Жамият | 17:58 / 26.05.2023
64392
3 дақиқада ўқилади

Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизни зўрлаб ўлдирган қотил умрбод қамалди

Ўта хавфли рецидивист деб топилган қотил жазони махсус тартибли колонияда ўтайди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизни ўлдирган шахсга суд ҳукми ўқилди. Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, судланувчи умрбод озодликдан маҳрум қилинди.

У Жиноят кодексининг:

  • 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми;
  • 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 3-қисми «б» банди;
  • 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми;
  • 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми;
  • 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в» банди;
  • 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж», «з», «о» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (Рецидив жиноят) 3-қисми «б» бандига асосан у ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазо махсус тартибли колонияда ўталиши белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 96-моддаси (Жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш) га мувофиқ судланувчига жазони ўташ жойларида алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши даволаш чоралари қўлланиши белгиланди.

Воқеа тарихи

2023 йилнинг 31 январ куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган ва унинг маҳалладоши бўлган А.Т қотилликда гумонланиб қўлга олинганди. Бош прокуратура қизнинг жасадида зўрлик ва қотиллик аломатлари борлигини маълум қилганди.

Гумондор марҳумнинг қўшниси бўлган ва у яшаган уйда устачилик қилгани аниқланган. Қизча қидирилганда у ҳам қўшниларга қўшилиб бирга қидиришган, одамлар қизнинг мурдаси ётган томонга бормоқчи бўлганда, уларни чалғитиб бошқа жойга олиб кетган.

Марҳумнинг онаси унга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўраганди.

Мазкур воқеа жамоатчилик орасида резонансга сабаб бўлган, ижтимоий тармоқларда қотил-педофилга қатъий жазо берилиши, педофилликка мойил шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши ҳақида чақириқлар янграганди.

Мавзуга оид