Жамият | 22:39 / 24.05.2023
19276
2 дақиқада ўқилади

Фитотерапия қайси касалликларда самарали таъсир қилиши айтилди 

Шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дорилар қайси касалликларга самарали таъсир қилиши ҳақида маълумот берилди. 

Фото: Getty Images

Шифобахш ўсимликлар қадимдан тиббий муолажаларнинг асосий қуроли бўлиб келган. Замонавий тиббиётда ҳам дори препаратларининг 45 фоизи ўсимликлардан ажратиб олинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош нутрициологи Гули Шайхова маълумот берди. 

«Фитотерапияда ҳар бир ўсимлик ўзига хос тарзда оғриқни қолдирувчи, тетиклаштирувчи, тинчлантирувчи, юрак фаолиятини яхшиловчи, гипотензия ва гипертензия, яллиғланишга қарши, балғам кўчирувчи ва терлатувчи каби қатор таъсирларга эга. Айниқса, ошқозон-ичак фаолиятида иштаҳа очиш, овқат ҳазм қилиш ва ич суришда самарали қўлланиб келмоқда. Бундан ташқари, қон кетишини ва ивишини камайтирувчи, бактерияларни ўлдирувчи фитотерапия маҳсулотлари ҳам кенг фойдаланилади», деди Шайхова. 

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда фитотерапиянинг шифобахш хусусиятлари қатор касалликларни даволашда қўл келяпти. Гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, холецистит, колит ва энтероколит, пиелонефрит, нейроциркуляр дистония, невроз ва астения шулар жумласидан. 

«Шифобахш ўсимликлар моддалар алмашинуви ва қон таркибидаги холестерин миқдорини меъёрлаштиради. Ўз навбатида, артериал қон босими бир меъёрда бўлиши, юракда ва бош мияда қон айланиши яхшиланиши, асабларни бўшаштириб, уйқусизликни бартараф этиш ҳам фитотерапиянинг ижобий самараларидандир. Истеъмол қилинадиган кўкатлар ва зираворлар организмга қўшимча қувват беради. Агар фитотерапия ўз ўрнида қўлланса, қўшимча муолажа сифатида ривожланиш хавфи бўлган касалликларни бошланмасдан бартараф этиш мумкин», деди шифокор.

Мавзуга оид