Беқарорлик намунаси – тошбақа тезлигида қурилаётган Нурафшон
Энг кўп ҳоким алмашадиган ҳудуд – Тошкент вилоятининг маъмурий маркази 2017 йилдан бери битай демайди. Бошлаб қўйилган ишлар ҳокимлар алмашиши билан ўзгариб кетаверади. Ўзбекистондаги биринчи ақлли шаҳар бўлиши ваъда қилинган Нурафшон ҳозирча фақат ялтироқ суратлардагина мавжуд холос.
Охирги йилларда республикада қурилиш, ободонлаштириш масаласига катта урғу бериляпти. Бу йўналишга ажратилаётган маблағлардаги ноллар ҳисоби кўзни қамаштиради. Шу билан бирга, айнан шу қурилишлар жойларда ҳокимлар ўзгариши билан лойиҳаларнинг ҳам ўзгариб кетаётганини яққол кўрсатиб қўйяпти.
Айни ҳолатни Тошкент вилоятидаги “Нурафшон сити” тақдирида ҳам кузатиш мумкин.
Янги ҳоким, янги лойиҳа, янги ҳамкорлар
Аввало Нурафшонни ривожлантириш воқеалари хронологияси билан танишсак.
Узоқ йиллар Тўйтепа деб аталган шаҳарнинг номи 2017 йилда Нурафшон деб ўзгартирилди ва вилоятнинг маъмурий марказига айлантирилди. Бу вақтда вилоятга Шукрулло Бобоев ҳокимлик қилаётганди. Шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, Нурафшонда тубдан ўзгаришлар содир бўлиши айтилди. Бу қурилишларга сарфлаш учун жами 2 млрд доллар ажратилди. Бу ерда кореяликлар билан ҳамкорликда смарт шаҳар барпо этилиши ҳақида хабар берилди.
2018 йилда Нурафшоннинг Ўзбекистондаги биринчи “smart сity”, яъни ақлли шаҳар бўлиши маълум қилинди. Бу пайтда ҳоким Ғуломжон Ибрагимов эди.
Аммо 2019 йилда вилоятда ҳокимликка Рустамжон Холматов тайинланди ва лойиҳада ўзгариш бўлди. Энди бу ерда “smart сity” эмас, “Нурафшон сити” қурилиши учун янги лойиҳа имзоланди. Бу лойиҳани Сингапурнинг "Universal Success Enterprises Limited" компанияси амалга ошириши айтилди.
2021 йилга келиб вилоятда яна ҳоким ўзгарди ва шу билан бирга лойиҳа ҳам ўзгарди. Энди бу ерда “Nurafshon business city” концепцияси асосида спорт-соғломлаштириш ва ижтимоий соҳа объектлари барпо қилиниши айтилди.
Вилоят ҳокими вазифасида 9 ойдан ошиқроқ ўтирган Даврон Ҳидоятов ўз ўрнини Зойир Мирзаевга бўшатиб бериши билан инвесторлар ҳам, лойиҳа ҳам янгисига жой бўшатди. Энди сингапурлик ҳамкорлар эмас, яна жанубий кореялик ҳамкорлар билан ишланиши, лойиҳанинг номи Nurafshon-Korea New City бўлиши маълум бўлди. Бу компания ситига 5 млрд долларгача сармоя киритиши айтилди.
Ўзбекистондаги энг йирик янги шаҳарсозлик намунаси қандай аҳволда?
Бу лойиҳа Ўзбекистондаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири бўлиши айтилган. Қурувчилар икки сменалаб ишлаб, бинолар жадал суръатларда қад ростлаётгани, лойиҳанинг амалга оширилиши раҳбарият назоратида экани ва 2025 йилда сити суратлардагидек кўринишда фойдаланишга топширилиши маълум қилинган.
Юқорида соғломлаштириш ва ижтимоий соҳа объектлари қурилади дедик. Булар нималар? Лойиҳага кўра, Нурафшон ситида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари (суд, прокуратура) бинолари қурилиши керак эди. Яна кутубхона, амфитеатр, ёшлар ижод маркази, президент мактаби, банк, солиқ идораси, туризм бошқармаси, поликлиника, кўптармоқли шифохона, ТАТУ филиали, бизнес марказлар ва кўп қаватли турар жой мажмуалари, спорт аренаси, матонатли она Зулфия Зокирова хотирасига бағишланган хотира мажмуаси ва бошқа кўплаб бинолар қурилиши керак эди. Айтиш мумкинки, бу ҳайкал масаласида ҳам чиқарилган қарорлардаги беқарорлик ҳайкал тақдирини мавҳумликка қўйган. Ҳайкал мажмуаси қурилади, қурилмайди, кейин эса қурилиш кечиктирилади, дейилди. Ажратилган жой эса ҳамон ташландиқ ҳолатда ҳувиллаб турибди.
Мана, 2023 йил ҳам яримлаб қолди. Аммо Нурафшонни янгилашга келишиб олиш қанча узоқ чўзилган бўлса, уни ўзгартириш ундан ҳам кўпроққа чўзиладиганга ўхшайди. Рўйхатда айтиб ўтилган биноларнинг аксарияти ҳали қурилмаган. Масалан, ҳозирнинг ўзида фақат вилоят прокуратураси, президент мактаби ва яна айрим биноларни кўриш мумкин холос. Қолганлари эса ҳозирча афсона.
Давлат органларининг бинолари республика бюджети ва Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Бошқа объектларни қуриш – инвесторларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда иштирок этувчи инвесторлар, қурувчи ташкилотлар ва норезидентларга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган.
“Байрамга топширилади”
Шаҳар номи ва вилоят маркази ўзгарганига нақ беш йил бўлди. Айтилган режалар, амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг катта қисми нима сабабдан бажарилмаётгани юзасидан изоҳ сўраб Нурафшон бизнес сити инвестиция ва савдо бўлими билан боғландик. Бўлим бошлиғи Улуғбек Бойназаровнинг сўзларига кўра, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари биноси ва ТАТУ филиали жорий йилнинг мустақиллик байрамига қадар қуриб топширилади. Шунингдек, президент мактаби рўпарасида қурилиши кутилаётган Зулфия Зокирова ҳайкали ҳам ўша вақтга тайёр бўлиши маълум қилинди. Аммо у ерда ҳайкалнинг қурилиш ишларини кўрмадик.
Мутасаддининг айтишича, ҳозир Америка ва Хитой компаниялари билан ҳамкорлик олиб бориляпти.
Эътибор берган бўлсангиз, ҳокимлар ўзгариши билан эски ҳоким давридаги лойиҳа ўзгаришга учраб, янги қарорлар қабул қилинган, ҳамкорлар ҳам ўзгарган. Эслатиб ўтамиз, айнан Тошкент вилояти ҳокимлар алмашиш бўйича етакчи ҳудуд саналади.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Боймирза Халилов
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024