Ҳиндистондаги энг даҳшатли поезд ҳалокатлари
Сўнгги ўн йилликларда Ҳиндистонда жуда катта қурбонларга олиб келган кўплаб поезд ҳалокатлари юз берган.
2 июнь куни Ҳиндистоннинг Одиша штатида учта поезднинг тўқнашуви оқибатида 300 га яқин инсон ҳалок бўлди, мингга яқини жароҳатланди. Ҳодиса жойида қутқарувчилар ишламоқда, қурбонлар сони янада ошиши мумкин. Жабрланганларга ёрдам бериш учун 110 та тез ёрдам машинаси йўналтирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа тезюрар поезднинг 10-12 та вагони рельсдан чиқиб кетиши туфайли содир бўлган. Вагонлар параллель йўлда кетаётган юк поездига бориб урилган. Кейин улар билан яна бир йўловчи поезди тўқнашган.
Одиша штатида юз берган фожиа Ҳиндистон тарихидаги техноген фалокатларнинг ягонаси эмас. Афсуски, бу мамлакатда темирйўл транспорти билан боғлиқ даҳшатли авариялар мунтазам содир бўлиб туради.
1981 йил июнь. Ҳаддан ташқари тўла йўловчи поездининг еттита вагони циклон пайтида издан чиқиб кетиб, дарёга қулаши оқибатида камида 800 киши ҳалок бўлди.
1988 йил июль. Ҳиндистон жанубидаги Куилон яқинида тезюрар поезд рельсдан чиқиб кетди ва кўлга қулади. Оқибатда камида 106 киши ҳалок бўлди.
1995 йил август. Деҳлидан 200 км узоқликда, Уттар-Прадеш штатида иккита поезднинг тўқнашиши оқибатида камида 350 киши ҳалок бўлди.
1998 йил ноябрь. Панжоб штатида йўловчи ва почта поезди тўқнашиши оқибатида 201 одам ҳалок бўлди ва 230 дан ортиқ киши жароҳат олди.
1999 йил август. Ғарбий Бенгалия штатида иккита поезд тўқнашиб кетди, камида 288 киши ҳалок бўлди, 400 дан ортиғи жароҳатланди.
2005 йил октябрь. Жанубдаги Андхра-Прадеш штатида йўловчи поездининг бир нечта вагонлари рельсдан чиқиб кетди. Камида 77 киши ҳалок бўлди.
2011 йил июль. Фотиҳпурда почта поездининг рельсдан чиқиб кетиши оқибатида 70 га яқин одам ҳалок бўлди ва 300 дан ортиқ киши жароҳат олди.
2016 йил ноябрь. Уттар-Прадеш шимолидаги тезюрар поезднинг рельсдан чиқиб кетиши оқибатида 150 га яқин одам ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши жароҳатланди.
2017 йил январь. Жанубдаги Андхра-Прадеш штатида йўловчи поездининг бир нечта вагонлари рельсдан чиқиб кетиши оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлди.
2018 йил октябрь. Ҳиндистон шимолидаги Амритсар шаҳрида фестиваль мақсадида темирйўлда тўпланган оломонни поезд уриб юборди. Оқибатда камида 59 киши ҳалок бўлди ва 57 киши жароҳатланди.
Мавзуга оид
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
20:00 / 13.11.2024
«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг 35 фоиз акциялари 200 млрд сўмга сотилди
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10 / 13.11.2024