Жаҳон | 21:11 / 01.06.2023
28293
7 дақиқада ўқилади

Белгород областига янги ҳужумлар. Бутун бир шаҳар аҳолисини эвакуация қилишга тайёрланишмоқда

«Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони Белгород областига янги рейд тўғрисида хабар қилди. Област губернатори чегара ҳудудлар «Град» тизимларидан ўққа тутилаётганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлигига кўра, Шебекинога ҳужумнинг олди олинган.

Фото: Видеодан кадр

Украина томонида туриб жанг қилаётган «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони 1 июн тонгида Белгород областига янги рейд тўғрисида баёнот берди. «Россия кўнгиллилар корпуси» томонидан тарқатилган видеода, гуруҳ жангчилари Россия ва Украина чегарасида тургани — ва «тез орада Шебекино атрофида пайдо бўлиши» айтилади. Ўз навбатида, «Россияга озодлик» легиони жангчилари чегара атрофида тургани ва «эркинлик, тинчлик ва хотиржамлик келтириш учун» Россия ичкарисига ҳаракатланмоқчи экани айтилган. Бу видеолар қачон ёзиб олингани аниқ эмас.

Baza «Шебекино» чегара пункти яқинидаги жанглар тўғрисида хабар берди. Нашр маълумотига кўра, чегара пунктига «танклар қўллаб-қувватлови» билан ҳужум қилинган. Чегарачилар ва ҳарбийлар жангга киришгани, «чегарадаги фаол ҳужумлар қайтарилгани» айтилган.

Белгород области оператив штаби «Украина қуролли кучлари чегарадан ёриб ўтгани» ҳақида гап йўқлигини маълум қилди. Бунинг акси бўлган маълумотлар «ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмаслиги» таъкидланди. Шу билан бирга, шу хабарнинг ўзида Шебекино атрофида «мураккаб вазият юзага келгани, отишмалар кетаётгани ва жанг овозлари эшитилаётгани» тан олинган.

Белгород области раҳбари Вячеслав Гладков Шебекино мунтазам равишда зарбага учраётганини маълум қилди. Унинг ўз телеграм-каналида ёзишича, шаҳар «Град» баравар ўт очиш реактив тизимларидан ҳам ўққа тутилган. Губернаторга кўра, зарбалар оқибатида, шаҳардаги ётоқхона биноси ёниб кетган, унга ёндош жойлашган маҳаллий маъмурият биноси ҳам шикастланган. Телеграм-каналларда, Шебекино аҳолисини эвакуация қилаётган автобусга снаряд келиб тушгани ҳақида хабар тарқалди, аммо кейинроқ зарба вақтида унинг ичида ҳеч ким бўлмагани ойдинлашди. Гладков «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легионининг навбатдаги рейдлари, шунингдек, чегарадаги жанглар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмаган.

«Россия кўнгиллилар корпуси» «Ишлаяпмиз. Янгиликларни кузатиб боринг!» ёзуви илова қилинган фотосуратларни эълон қилди. Бу тасвирлар қаерда олинганига аниқлик киритилмаган, фотосуратларда камуфляждаги кишилар ярим вайрона бино ичида турганини кўриш мумкин. «Россияга озодлик» легионига алоқадор бўлган Илья Пономарёв эса «РКК Шебекинодаги шахсий таркиб тўпланган полиция биносига „Град“ зарбалари ёғдиргани» ҳақида хабар қилган. «Афтидан, Путиннинг мурожаатини эшитишмоқчи эди», — дея ёзган Пономарёв. Тахмин қилиш мумкинки, у РФ президентининг «Биринчилар ҳаракати» фестивали иштирокчиларига видеомурожаатини назарда тутган. «Россияга озодлик» легиони, Пономарёвнинг айтишича, россияликларнинг ўқ-дори тўлдирилган «КамАЗ»и ва битта «Тюльпан» русумли миномётини йўқ қилган.

РФ мудофаа вазирлиги Белгород областига «бостириб киришга уриниш барбод қилингани» ҳақида хабар берди. Бу маълумот ҳар кунги брифинг доирасида айтиб ўтилган. РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков «Киев режимининг Белгород области Шебекино шаҳри аҳолисига нисбатан террорчилик акти амалга оширишга бўлган навбатдаги уринишининг олди олингани»ни айтди. Унинг айтишича, интенсив отишмалардан кейин, соат 03:00 да «танклар билан кучайтирилган, иккита мотопиёдалар ротаси» миқдорида бўлган украин тузилмалари Новая Таволжанка аҳоли яшаш пункти ва «Шебекино» халқаро автомобил ўтказиш пункти ўртасидан РФ ҳудудига бостириб киришга уринган. Конашенковнинг сўзларига кўра, «россиялик ҳарбий хизматчиларнинг фидокорона ҳаракатлари» эвазига рақибнинг уч ҳужуми қайтарилган. Вазирлик рақиб жиддий йўқотишларга учраб, чекинганини маълум қилган, Украинанинг чегара ҳудудида ҳужумда иштирок этганлардан 30 нафарга яқин киши ҳалок бўлганини қўшимча қилган.

Бу Белгород областига амалга оширилган биринчи рейд эмас. 22 май куни расмийлар Грайворон шаҳар округи ҳудудига «Украина қуролли кучлари диверсия-разведка гуруҳлари бостириб киргани» тўғрисида хабар берганди. Глотово, Козинка ва Гора-Подол аҳоли яшаш манзилларида жанглар бўлиб ўтганди. Кейинги куни РФ мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар украин «диверсантлари»ни «қуршаб олгани ва яксон қилгани», 70 киши ўлдирилгани ҳақида хабар берди. «Россияга озодлик» ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз жангчилари рейдда иштирок этгани ҳақида эълон қилганди. Бу тузилмалар ўз жангчиларидан фақат икки киши ҳалок бўлиб, ўн икки киши яралангани, россияликлар ўртасида ҳам ҳалок бўлганлар ва яраланганлар борлигини хабар қилган. Рейд иштирокчиларидан бири «Новая газета Европа» нашри билан суҳбатда ноқулай об-ҳаво туфайли рейд белгиланганидан анча кеч бошлангани ва олдинга қўйилган барча мақсадларга эриша олмаганини, янги акциялар ўтказилишини айтганди.

Украина томони Белгород областидаги янги рейд юзасидан расмий муносабат билдирмади. Бунгача Украина томони бир неча бор Россия ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаслиги, фақат ўз ҳудудларини озод этиш учун жанг қилаётганини маълум қилган.

Эвакуация

Белгород области расмийлари Украинанинг Харкив области билан чегарадан беш километр масофада жойлашган Шебекино шаҳри аҳолисини эвакуация қилишга тайёрланмоқда. Россияда чегара ҳудудлар аҳолисини хавфсиз жойларга кўчириш бўйича чақириқлар олдин ҳам янграган, аммо илк бор 40 минг киши яшовчи район маркази аҳолисини эвакуация қилишга қарор қилинди.

Сўнгги кунларда Шебекино шаҳри ва унинг атрофи ўққа тутилиши кучайди. Маҳаллий аҳоли атрофда снарядлар портлаётгани ҳақида хабар берган. Шаҳарда электр ва ичимлик суви таъминотида доимий узилишлар кузатилмоқда. Пайшанба куни ижтимоий тармоқларда шаҳар марказидаги маъмурият биноси ёнидаги ётоқхона ёнаётгани видеоси тарқалди. Кадрларда аланга бутун томни қамраб олгани, атрофда фавқулодда хизматлар ходимлари йўқлигини кўриш мумкин.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков қўшни регионлар расмийлари билан 1200 кишини қабул қилиш бўйича келишувга эришганини хабар қилган. У дастлабки гуруҳдаги бир неча юз киши Калуга областининг Пенза шаҳрига олиб борилишини маълум қилган. Чоршанба куни маҳаллий расмийлар Шебекино аҳолиси Воронеж областига ҳам олиб борилиши ҳақида хабар қилишди.

Пайшанба тонгида Гладков интенсив отишмалар вақтида эвакуация тўхтатиб турилишини хабар қилди, аммо шошилинч кетиши зарур бўлганларга ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди. «Зирҳланган техника сизни олиш учун уйингизга боради», деган губернатор. Кун давомида шаҳарнинг шимолий чеккаларида турган эвакуация автобуслари акс этган видеолар пайдо бўлди.

Мавзуга оид