Жамият | 08:44 / 04.06.2023
17388
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Андижонда 7,3 минг долларни ноқонуний айирбошлашга уринган шахслар ушланди

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, департаментнинг Оқдарё туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган М.Т. фуқаро Б.Б.га жами 3,8 минг долларни 43,7 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Андижон вилояти Жалақудуқ туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ж.Ж. ва бошқалар фуқаро М.А.га жами 3,5 минг долларни 40,1 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид