Иқтисодиёт | 09:29 / 05.06.2023
30107
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказишга келишиб олди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, тадбирга Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Эрон томонидан эса Эрон саноат, конлар ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Саид Маҳдий Ниёзий ҳамраислик қилди

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикаси қайд этилди: сўнгги уч йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Бу йўналишда муносабатларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, томонлар кимё саноати маҳсулотлари, асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари, ипак, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар ўзаро етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини имзолаш, Имтиёзли савдо битимини қабул қилишни жадаллаштириш, иккала давлатнинг ҳудудларида Made in Iran ва Made in Uzbekistan кўргазмаларини ўтказишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, икки томонлама савдодаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.

Инвестициялар соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга кўпайиб, 420 тага етди. Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки мамлакатнинг йирик компанияларини жалб этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар соҳада ўзаро муносабатларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.

Йиғилиш якунлари бўйича музокаралар давомида эришилган барча икки томонлама келишувларни акс эттирган ҳамда Ўзбек-Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган Якуний баённома имзоланди.

Мавзуга оид