Жаҳон | 19:56 / 24.05.2023
38334
9 дақиқада ўқилади

Украинага мақтов, урушнинг икки сценарийси ва амалга ошмаган «денацификация». Пригожин шов-шувли интервю берди

Путиннинг ошпазига кўра, Россия урушда натижага эришиши учун бир неча йил Шимолий Корея каби яшаши керак. Пригожин афғон урушида «Вагнер» Бахмутда бой берганидан анча кам одам ўлганини айтди.

Фото: AP

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин кремлпараст политтехнолог Константин Долговга интервю берди. Унинг бу интервюси ҳам доимгидек шов-шувли чиқди. Долговнинг сўзларига кўра, Пригожин суҳбат давомида барча «ноқулай саволларга жавоб берган». Қуйида «Вагнер» раҳбарининг асосий гаплари келтирилади.

«Махсус ҳарбий амалиёт» бориши ва мақсади

Биз очиқчасига Украинага кириб, бутун мамлакат бўйлаб миллатчиларни қидирдик. Кейин Киевга бордик, русчасига айтганда, *** қўйдик. Кейин Херсонга бориб ҳам «ўтириб қўйдик». Бундай қарасак, бизнинг ҳаракатларимиз ўхшамаяпти.

«Махсус ҳарбий амалиёт»нинг мақсадларидан бири – Украинани «денацификация» қилиш эди, лекин биз украинларни дунёдаги энг машҳур миллатга айлантирдик. Худди тараққиёт давридаги юнонлар ва римликлар каби.

Кейинги мақсад Украинани «демилитаризация», яъни қуролсизлантириш эди. Энди қаранг: айтайлик, уларда урушдан аввал 500 та танк бор эди, ҳозир 5 мингта бўлди. Урушгача уларда 20 минг одам уруша олган бўлса, ҳозир 400 минг одам жанг қилишни билади. Бу Украинани «демилитаризация» қилдик деганими? Аксинча, биз уларни «милитаризация» қилдик.

Украина армиясига мақтов

Бугун «Вагнер» дунёдаги энг зўр армия. Албатта, маданий жиҳатдан Россия армияси иккинчи эканини айтишим керак. Аммо Украина армияси ҳам эндиликда дунёдаги энг кучли армиялардан бирига айланди. Уларда ташкилотчилик, разведка, тайёргарлик юқори даражада, қурол билан ҳаммаси жойида. Улар совет вақтидаги қуролларда ҳам, НАТО берган қуроллар билан ҳам муваффақиятли ҳаракат қила олмоқда. Улар худди улуғ ватан урушида бўлгани каби битта мақсад сари интилишмоқда.

Россия элитаси вакилларининг фарзандлари ҳақида

Шойгунинг куёви ялло қилиб юрибди, қизи Кронштад қалъасини очмоқда. Сен бу қалъалар ортидан пул топганмисан? Пулингни шу қалъага сарфлайсанми? Ўқ-дорига сарфла ўша пулни, жин урсин. Мудофаа вазирининг қизи шунақа қилиб юрибди. [Куёви] блогер «махсус ҳарбий амалиёт» унга ёқмаслигини ҳам айтиб юрибди.

«Махсус ҳарбий амалиёт»ни биз ўйлаб топганимиз йўқ, лекин масъулиятни бўйнимизга олдик. Қўшнимиз билан урушишга тўғри келяптими, охиригача урушиш керак. Бу ерда эркаклар жанг қилиб ётибди, кимлардир эса ялло қилишни афзал кўрмоқда. Элитанинг баъзи болалари умуман қандай яшаётганини кўрсатмаяпти, баъзилар эса ҳаётидаги ҳашамат билан мақтанишдан уялмаяпти. Улар интернетда кремларини кўрсатаётган бир вақтда бошқа оддий оналар [урушда ўлган] ўғлининг устида йиғлаб ўтирибди.

Бу ишлар 1917 йилдаги каби революция билан тугаши мумкин. Яъни, аввал аскар қўзғалади, кейин унинг яқинлари. Ҳозир ўн минглаб одамлар боласидан айрилган. Балки уларнинг сони юз минглаб кетар. Биз бундан ҳеч қаерга қоча олмаймиз. Ҳаммаси бир куни Варфоломей кечасидаги каби тугайди.

Элита фарзандларининг бундай пишқириб яшаётгани бир куни халқ уларни «санчқида суғуриб олиши» билан тугайди. Россия элитасига маслаҳатим шу: ўзингизни йиғиб олинг, ***лар. Эркатойларингизни урушга юборинг. Уларни дафн қилаётганингизда одамлар энди ҳаммаси адолатдан бўлди, деб айтади.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ҳақида

«Вагнер»да ҳозир ротани бошқара оладиган 6 минг киши бор. Яъни, улар 600 минг аскарни бошқара олади. Бизга мен сўраганим каби 200 минг одам беришганида, фронтни 50-150 км силжитиб, бутун Донбассни олган бўлардик. Биз бутун бошли армиямиз. Нега бизга рухсат беришмади? Интрига сабаб. Қандайдир тузилма кучайиб кетиб, ўз шартларини қўя бошлайди ва кейин Москвага танк билан боради деб ўйлашди.

Россия мудофаа вазирлиги ҳақида

Агар тизим кимнингдир орқасини ўпишга асосланган бўлса, «Вагнер» бундай қилмайди. Асосий муаммо Шойгу ва Герасимовда деб ўйлайман. Бу икки одам президентнинг снаряд борлиги ҳақидаги баёнотидан кейин ҳам бизнинг барча йўлларимизни тўсишди. Ҳозир Мизинцев мудофаа вазири, Суровикин штаб бошлиғи бўлса, бинойи тизим бўлган бўларди. Менинг сиёсий қарашим шунақа: ватанни севаман, Путинга қулоқ соламан, Шойгу истеъфога чиқсин, биз эса урушишда давом этамиз.

Урушдаги воқеалар ривожи ҳақида

Урушнинг давоми ҳақида оптимистик ва пессимистик қараш бор. Менда биринчисига ишонч пастроқ ва у тахминан шундай бўлади: Европа ва Америка қачондир Украинадаги можародан чарчайди, Хитой ҳаммани музокара столига ўтқизади, эгаллаган жойларимиз бизники, эгалламаганимиз бизники эмас, деймиз. Аммо бу сценарий амалга ошиши қийин.

Пессимистик сценарий шундай бўлади: Украинага ракеталар беришади. Улар жангчиларни тайёрлашда давом этмоқда, ҳужумни давом эттиришади ва қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилишади. Балки қарши ҳужум муваффақиятли амалга ошиб, 2014 йилги чегарагача қайтишади. Бу амалга ошиши мумкин бўлган сценарий. Кейин Қримга ҳужум қилишга, кўприкни портлатишга ҳаракат қилишади. Шундай экан, оғир урушга тайёрланиш керак.

Россияни йўқотмаслик учун

Биз ҳозир шундай аҳволдамизки, бутун Россияни йўқотишимиз мумкин. Шу сабабли, мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиш, янги сафарбарлик эълон қилиш, бор имкониятимизни ўқ-дори ишлаб чиқаришга қаратишимиз керак. Пишқириб семиришни бас қилишимиз, йўл ёки бошқа ҳар қандай инфратузилма объектлари қуришни бас қилишимиз, ҳамма нарсани урушга қаратишимиз даркор.

Россия бир неча йил худди Шимолий Корея каби яшаши керак: чегараларни ёпиш, олифталиклни бас қилиб, четда юрган ёшларни қайтариб, меҳнат қилдиришимиз керак. Шунда қандайдир натижага эришиш мумкин.

«Вагнер»нинг Украинадаги йўқотишлари ҳақида

Афғонистонда биз Артёмовскда (Бахмут) йўқотганимиздан камроқ одам ўлган. Менда 30-35 минг одам бор эди. Қамоқхоналардан яна 50 минг одам танлаб олдим. Уларнинг 20 фоизи ўлди. [Маҳбуслар орасида] ўлганлар сони бизга шартнома асосида қабул қилинганлар билан тенг эди. Тахминан яна 20 фоиз одам яраланди.

Алексей Навалний ҳақида

Ура-урачилик одамлар ўзини жинниликка солишига сабаб бўлади. Очиғини айтаман, Навалний ишлатилган *** эди, аммо фойдали одам эди. Масалан, қайсидир корхона раҳбари катта пулни ўмарди, Навалний бу ҳақда гапирса, ўша одам ҳайиқишни бошларди. Энди эса Навалний йўқ – пулларни ўмар ва қоч. Қандайдир тийиб турадиган факторлар бўлиши керак.

Қрим ҳақида

Россия фуқароси сифатида Қримдаги воқеаларни диққат билан кузатганман. Қримни ким озод қилди? Аксенов (ҳозирги Қрим раҳбари), халқ отрядлари, ФСБ ва махсус амалиёт кучлари, ҳа, ўша яшил одамлар. Аммо асосий ишни Аксенов, халқ отрядлари ва ФСБ қилди. Махсус операция кучларини Алексей Геннадевич Дюмин бошқарди. Ўша вақтда Сергей Кужугетович (Шойгу) нима билан машғул бўлганини билмайман.

Қримда бўлганлар билан доимий алоқада эдим. Мен у вақтда ҳеч қандай ҳарбий топшириқни бажармаётгандим. Мендан медиа масаласида ёрдам сўрашди. Менда политтехнологлар ва бошқа мутахассислар бор эди. Яна такрорлайман: асосий ишни Аксенов, ФСБ, махсус операция кучлари ва Дюмин қилди. Табиийки, Путиннинг буйруғи билан. Шойгу эса фақат орден топширилаётганда кўриниш берганди.

Ядро тўқнашуви ҳақида

Биз бу жанжални бошладик. Икки қўшни бор эди ва улар урушиб кетишди. Сен қўшнинг олдига бориб, унинг юзига мушт туширишинг, идишини синдиришинг мумкин. Аммо қўшнинг сени «учта ҳарфга юборса», сен эса болтани олиб унинг башарасига урсанг, бу энди ноодатий ҳолат. Ядро қуроли бу ана шу болта. Қўшнини болта билан қувиш ярамайди. Ҳаммаси ҳаққоний бўлсин, ёки ютиш ёки улар сени ютганини тан олиш керак. Кучли эканингни жанг майдонида исботлашинг керак.

Мавзуга оид