улар мазкур “хатолар”ни тўғрилашга мажбур қилишади.

Маълумки, Покистон – АҚШнинг азалий ҳамкори саналади. Қўшма Штатлар ҳукмрон доиралари ҳар доим Покистонни қўллаб-қувватлаб келади. Ҳатто Покистоннинг ядровий дастурлари ҳам дастлаб АҚШ кўмаги билан бошланган. Қайд этиш керакки, АҚШ ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик негизида ҳарбий алоқалар муҳим роль ўйнайди.

— Биламизки, узоқ вақт давомида АҚШ Жанубий Осиё қурол бозорида катта устунликка эга бўлиб келган, лекин 2020 йилдан бошлаб бу кўрсаткич Хитой фойдасига оғгандек бўлди. Бу ҳолатга Ғарбнинг муносабати қандай? Шаҳбоз Шариф Имрон Хон даврида тузилган мазкур сиёсий келишувларни бекор қила оладими?

— Покистон Ҳиндистоннинг Жанубий Осиёдаги асосий рақиби ҳисобланади. АҚШ эса бир вақтнинг ўзида ҳам Ҳиндистон, ҳам Покистон билан ҳамкорлик қилиш орқали Жанубий Осиё минтақасидаги сиёсий жараёнларни назорат қилиб туради.

Покистон 2015 йилда Исломободда ўтказилган ҳарбий кўргазмада янги ҳарбий қирувчи самолётини намойиш қилди ва бу Хитой-Покистон ҳамкорлигидаги ҳарбий-технологик лойиҳанинг натижаси эди. Бундан ташқари, ҳозирда Хитой ва Покистон ҳарбий иттифоқ остонасида тургани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор. Лекин АҚШ Жанубий Осиёдаги қурол бозорини Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиш орқали аллақачон эгаллаб бўлган ва ҳатто Америка бу бозорда Россия Федерациясини сиқиб чиқаришга ҳам эришди. Аммо ҳозирда Хитой ва Покистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Жанубий Осиёдаги геосиёсий мувозанатни белгилаб беряпти.

Нима учун бу минтақага Хитойнинг қизиқиши жуда юқори? Буни бир нечта йўналишлар орқали тушунтириш мумкин. Биринчи навбатда, Покистон доим ёнида Хитой туришини ва уларнинг ҳарбий алоқалари максимал даражада яхши бўлишини хоҳлайди. Чунки у ўзининг азалий рақиби Ҳиндистонга қарши катта куч билан тура олиши шарт.

АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айрибошлаш кўрсаткичи 150 млрд долларни ташкил қилади. Ўз навбатида, АҚШ Покистондан 2021 йилда 5 млрд долларлик маҳсулот сотиб олган. Бундан келиб чиқадики, Покистон Қўшма Штатларнинг мажбурий дўсти, яъни улар бир-бирларини ёқтирмасликлари мумкин, лекин АҚШ Покистонни Жанубий Осиёда тўлақонли тарзда Хитой ихтиёрига топшириб қўя олмайди, шунингдек, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги адоват аланга олиб кетишига ҳам йўл қўймайди.

— Покистонга сиёсий раҳбар танланишига ташқи кучларнинг таъсири қандай?

— Ҳозирги вазиятда Покистонда ҳарбий нуқтайи назардан аксилхитой ҳукумат бўлиши мумкин эмас, шунингдек, аксилевропа ҳукумати ҳам ҳокимият тепасига кела олмайди. Яъни Покистон Хитой билан жуда яхши ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйган, юқорида таъкидланганидек, ҳатто уларнинг ҳамкорлиги иттифоқ даражасида эътироф этилмоқда. Иқтисодий нуқтайи назардан эса Покистоннинг энг яхши доимий ҳамкори Европадир.

Зулфиқор Али Бҳутто ўз даврида уларнинг дини Ислом, сиёсий тизими демократия, иқтисодиёти эса социализм эканини эълон қилган, лекин Покистонни иқтисодий нуқтайи назардан социализм йўлидан борди, деб айтиш қийин. Чунки улар доим Ғарб билан яхши иқтисодий ҳамкорликка эга бўлган. АҚШ-Покистон муносабатларига қараганда Буюк Британия-Покистон муносабатлари илиқроқ. Масалан, Навоз Шариф 10 йилга қамалган, лекин бир йилдан кейин, уни бемор сифатида қамоқдан олиб чиқиб, Лондонга олиб боришган ва у ўша ерда туриб укасининг ўтган йилги тўнтаришларни содир этишига сабаб бўлган, Британия эса бу жараённи четдан кузатиб турган. Америка ва Покистон ўртасида ҳарбий тусдаги ҳамкорлик мавжуд, албатта. Лекин айни вақтда АҚШ ҳарбий доиралари ва Покистон ҳарбий элиталари ўртасида келишмовчилик мавжуд.

Қандай қилиб, АҚШ билан азалий ҳарбий ҳамкор ҳисобланган Покистон Хитой билан алоқаларни йўлга қўйди, уларнинг ҳамкорлиги қачон бошланди? Хитой ҳамда Покистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик сўнгги 30 йил давомида ривожланди. Америка вазиятни кузатиб турибди, лекин у Покистоннинг ҳарбий саноатига бу даражада чуқур инвестиция кирита олмайди. Бу ҳолат Покистоннинг рельефи билан, яъни унинг ички минтақавий тузилиши билан боғлиқ. Покистон ҳаётида панжобликлар жуда муҳим роль ўйнайди, улар мамлакат аҳолисининг 50 фоизини ташкил қилади; ҳарбийлар ҳам асосан панжобликлар ҳисобланади. Масалан, Навоз Шариф 3 марта бош вазир лавозимига тайинланган, унинг укаси Шаҳбоз Шариф эса 3 марта Панжоб губернатори бўлган. Шунинг учун панжобликлар мамлакатда катта кучга эга бўлишган. Лекин сўнгги 30 йилда ҳарбий бўлишнинг ўзи жуда катта сиёсий куч тақдим қилишни ва ҳарбийлар орасида бошқа минтақа вакиллари кўпайишни бошлади. Бугунги кунда ҳарбийлар орасида бошқа ҳудуд вакиллари орасида ҳам катта сиёсий кучга эга генераллар ва бошқа шахслар пайдо бўлгани сабабли мамлакатдаги сиёсий вазиятни панжобликлар ёки панжоблик бўлган ҳарбий элита вакиллари бошқаради, дейиш мушкул бўлиб қолди.

Америка Покистоннинг ҳарбий ҳамкори саналса-да улар Покистон ҳарбий элитасининг барча талабларини тўлиқ бажармайди, чунки Покистон мустақилликка эришганидан бери АҚШдан доимий равишда ҳарбий, маданий ва таълим соҳалари учун молиявий ёрдам олади. Лекин Америка ҳар доим ҳам Покистон ҳарбийларининг сўзларини тингламайди, ҳатто улар ўртасида антипатия ҳам бор, дейиш мумкин. Бунга мисол сифатида Афғонистонни келтириш мумкин. Бу 2001 йилда бошланган аксилтеррор ҳаракатларида айниқса юзага чиқди. Бундан 10 йиллар олдин Бин Ладен айнан Покистон ҳудудида йўқ қилинди, ўша вақтда АҚШ қуролли кучлари мазкур операцияни Покистон ҳарбий элитасини огоҳлантирмасдан амалга оширган.

Шунингдек, АҚШ “Ал-қоида”нинг 400 дан ортиқ вакилини Покистон ҳудудида қўлга олган ва бунда ҳам уларни огоҳлантирмаган. Чунки Афғонистондан Покистон ҳудудига ўтган жангарилар у ердан бошпана топиши ва кўздан ғойиб бўлиши мумкин эди. Америка эса бу вазиятни доимий равишда кузатиб келган ва улар ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳам мана шундай мавҳум ҳолатга келиб қолган. Лекин айни пайтда Қўшма Штатлар Покистоннинг ўзига мойиллигини доимий сақлаб туришга ҳаракат қилади. Шунинг учун улар ҳозирда шартли равишда ҳамкорлик қилишади, чунки америкаликлар Покистон ҳукумати бошқарувига ким келишидан қатъи назар мамлакат иқтисоди Ғарб учун очиқ бўлишини истайди. Лекин АҚШ Покистонни Хитой билан ҳарбий ҳамкорликдан ажратиб олишига ишониш қийин, чунки уларнинг алоқалари анчагина кучайиб улгурган.

— Ўзи Имрон Хон ҳокимият тепасига қай тарзда келиб қолган?

— Имрон Хон айнан бир сиёсий этник гуруҳ ёки элита вакили бўлгани учун ҳокимият тепасига келгани йўқ. У спортчи бўлган, у халқ учун севимли бир шахс бўлган. Уни мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий муаммолар ҳукумат тепасига олиб келди.

Бугунги кунда мамлакатнинг давлат қарзи 125 млрд долларни ташкил этади, бу сумманинг қарийб 80 фоизини эса ҳукумат ташқи донорлардан олган қарзлар ташкил этган. Бу мамлакатда инсон тараққиёти индекси ўрта даражада, аҳоли сони 220 млндан ортади. Шу сабабдан Покистоннинг таълим, соғлиқни сақлаш ва шунга ўхшаш бошқа соҳалари Ғарб давлатларининг ёрдамига муҳтож. Шунинг учун кузда ўтказилиши кутилаётган сайловларда кимлар қатнашишидан қатъи назар, мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни қҳал қилишга ваъда берган ва буни уддалашига бошқалар ишонган шахс давлат тепасига келиши эҳтимоли юқори.

Имрон Хоннинг ваъдаларини бажара олмаганига унга қарши кучлардан ташқари яна бир сабаб бу – коррупция. Аслида, Имрон Хон табиатан коррупцияга мойил инсон эмас, лекин хорижий амалдорларнинг қимматбаҳо совғаларини сотиш ёки 170 млн долларлик мулкларни қонунийлаштириш каби унга қўйилган айбловлар бўйича ҳамон ўрганишлар кетяпти.

Имрон Хонга нисбатан эълон қилинган ишончсизлик вотумидан кейин минглаб одамлар намойишга чиқишди, эҳтимол уларнинг қайсидир қисми сиёсатчига нисбатан муҳаббати туфайли намойишга қўшилгандир, лекин асосий масала – мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий муаммолар. Уларни ҳал қилиш учун эса консерватив ҳарбийлар ва эски оқсуяк оилалардан ташқари бўлган сиёсий куч ҳокимият тепасига келиши керак.

Юқорида таъкидлаганимдек, қайсидир мамлакатнинг бирор ҳудуди мавҳум бўлса, бу сиёсий иқлимга салбий таъсир кўрсатади. Мисол сифатида дунёда тараққий этаётган бирор мамлакатни олайлик, жумладан, Германия ҳукумати мамлакатдаги бирор ҳудудий бирликни назоратдан ташқарида бўлган ҳудуд сифатида талқин қилмайди. Чунки давлатда норасмий авторитет шахслар, мафиялар ёки радикал гуруҳлар томонидан бошқариладиган ҳудуд мавжуд бўлса, у мамлакатда сиёсий инқироз юзага келиши мумкин. Афсуски, Покистонда мана шундай ҳудудлар ва гуруҳлар мавжуд. Бундай ҳудудларни назорат қилиш ва ижтимоий гуруҳларни тозалаш анча қийин. Покистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳудудлар айнан шулар жумласидан. Бир пайтлар Бҳутто қатл қилинган, ҳатто Имрон Хон ҳам оёғидан яраланган, лекин қандай қилиб, ҳибсга олинган бош вазир 2 кундан кейин озодликка чиқди, чунки у ўз вақтида СМСлар орқали ўзи ва қийноқлар ҳақидаги маълумотларни ўз тарафдорларига етказишни уддалаган.

— Покистон сиёсатига глобал сиёсий кучларнинг таъсири қандай? Хусусан, Бҳуттолар оиласи билан боғлиқ суиқасдда ҳам хорижий манфаатдор давлатларнинг иштироки борлиги тўғрисида қарашлар мавжуд.

— Аслида, Зулфиқор Али Бҳутто қатл қилинаётган вақтда дунёдаги деярли барча йирик мамлакатлар раҳбарлари қатлни тўхтатишни сўраб мурожаат қилишган, жумладан, АҚШ президенти, ҳатто Леонид Брижнев ҳам уларга алоқага чиққани ҳақида маълумотлар бор. Баъзи сиёсий манбаларнинг ёзишича, агар Имрон Хон ҳақида ҳам жамоатчилик вақтида хабар топмаганда, у билан ҳам шундай мудҳиш воқеа содир бўлиши мумкин эди.

Умуман олганда, Покистон – анча мавҳум ва мураккаб ҳудуд, чунки АҚШ уни Жанубий Осиёда бутунлай Хитойнинг ҳарбий ёки иқтисодий ихтиёрига топшириб қўймайди.

— Имрон Хонга нисбатан эълон қилинаётган айбловлар уни келгуси сайловлардаги иштирокини блоклашга қаратилган ҳаракатлар бўлиши мумкинми? Имронхоннинг ҳокимиятга қайтиши қанчалик реаллика яқин?

— Ўзи аслида ҳамма йўл шунга олиб боряпти, яъни Имрон Хоннинг сайловда иштирок этмаслигини таъминлаш учун ҳаракат қилиняпти. Лекин Имрон Хонга қўйилган айбловлар исботланмаса ва у жисмонан соғлом бўлса, унинг сайловда иштирок этиши эҳтимоли жуда юқори бўлади. Лекин менинг фикримча, Покистон тинчликни истаса, уларнинг ягона чораси – коалицион ҳукумат тузиш. Лекин бунга ҳарбий генераллар қарши чиқиши мумкин, шунинг учун уларнинг талаб ва истаклари инобатга олиниши керак.

Покистонда яна бир қизиқ жиҳат бор, бу – ядровий ракеталарга қўйилган номлар. Албатта, ракеталарга исталган ном қўйилиши мумкин, масалан, АҚШда “Томагавк” номли ракеталар бор, шунингдек, Россия ҳарбий ракеталари номларини мисол қилиб келтириш мумкин. Лекин Покистон ядровий ракеталарида “Бобур”, “Ғарнавий”, “Шоҳин” номлари мавжуд, қитъалараро баллистик ракеталарга эса “Темур” номи берилган. Баъзи сиёсий манбалар буни айнан Амир Темур номига қўйилгани тўғрисида ёзмоқда.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Тасвирчилар – Мирвоҳид Мирраҳимов ва Шоҳрузбек Абдурайимов.
Монтажчи – Боймирза Халилов.

Мавзуга оид