Ўзбекистон | 10:00 / 28.05.2023
44988
21 дақиқада ўқилади

Ими-жимидаги чеклов, қалтислашган диний вазият ва “ўғирланган” байроқ — ҳафта дайжести

Қайта уйғонган ОВИР хавотири: бошқалар гўдакка ҳам 10 йиллик паспорт бераётган пайтда, бу нимаси? Тошкентда “Украина байроғига ҳужум” операцияси: босқинчиликми ё абсурднинг чўққиси? Савол остидаги диний эркинлик: вазият таҳликали тус оляптими? Ортда қолаётган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ёшларнинг четга чиқиши кимнидир хавотирга соляптими?

Ўзбекистонда ОВИР стикери бекор қилиниб, хорижга чиқиш паспорти берила бошлаганидан 4 йил ўтар-ўтмай, бу паспортнинг амал қилиш муддати бўйича янги чеклов ўрнатилди. Энди 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган фуқароларга хорижга чиқиш паспорти аввалгидек 10 йил эмас, 5 йил муддатга бериляпти.

Энг қизиғи, бу муддат қисқартирилганига салкам бир йил бўлган. Ўтган йили 16 июнда қабул қилинган қарордаги янгиликдан кенг жамоатчилик эндигина хабар топди. Ҳужжат lex.uz сайтига жойланган бўлса ҳам, бу фаолларнинг эътиборидан четда қолган. Давлат органлари эса ўтган давр мобайнида бу ҳақда аҳолини хабардор қилмай келган. Масъуллар қарор юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида фақат паспорт олиш осонлашгани ҳақида гапиришган, муддат қисқаргани ҳақида эса оғиз очишмаган.

Бу хабар фаол жамоатчиликни чўчитиб юборгани бекорга эмас. Вақт нуқтайи назаридан айтганда, расмийлардан бири “қора туш” деб атаган даврдан жуда унчалик ҳам узоқлашиб улгурганимиз йўқ. Кўпчилик ўша даврда атиги 2 йилга берилган чиқиш визаси қанақанги асаббузарлик бўлганини кечагидек яхши эслайди. Қолаверса, бугун ими-жимида ёшларнинг паспортига чеклов киритилиб, эртага навбат катталарникига келмайди, деб ҳеч ким кафолат бермаяпти. Бу шов-шув ортидан бирорта масъул чиқиб, хотиржамликка чақирмади. Хавотирга асос йўқ, демади. Бир йил давомида қанақа сукут сақланган бўлса, бутун ҳафта давомида ҳам худди шундай сукут давом этди.

Бу жимликнинг ўзи яна бошқа саволларни туғдираверади. Очиқликни даъво қилаётган, ёпилмасликни ваъда қилаётган давлатда 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган 3 миллиондан ортиқ фуқаронинг эркинликларига бевосита дахл қиладиган ўзгариш рўй берса-ю, бундан кенг аҳоли хабардор қилинмаса, буни қанақа тушуниш мумкин? Муддатни қисқартиришга бирор объектив сабаб борми ўзи?

Агар, 16 ёшдан 25 ёшгача одамнинг юз қиёфаси анчагина ўзгаради, деган изоҳ айтилса, буни баҳона деб гумон қилиш учун етарли омиллар бор. Агар ҳақиқатан сабаб шу бўлганида, 5 йиллик чеклов ID-карталарга нисбатан ҳам жорий этилган бўларди. Бундан ташқари, жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган қарор лойиҳасида бунақанги банд бўлмаган, яъни янги қоида аҳоли фикри билан келишилмасдан қабул қилинган.

ОВИР бекор қилингунга қадар, Ўзбекистон – фуқаролари чет элга чиқиш учун аввало ўзининг давлатидан виза олиши керак бўлган иккита давлатдан бири эди. Афсуски, бунақа шармандали мақомда Шимолий Корея билан ёнма-ён туришдан қутулдик деб хурсанд бўлишимиз узоққа чўзилмади. Чунки энди Ўзбекистон 16-18 ёшли фуқароларига 5 йиллик паспорт берадиган саноқли мамлакатлардан бирига айланди. Дунёнинг аксарият давлатлари вояга етган фуқароларига бемалол 10 йиллик паспортлар беради. Яқин-яқингача ўзимизда ҳам шундай эди.

Ёки, узоққа бормайлик, Қозоғистон ва Россияда туғилганига ҳатто бир ҳафта бўлган чақалоқларга ҳам хорижга чиқиш учун муддати 10 йиллик паспорт берилади. Боланинг юз қиёфаси тез ўзгариши сабаб ҳужжатни янгилаш заруратига эса ота-онанинг муаммоси деб қаралади. Масалан, бола 2 яшарлигида олинган паспорт у 10 ёшга тўлганида ҳам амал қилаверади, лекин ота-она хорижий давлатга киришида муаммо бўлишини ўйлаб, уни ўз хоҳиши билан янгисига алмаштиради.

Ўзбекистонда эса, фуқароларнинг чет элга эркин чиқиши масаласида, ўтган даврнинг шамоллари эса бошлаганига ишора қилувчи бошқа ҳолатлар ҳам бор. Хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилган айрим фуқароларнинг айтишича, 22–23 ёшгача бўлган ҳар икки жинс вакиллари билан терроризмга қарши кураш бўлими вакили ва маҳалладаги участка инспектори суҳбат ўтказган. Улар ёшлардан чет элга нега чиқаётгани, Ўзбекистонга қачон қайтиши ва бошқа нарсаларни сўраган. Айрим ҳолатларда ҳатто ёшлар билан ишлаш ташкилотидан маълумотнома ҳам сўралгани айтиляпти.

Очиқ-ошкора “ўғриланган” Украина байроғи

Ички ишлар вазирлигига алоқадор, лекин вазирлик изоҳ беролмай ўтирган яна бир баҳсли ҳолат бор. Чоршанба куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Янги Москва” турар жой мажмуасида, 8-қаватдаги хонадонлардан бирининг балконида турган Украина байроғи уй эгасининг розилигисиз, у уйда бўлмаган пайтда олиб ташланди. Интернетда тарқалган суратларга қараганда, расмийлар бунинг учун махсус техника воситаларидан фойдаланган.

Уй эгаси Режеп Латиповнинг журналистларга айтишича, у ҳозир турмуш ўртоғи билан Туркияда таътилда бўлиб турибди. Воқеадан бир неча соат олдин унга туман ички ишлар бўлимидан қўнғироқ бўлган.

“Адашмасам, ўзини жиноят-қидирув бўлимидан Мурод деб таништирди. Шу уй менга тегишли экани ҳақида сўради. Ўзингиз ё рафиқангиз Украина фуқароси эмасми, деган савол берди. Мен йўқ дедим. Кейин балконимда Украина байроғи тургани сабабини суриштирди”, – дейди хонадон эгаси.

Латипов ички ишлар ходими билан суҳбатда байроқ унинг ўзига тегишли хонадон ичида, яъни ўз шахсий мулки ҳудудида турганини айтган. Ходим эса фуқаронинг эътирозларига: “Келсангиз тушунтирамиз, бизда олиб ташлашга топшириқ бор”, дея жавоб берган.

Уй эгасининг айтишича, у Украинада туғилган, лекин ўзи ҳам, рафиқаси ҳам Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшашади. Россия Украинага бостириб киргач, Украинага қўллов рамзи сифатида Киевдаги дўстлари совға қилган байроқни ўтган йили март ойида балконига чиқариб қўйган. “Байроқ шунчаки балконда турган эди, кўчага чиқариб илиб қўйилмаганди”, – дейди у. Режеп Латипов Тошкентга қайтгач, воқеа юзасидан ички ишлар бўлимига арз қилмоқчи.

Бизнингча, мавжуд вазиятга ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий баҳо берилиши керак. Аслида, ҳар икки жиҳат бўйича ҳам кўп гапга ҳожат йўқ, ҳамма ҳаммасини тушуниб турибди. Лекин барибир ОАВ сифатида айтиб ўтмасак бўлмас. Ҳуқуқий томондан, Ўзбекистонда Ўзбекистон байроғидан ташқари бошқа давлатлар байроқларига тааллуқли ҳеч қанақа қонуний чеклов йўқ. Буни ҳар йили 9 май арафасида СССР байроғи ҳилпираб қолаётгани ҳам ҳаммага эслатиб турибди. Шундай экан, юридик нуқтайи назардан, рўй берган ҳолат шахсий мулк дахлсизлигини бузишми, ўғриликми, бостириб киришми ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш – буни нима деб аташни юристларга қўйиб берганимиз маъқул.

Сиёсий томондан эса, ижтимоий тармоқларнинг қатор фойдаланувчилари Россия-Украина уруши фонида рўй берган бу хатти-ҳаракатга қўрқоқлик деб баҳо беряпти. Яна бир сўз билан абсурд деб атаётганлар ҳам бор. Россиянинг сариқ-кўк ранглар уйғунлигини де-факто тақиқловчи қонуни суверен давлат бўлмиш Ўзбекистонда ҳам амал қила бошладими, дея киноя қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу танқидларга расмийлар муносабат билдирмади. Журналистларнинг бу борадаги саволлари жавобсиз қолди.

Экспертизасиз диний материаллар: вазият жиддийлашган

Эркинликлар доираси торайгани диний соҳада ҳам кўзга ташланяпти. Сешанба куни Шайхонтоҳур туман суди собиқ имом Шавкат Ҳасанни 6,6 млн сўм маъмурий жаримага тортди. Унга ижтимоий тармоқларда оилавий тотувлик мавзусига оид видеоматериалларини Диний қўмита рухсатини олмасдан эълон қилиш айби қўйилди.

Маълум бўлишича, ички ишлар ходимлари блогернинг Telegram-каналидаги 6 та видеони танлаб олиб, Дин ишлари бўйича қўмитага экспертизага юборган. Экспертиза хулосасига кўра, видеоларда ақидапарастлик, терроризм, диний адоватга чақирувчи ғоялар йўқ деб топилган, лекин материаллар диний қўмитанинг экспертлик хулосаларини олмасдан чиқарилган.

“Мен шунча йиллик расмий диний фаолиятим давомида бундай экспертиза олиниши кераклигини билмагандим ҳам. Мендан бошқа кўплаб имом домлалар ҳам айнан шу модда бўйича жаримага тортилганини айтишди”, – дейди собиқ имом. Маълумот учун, Шавкат Ҳасан узоқ йиллар Мусулмонлар идораси тизимида расман диний фаолият билан шуғулланган, 2014-2018 йилларда Бўстонлиқ туманида масжид имом-хатиби бўлган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда диний мазмундаги ҳар қандай материални олиб кириш, сақлаш ёки тарқатиш учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг ижобий хулосасини олиш керак. Диний ахборотни экспертизадан ўтказмай тарқатиш 66 млн сўмгача жаримага сабаб бўлади. Бу норма, ҳуқуқий принципларга зид равишда, вақти-вақти билан фақат айрим шахсларга нисбатан ишлатиб турилади. Зотан, бу қонунни ҳаммага бирдек қўллашнинг имкони ҳам йўқ. Агар шундай қилинса, таниқли воизлар ва ҳатто юқори лавозимли диний уламоларнинг диний мазмундаги жонли эфирлари ҳам ноқонуний бўлиб қолади, чунки жонли эфирдаги эркин нутқни олдиндан экспертиза қилиб бўлмайди.

Халқаро ташкилотлар қонундаги бу моддани танқид қилишига бошқа сабаблар ҳам бор. Масалан, диний экспертиза айрим ҳолатларда очиқдан очиқ цензурага ҳам айланиб кетади. Бир неча кун олдин Дин ишлари бўйича қўмита Kun.uz мухбирининг АҚШдаги Ал-Бухорий масжиди ҳақида тайёрлаган кўрсатувидан айрим гапларни кесиб ташлашни “тавсия қилди”.  Ўчириш талаб қилинган гаплар, масалан, Ислом Каримов давридаги қўрқув, Америкада ёшларнинг диний таълим олиши учун яратилган имкониятлар ва умуман диний эркинликлар ҳақида эди.

Шавкат Ҳасаннинг жаримага тортилишига қайтсак. Бир қатор ёш-ёш йигитлар нашида ортидан қамалиши фонида, энди собиқ имом ҳам диний-маърифий кўрсатувлари учун жазога тортилгач, ҳолатга Дин ишлари бўйича қўмита раисининг собиқ ўринбосари, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси собиқ раҳбари, айни пайтда хусусий секторда фаолият юритаётган Нуриймон Абдулҳасан муносабат билдирди. У ўз Telegram-каналида эълон қилган аудиомурожаатда фуқароларни интернет орқали диний материал тарқатмасликка, диний материалларга лайк босишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

“Бугунги кунда экстремистик-террористик ташкилотлар фаолиятининг олдини олиш мақсадида жуда кўплаб чора-тадбирлар белгиланяпти. Шу мақсадда қилиняпти деган яхши гумонда бўламиз, албатта. Шу нуқтайи назардан ҳаммани огоҳлантириб қўймоқчиман. Мана бугун жума куни. Жума кунлари муносабати билан табриклар шунақанги даражага бориб етдики, табриклар видео кўринишида ҳам узатиляпти. Шулардан ҳам чекланишингларни илтимос қиламан. Чунки у видеоларда орқасида қандай нашида кетаётганини билмай қолишимиз мумкин ва у нашидалар, қандайдир бир дуолар бўлса, диний мазмундаги материални тарқатдингиз деб, сизга ҳар қандай айбловни қўйиш имконияти туғилди”, – деди Нуриймон Абдулҳасан.

Россия, АЭС, газ ва ЕОИИ

Россия Ўзбекистонга ўзининг атом электр станциясини тиқиштиришда давом этяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистон рози эмаслигини аниқ айтган бўлса ҳам, уч томонлама газ иттифоқи ҳақидаги гаплар тўхтамаган.

Душанба куни ҳар икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Москвада учрашди. Россия томони учрашув олдидан тарқатган расмий хабарида Ўзбекистондаги биринчи АЭСни қуриш бўйича бош шартнома гўёки “юқори даражада тайёр” эканини иддао қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Kun.uz гаплашган мулозими эса буни рад этди. Исми сир қолиши шарти билан гапирган дипломатик манбага кўра, Бахтиёр Саидов ва Сергей Лавров ўртасидаги учрашувда АЭС масаласи кўриб чиқилмаган.

“Бу масалада ҳозирча ҳеч қандай келишув имзоланмаган, суҳбатда ҳам [АЭС масаласини] фақат Россия томони гап орасида айтиб кетди, холос”, деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Энергетик ҳамкорликда Путин истаётган яна бир йўналиш – табиий газ. Йил бошида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан учтомонлама газ иттифоқи тузиб, бу орқали Ўзбекистон ва Қозоғистондаги газ узатиш тармоқларини қўлга олмоқчи экани маълум бўлганди. Ўзбекистон томони ўша пайтдаёқ Россиядан газ сотиб олинса ҳам, бу олди-сотди шартнома шаклида бўлиши, ҳеч қанақа иттифоқ ёки алянсга рози эмаслигини билдирган. Шунга ўхшаш баёнотлар Қозоғистон томонидан ҳам янграган эди. Шу ҳафта Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин учтомонлама газ иттифоқи масаласи ҳали ҳам кун тартибида эканини айтиб чиқди.

“Ҳозирги вақтда эҳтимолий лойиҳа параметрлари экспертлар даражасида ишлаб чиқилмоқда. Ҳамкорларнинг реал эҳтиёжларини, бўлажак инвестициялар ҳажмини аниқлаштириш зарур”, деди Галузин “РИА Новости”га берган интервюсида.

Россия томонининг бу баёнотлари фонида, Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитида қатнашиш учун шахсан Москвага бормагани эътирборга лойиқ. Россия Ташқи ишлар вазирлиги саммитда Мирзиёев бевосита иштирок этиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди. Лекин якунда Ўзбекистон президенти тадбирда видеоалоқа орқали қатнашди.

Саммит доирасидаги форумлардан бирида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг нутқи кўпчиликнинг эътиборини тортди. У Россия ва Беларус “икки давлат – бир мамлакат” форматида яшаётгани, ҳатто ядро қуроли ҳам иккита давлатга битта эканини айтди. Бу эса, Тўқаевнинг фикрича, ЕОИИ доирасидаги интеграцияда бўлинишни юзага келтиряпти. Россия ва Беларус – битта жамоа, ташкилотнинг қолган аъзолари – Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон эса иккинчи жамоага айланиб қолган.

“Биз бу реаллик билан ҳисоблашишимиз керак: бундай шароитда қандай ишлаймиз. Бу концептуал масала”, – деди Қозоғистон президенти. Экспертларнинг фикрича, Тўқаев бу гаплари билан ЕОИИнинг ҳозирги форматининг келажаги йўқлиги, иттифоқ узоқ яшай олмаслиги ҳақидаги фикрни дипломатик оҳангда билдириб қўйган.

Ҳақиқатан ҳам, Россия ва қисман Беларусга қарши киритилган мисли кўрилмаган даражадаги санкциялар шароитида, улар билан битта иқтисодий иттифоқда бўлиш ёқимли ҳолат эмас. ЕОИИ аъзолари, истайдими-йўқми, борган сари чўкаётган Россия иқтисодиётининг юкини ҳам кўтаришга мажбур бўляпти. Бошқачароқ айтганда, Россиянинг санкциялар остида қолганидан Хитой қанчалик фойда кўраётган бўлса, ЕОИИ давлатлари шунчалик зарар кўряпти. Ана шундай вазиятда Ўзбекистон расмийлари ташкилотга қўшилиш фикридан узил-кесил қайтганми ёки йўқ, буни фақат вақт кўрсатади.

Газ ва электр нархлари “қўйиб юборилади”

Газ масаласида бошқа хабарлар ҳам бор. Маълум бўлишича, Ўзбекистон Хитойга табиий газ етказиб беришни тиклаган. Хитой томони маълумотларига кўра, январ-март ойларида Ўзбекистон бу мамлакатга газ сотмаган, апрел ойида эса 40 млн долларлик газ экспорт қилган. Ўзбекистон Статистика агентлигининг янги ҳисоботига кўра эса, январ-апрел ойларида хорижга 90 млн долларлик газ сотилган. Ўртадаги фарқ Қирғизистон ва Тожикистонга газ экспорти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хориж матбуотидаги хабарларга қараганда, Ўзбекистоннинг газ транзити орқали оладиган даромадлари ўсиши мумкин. Reuters'нинг ёзишича, Хитой Россиянинг “Сибир кучи–2” лойиҳаси ўрнига, Туркманистон газини экспорт қилишга мўлжалланган янги қувурга устунлик беряпти. Туркман гази Россияникидан 30 фоизга қимматроқ бўлса ҳам, расмий Пекин Марказий Осиёдан тортилган газ қувурининг тўртинчи линияси қурилишига яшил чироқ ёқди, дейилади хабарда.

Ички бозорда эса газ ва электр нархларини эркинлаштириш масаласи турибди. Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаевнинг айтишича, ҳукумат нархларни либерралаштириш дастурини сентябргача қабул қилмоқчи. Дастур асосида аҳоли ва бизнес учун тарифлар табақалаштирилади.

“Ўзбекистонда рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш учун асосларни тайёрлаяпмиз. Ҳудудларга электр энергиясини ташиш бўйича хорижий компаниялар ва хорижий тажрибани жалб қиламиз”, – деди у.

Вазир ўринбосари айтаётган ҳуқуқий асослар аслида ўтган йили ишлаб чиқилиши керак эди. 2022 йилги давлат дастурида энергетика бозорининг мустақил регуляторини ташкил этиш, соҳани бозор релсларига ўтказиш учун бир нечта янги қонунларни тайёрлаш кўзда тутилганди. Ижтимоий нормани киритган ҳолда тарифларни табақалаштириш бўйича ҳам бир йил олдин ҳаракатлар бошланган, лекин маълум сабабларга кўра, тўхтаб қолганди.

Азим Аҳмедхўжаевнинг айтишича, вазирлик энергоислоҳот масаласида Озарбойжон тажрибасини ўрганяпти. Шу билан бирга, нархлар ошиши энг камида хонадонлар учун бу йилдан бошланмаслиги мумкин. Март ойида Иқтисодиёт вазирлиги маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва газ тарифлари бу йил оширилмаслиги ҳақида баёнот берганди.

Ўзбекистонга ноодатий ташриф

Ҳафта ўрталарида Сингапур президенти Ҳалима Ёқубнинг ташрифи кўпчиликнинг эътиборини тортди. У Ўзбекистонга Uzbekistan Airways'нинг доимий рейси орқали учиб келган тарихдаги биринчи президентга айланган бўлса ажаб эмас. Умуман, Ҳалима Ёқуб, Марказий Осиёга келган Сингапурнинг биринчи президенти ҳам бўлди.

Ҳалима Ёқуб аввалига Қозоғистонга борди, кейин Астанадан UzAirways'нинг мунтазам рейсида Тошкентга учиб келди. Ташрифнинг иккинчи кунида Тошкентдан Самарқандга “Афросиёб” поездида йўлга чиқди. Сафар қаригач, Uzbekistan Airways'нинг Тошкент–Сеул йўналишидаги доимий рейсида ортга қайтиб кетди. Бу орада кечки овқат учун Тошкентдаги унча қиммат бўлмаган ресторанлардан бирига кирди, турмуш ўртоғи ресторандаги созандалар даврасида доира чалди.

Сингапурдек давлатнинг муслима президенти оддий либосларда, рўмол ўраган ҳолда, ортиқча пардозларсиз самолёт ва поездларнинг одатдаги рейсларида юргани кўплаб ҳамюртларимизнинг эътирофига сазовор бўлди. Қатор нашрлар, хусусан Kun.uz ҳам унинг ҳаёт йўли ҳақида мақолалар эълон қилди. Камбағал оиладан чиққан, 8 ёшида отасидан етим қолган Ҳалима Ёқуб ҳуқуқшунослик бўйича магистрлик дипломини олгач, сиёсатга қадам қўйган, 23 ёшида илк марта маҳаллий депутатликка сайланиб, кейинчалик Сингапур парламентининг илк аёл спикерига айланган.

Бу ўринда, Сингапур парламентар республика экани, давлат бошқаруви бўйича аксарият ваколатлар бош вазирда эканини ҳам таъкидлаш керак. Ҳалима Ёқубнинг Ўзбекистонга келиши Шавкат Мирзиёевнинг шу йил бошида Сингапурга амалга оширган ташрифига жавоб ташрифи бўлди. Ташриф доирасида давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, хавфсизлик, туризм ва бошқа соҳаларга оид 7 та келишув имзоланди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Самарқандда Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими раҳбарларидан дам олиш кунида дам олган учун тушунтириш хати олинди. Гап Пахтачи ва Каттақўрғон туманлари ҳақида кетяпти. Агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи уларни якшанба куни излаб тополмагач, бунинг учун тушунтириш хати ёзишга мажбурлаган. Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғига “қатъий огоҳлантириш” берилганини маълум қилди.

Боғча тарбиячиларининг маошлари мактаб ўқитувчилариники билан тенглаштирилади. Бу тартиб 1 йилдан кейин, 2024 йил 1 июндан бошлаб кучга киради. Расмий хабарга кўра, мактабларда ишловчи педагогларни сертификатлаш йўлга қўйилади. ХТБларнинг мактаблар фаолиятини текшириш ваколати бекор қилиниб, бу ҳуқуқ янги очилган Таълим марказига ўтказилади.

Ўзбекистонлик яна бир йигит Украинадаги урушда ҳалок бўлди. Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Ш.Тожибоев Россияда героин билан қўлга олиниши ортидан қамалган, қамоқхонадан эса урушга олиб кетилган. Марҳумнинг онасига кўра, ўғлининг жасади Ўзбекистонга келтирилган. Эслатиб ўтамиз, урушга борганлар соғ қайтган ҳолатда ҳам, Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилади.

Сўнгги пайтларда рўй берган бир қатор шов-шувли ҳолатлар бўйича суд қарорлари эълон қилинди. Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизни зўрлаб ўлдирган қотил умрбод озодликдан маҳрум этилди. Қўқон давлат педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани ҳолати бўйича институт проректори жаримага тортилди. Тошкентда одамларга автомобил ва уй олиб беришни ваъда қилиб, юзлаб фуқароларни катта миқдордаги пулларга чув туширган «Rayyona Qutlug‘» МЧЖ раҳбарларидан бири 9 йилга қамалди. Унинг жиноий шерикларидан бири чет элга қочиб кетган.

Мавзуга оид