Жамият | 16:28 / 25.05.2023
24931
2 дақиқада ўқилади

Қамашида қўлбола усулда ясалган қуролни сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

16 калибрли ўқотар қурол 19 млн сўм ва 100 долларга баҳоланган.

Қашқадарё вилоят ИИБ тезкор ходимлари ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қамаши туманида яшовчи 32 яшар эркак қўлбола усулда ясаган қуролини 19 млн сўм ва 100 долларга сотаётганда қўлга олинган.

ИИВ Тергов департаментининг хабар беришича, қонунбузар харидорнинг талабига кўра қуролни яшириб қўйган жойини унга айтган. Тезкор гуруҳ томонидан айтилган манзил кўздан кечирилгач, у ердан қўлбола усулда ясалган 16 калибрли ўқотар қурол ва 4 дона патрон топилган.

Қуролни ясаган шахс келишилган пулни олаётган вақтда қўлга олинади.

“Оддий трубалар, тунука-пружинадан ясадим шу нарсани. Отиб кўрсатмасанг бўлмайди дейишди. Ишлайди деганимда: “Отиб кўрсатавер, сендан нима кетди” дейишди. Хўп, деб отиб кўрсатдим.

Харидор икки минг доллар бераман деганди. Телефон қилиб: “Пулни чиқарвордим, одамим Қамашини билмаскан, пулни олиб қол. 19 млн сўм ва 100 доллар берворганман” деб айтди.

Пулни олаётган вақтимда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиндим. Бошимни деворга уриб, қилган ишимдан минг маротаба афсусланиб ўтирибман. Барибир жиноят жазосиз қолмас экан” деган қурол сотувчи “Ўзбекистон24” телеканали томонидан эфирга узатилган видеолавҳада.

Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси Аҳрор Файзиевнинг таъкидлашича, мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 32 яшар эркак эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Аввалроқ Термизда 39 яшар эркак қўлбола усулда тайёрланган ўқотар қурол ва унинг 12 патронини 1 млн 750 минг сўмга сотмоқчи бўлганда ушланганди.

Тошкентда «Стечкин» русумли, 9 мм калибрли жанговар қуролни 1500 долларга сотмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга тушганди.

Мавзуга оид