Ўзбекистон | 18:24 / 05.06.2023
27808
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик депутат россиялик ҳамкасбига «ўз қонунчилиги билан ишлаш»ни тавсия қилди

«Юксалиш» миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов «Справедливая Россия» партияси раҳбари Сергей Мироновга бошқа мамлакатлар қонунларини танқид қилиш ўрнига, Россия қонунчилиги устида ишлашни маслаҳат берди. Шу тариқа Бекмуродов Мироновнинг Ўзбекистонда хориж армиясига ёлланиш тақиқлангани ҳақидаги танқидига жавоб қайтарди.

Россиянинг «Справедливая Россия» партияси раҳбари Сергей Миронов аввалроқ, ЕОИИ ташкилотига аъзо давлатларнинг рус миллатига мансуб фуқаролари Украинадаги урушга боришни истаса, қонун олдида жавоб бериши мумкинлигига эътироз билдирган эди.

«Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва кузатувчилардир. Агар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган руслар ўз тарихий ватанига ёрдам беришга ва «махсус ҳарбий операция»да иштирок этишга қарор қилса, қамалади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилишни таклиф қиламиз! Агар гап [ЕОИИ ташкилотига] аъзо давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кетаётган бўлса, унда, албатта, жиноий таъқиб бўлиши мумкин эмас», деган эди Миронов.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов россиялик ҳамкасбига аввало ўз қонунчилигини ўрганиб чиқишни тавсия қилди.

«Бизнингча, Миронов бу масалага салбий муносабат билдиргандан кўра, ўз қонунчилиги билан ишлагани маъқул. Чунки, аввало, Россия Федерациясининг ўзида ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик бор. РФ Жиноят Кодексининг 359-моддасида ёлланиш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Ва унда ҳарбий низода иштирок этаётган давлатнинг фуқароси бўлмаган ва бу давлат ҳудудида доимий яшамайдиган шахснинг моддий манфаатдорлик йўлида ҳаракат қилиши ёлланиш деб топилиши белгиланган», деб ёзди Бекмуродов ижтимоий тармоқда.

Депутатнинг эслатишича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати бошқалар билан бирга куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик принципига асосланади.

«Ўзбекистон суверен мамлакат ва биз геосиёсий ва айниқса бошқа давлатлардаги ҳарбий вазиятга қараб қонунчилигимизни мослаштирадиган, бошқалар учун қулай қонунлар қабул қиладиган давлат эмасмиз. Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади», деб ёзди у.

Бекмуродов хориж давлати армиясига ёлланиш оқибатларини назарда тутувчи қонунчилик меъёрларини ҳам эслатди.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 154-моддасида ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланганлик учун жиноий жавобгарликка тегишли норма 1994 йилда қабул қилинган. Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 154-1-модда эса 2003 йилда киритилган», деб ёзди у.

Шу билан бирга, депутат Ўзбекистон ЕОИИ аъзоси эмаслигини ҳам эслатди.

«Мироновнинг ЕОИИга аъзо эмаслигимизни билмаслиги ҳақида гапирмадик», деб ёзди у.

Мавзуга оид