Спорт | 20:33 / 26.05.2023
32242
4 дақиқада ўқилади

Фақат ғалаба кутилаётган ўйин. Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имконияти қандай?

Фото: ЎФА

27 май, жумадан шанбага ўтар кечаси соат 02:00да ўзбекистонлик футбол мухлисларининг нигоҳи яна Аргентинага қаратилади. Ўзбекистон ва Гватемала ёшлар жамоалари ўртасидаги 3-тур учрашувида Равшан Ҳайдаров шогирдларининг ЖЧ-2023даги кейинги тақдирига ойдинлик киритилади. Дастлабки икки турда ғалабага эриша олмаган ҳамюртларимизни Шимолий Америка қитъаси вакилига қарши тўқнашувда ғалабадан бошқа натижа қаноатлантирмайди. Ё ғалаба, ё уйга.

 Ўйин олдидан 

Равшан Ҳайдаров шогирдлари кичик мундиалнинг 1-турида мезбон Аргентинага аламли тарзда мағлубиятга (1:2) учраган бўлса, 2-турда Янги Зеландияга қарши баҳсда сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб (2:2), гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Гватемала эса икки ўйинда ҳам Янги Зеландия (0:1) ва Аргентинага (0:3) мағлубиятга учради. Натижада, Ўзбекистон 2-турдан кейин 1 очко билан 3-ўринда, гватемалаликлар эса турнирда ҳали гол ҳам киритмаган 3-жамоа бўлиб, гуруҳда сўнгги ўринни банд этиб турибди. 

26 май куни ЖЧ-2023нинг 2-тури якунига етди ва ҳозирча Ўзбекистон ёшлар жамоаси 3-ўринни эгаллаб турган жамоалар орасида энг яхши кўрсаткичга эга 4-жамоа бўлиб, йўлланмага «илиниб» турибди. 

Гуруҳдан чиқиш имконияти қандай? 

Жадвалдан кўриниб турибдики, Гватемала билан баҳсда ҳам очко йўқотилса, гуруҳдан чиқишнинг деярли иложи бўлмайди. Шу боис фақат ғалаба, имконқадар йирикроқ ҳисобидаги ютуқ Равшан Ҳайдаров шогирдларига плей-офф йўлланмасини келтиради. 

Ўзбекистон ёшлар жамоаси 3-турда Гватемалани камида 2та тўп фарқи билан мағлуб этса ва параллель ўйинда Аргентина Янги Зеландиядан устун келса, вакилларимиз нимчоракфиналга 2-ўринни эгаллаб йўлланма олади. Океанияликлар мезбон жамоага мағлуб бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон 1/8 финалга 3-ўрин билан ҳам йўлланма олиши мумкин бўлади. 3-ўринлар орасида энг яхши натижага эга 4 жамоани аниқлашда эса қуйидаги кўрсаткичлар инобатга олинади:

1) тўпланган очколар;

2) тўплар нисбати;

3) киритилган голлар сони;

4) «Ҳалол ўйин» очколари (сариқ ва қизил карточкалар) 

Таркиблар баҳоси 

Transfermarkt порталига кўра, Ўзбекистон ёшлар жамоаси умумий таркиби баҳосига кўра, Гватемала U20 жамоасидан юқорироқ ўринда. ЖЧ-2023нинг 24 жамоаси орасида Гватемала умумий 1,79 миллион евро нарх билан 22-ўринда қайд этилган бўлса, Ўзбекистон 2,15 миллион евро нарх билан 20-ўриндан жой олган. 

Энг қимматбаҳо ўйинчилари борасида эса Ўзбекистон таркибидаги футболчилар нархи баландроқ. 

Ўзбекистон U20 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 футболчиси: 

1. Умарали Раҳмоналиев – 350 минг евро 

2. Аббосбек Файзуллаев – 300 минг евро 

3. Абдуқодир Ҳусанов – 300 минг евро

Гватемала U20 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 футболчиси: 

1. Аркумидез Ордонез – 400 минг евро 

2. Андресон Виллагран – 175 минг евро 

3. Жорже Морено – 175 минг евро.  

Анонс. ЖЧ-2023 U20. 3-тур
27 май (шанба)
Ўзбекистон U20 – Гватемала U20
Сантьяго дель Эстеро, «Estadio Único Madre de Ciudades» стадиони.
Ўйин бошланиш вақти: 02:00
ТВ-трансляция: UzReport TV. 

Мавзуга оид