Фронтдаги вазият: Украина қарши ҳужум олдидан Россия кучларини ёйиб юбормоқда
Фронтда аллақачон Белгород йўналиши пайдо бўлган.
Бир ҳафта ичида фронт чизиғида катта ўзгаришлар рўй бермади: Украина қуролли кучлари фақат Бахмут атрофида шаҳар шимоли ва жанубидан ёриб ўтишга қаратилган ҳаракатларини давом эттирмоқда. Фаоллик паст даражада қолаётгани 30 май куни бутун туташув чизиғи бўйлаб кучли ёмғир ёққани билан боғлиқ.
Ташқаридан кўзга кўринарли ўзгаришлар кўзга ташланмаётган бўлса-да, ҳарбий ҳаракатлар театрида ички ўзгаришлар рўй бермоқда: Украина РФ қуролли кучларини ўз захираларини йўналтиришга мажбур қилиш учун янги фронт чизиғи очишга ҳаракат қилмоқда; Украина қуролли кучларининг Бахмут атрофидаги юришлари унчалик муваффақиятли чиқмаётган бўлса-да, «Вагнер» ХҲК фронтни тарк этиши туфайли Россия қўмондонлиги бу ерга захираларни олиб келтиришга мажбур бўлди — жумладан, чегарани қўриқлаши керак бўлган кучлар ҳисобидан.
Россия кучларининг бундай «чўзилиши» — Украина армиясининг катта юришга тайёргарлик жараёнининг бир қисми ҳисобланади, украинлар бу ҳужум учун 20 дан ортиқ зарбдор бригадалар тайёрлашган. Ҳозиргача бу бригадаларнинг бирортаси жангга ташланмади.
Бахмут
Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский рақиб Бахмут ҳудудида «Вагнер» ХҲК кетганидан кейин тактикани ўзгартирганини маълум қилди: энди Украина қуролли кучлари позицияларини штурм қилиш камайган, аммо артиллерия зарбалари кучайган. «Барчаси тинчигандек туюлиши мумкин. Аммо афсуски, бу шунчаки вақтинча жимлик», — деган у. Генералнинг сўзларига кўра, Россия томони «Вагнер» отрядлари мунтазам армия қисмларига алмаштириб бўлинганидан кейин яна ҳужумга ўтиши мумкин.
Май ойи бошида Бахмут фронтининг шимолий ва жанубий қанотларида локал юришларини бошлаган Украина қуролли кучлари сўнгги кунларда Клешчиевка қишлоғи атрофида (РФ қуролли кучларининг Бахмутдан жанубдаги асосий истеҳкоми) ва Бахмут — Краматорск трассаси (шимолий қанот) яқинидаги Зализнянское қишлоғи атрофидаги ўрмонларда бир неча позицияларни озод қилишгагина муваффақ бўлган. Бу ҳудудларда олинган видеолар шуни кўрсатадики, Россия қўшини чиндан ҳам украинлар ҳужумини қайтаришда ўз артиллерияси кучига таянмоқда.
Украина қуролли кучлари РФ қуролли кучлари мудофаасини тезкорлик билан ёриб ўтишга муваффақ бўлмаган бўлса-да, Бахмут атрофидаги ҳужумлар («Вагнер» ХҲКнинг бир неча ўн минг кишилик қўшини олиб кетилиши баробарида) аллақачон муҳим рол ўйнамоқда: Россия қўмондонлиги бу йўналишга захира кучларни олиб келишда давом этмоқда. Хусусан, Бахмутдан шимолда бир неча ҳафтадан буён Шимолий флотнинг 200-мотоўқчилар бригадаси жанг қилмоқда, бу бригада аввал Харкив атрофида бўлган, кейин Белгород области чегарасини қўриқлашга олиб кетилганди.
Белгород области
«Рус кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони жангчилари Украина чегараси орқали Белгород областига ҳужум қилишда давом этмоқда. Катта эҳтимол билан, улар ўз ҳужумларида Украина қуролли кучларига тегишли техника ва артиллериядан, украин ҳарбий раҳбариятига бўйсунувчи (бош разведка бошқармаси) отрядлардан фойдаланмоқда.
Бу ҳужумлар ҳали Белгород областининг қайсидир ҳудуди эгаллаб олинишига олиб келмади. Катта эҳтимол билан, уларнинг бундай мақсади ҳам йўқ: ҳужумлар учун жуда кичик кучлар (бир неча юз киши ва бир неча ўн техникалар) жалб қилинган. Украин қўмондонлигининг вазифаси — РФ қуролли кучлари Суми ва Харкив областларидан олиб чиқилгач (2022 йил март ва сентябр ойларида) музлаб қолган бир неча юз километрлик фронт чизиғини «жонлантириш».
Такрорий ҳужумлар ва артиллерия зарбалари шунга олиб келмоқдаки, Россия қўмондонлигига сиёсий босим ортмоқда: бундай ҳужумларни тўхтатишнинг ягона йўл — яна Украинанинг Суми ва Харкив областлари ҳудудида буфер зоналар ташкил этишдир; бундай буфер зона ташкил этишга фақат чегара орқали янги босқин уюштириш билан эришиш мумкин.
Бу шуни англатадики, РФ қуролли кучлари фронтдан захираларни олиши ва уларни стратегик нуқтайи назардан истиқболсиз бўлган йўналишларга жўнатиши керак. Шу билан бирга, Шарқий ҳарбий округнинг артиллерия, авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари аллақачон чегара ҳудудлардаги жангларда иштирок этмоқда — бу эса Украина қуролли кучлари мазкур ҳарбий округ ҳимоя қилиши керак бўлган Сватове ва Креминна атрофида ҳужумга ўтганида муаммо келтириб чиқариши мумкин.
Мавзуга оид
21:05 / 28.12.2024
Зеленский: Путин Словакия бош вазирига Украинага қарши «иккинчи энергетика фронти» очишни буюрди
09:31 / 28.12.2024
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
08:56 / 28.12.2024
АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
19:14 / 27.12.2024