Жаҳон | 13:04 / 29.05.2023
7452
2 дақиқада ўқилади

Politico: Греция - Россияга нисбатан янги санкциялар пакетига қарши

Европа Иттифоқи санкцияларининг янги пакети Москвага жазо чораларини четлаб ўтишга ёрдам берадиган компанияларга мўлжалланган ва бир қанча Греция юридик шахсларига таъсир қилиши мумкин, деб ёзади Politico.

Фото: РИА Новости / Костис Нтантамис

Греция ва Венгрия ЕИнинг Россияга қарши санкциялари 11-пакети қабул қилинишига тўсқинлик қилмоқда ва қатор компанияларни янги чекловлар қўйилиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхатидан олиб ташлашни талаб этмоқда. Бу ҳақда Politico 27 май куни исми сир қолишни истаган бир неча суҳбатдошларига таяниб ёзди.

Уларнинг сўзларига кўра, Афина чеклов чоралари бир неча юнон компанияларига таъсир қилиши мумкинлигидан норози. Европа Иттифоқининг янги санкциялар пакети Россияга жазо чораларини четлаб ўтишга ёрдам берадиган компанияларга қаратилган бўлиб, Украинанинг Коррупцияни олдини олиш миллий агентлиги томонидан тузилган “халқаро уруш ҳомийлари” рўйхатига асосланади. Реестрга денгиз транспортига алоқадор, жумладан, нефт танкерларини ижарага бериш билан шуғулланувчи бир қанча Греция компаниялари киради.

Politico суҳбатдошларининг таъкидлашича, Греция компаниялардан тегишли рўйхатга киритилгунга қадар Москванинг санкцияларни четлаб ўтишга алоқадорлигини исботлашни талаб қиляпти. "Агар санкциялар бузилганлиги ҳақида аниқ далиллар мавжуд бўлса, улар тегишли равишда текширилиши ва кейин чоралар кўрилиши учун техник даражада Европа Иттифоқига аъзо давлатлар эътиборига етказилиши керак", дея маълум қилган Афина бир неча кун аввал Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишида.

Россиянинг махсус ҳарбий операцияси бошланганидан бери Венгрия бир неча бор Россияга қарши санкцияларни танқид қилди ва Европа Иттифоқи томонидан баъзи чеклов чоралари киритилишига йўл қўймасликка уриниб кўрди. Будапешт Венгрия OTP Bank'ининг Украина томонидан май ойи бошида “уруш ҳомийлари” реестрига киритилишини танқиднинг янги сабаби деб атади.

Мавзуга оид