Ўзбекистон | 17:55 / 07.06.2023
12592
5 дақиқада ўқилади

“Финишга яқинлашиш вақти келди” — Кристалина Георгиева ЖСТга аъзоликни тезлаштиришга чақирди

ХВЖ раҳбари президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметовнинг Ўзбекистон учун 3та муҳим йўналиш ҳақидаги саволига жавоб бераркан, тадбиркорларга кўпроқ имконият бериш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш кераклигини айтди. “Финиш чизиғига яқинлашиш вақти келган”, – деди у.

Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева 7 июн куни Ўзбекистон Марказий банкида талабалар билан учрашди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов иштирокида ўтган учрашувга президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметов модераторлик қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда Тимур Ишметов ХВЖ раҳбарига ислоҳотларнинг йўналишлари ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

“Сиз биринчи ўринда кучли ислоҳотларни давом эттириш муҳим эканини айтдингиз. Биз Халқаро валюта жамғармаси билан мулоқот қилганимизда жуда кўп бора ислоҳотлар изидан бориш устувор вазифа экани таъкидланади, биз бунинг аҳамиятини ҳам сизлардан, ҳам ўз хатоларимиздан ўрганмоқдамиз. Ҳозирга келиб шуни тушуниб етдикки, ислоҳотларнинг барини бирданига эмас, балки босқичма-босқич, муайян даврларга бўлиб амалга ошириш керак экан. Шундан келиб чиқиб, иккинчи саволимни сўрамоқчиман: ўтган йиллар давомида Ўзбекистон кўзга кўринадиган муваффақиятларга эришди. Бундан кейинги даврда ислоҳотларни давом эттириш ва ютуқларга эришиш учун сизнингча қайси учта йўналишга эътибор қаратишимиз лозим?” – дея сўради Ишметов.

Кристалина Георгиева бунга жавобан тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш кераклигини айтди.

“Иқтисодиётда давлатнинг роли ҳамон салмоқли. Мен давлат бу борада батамом четга чиқсин демайман, аммо шундай соҳалар борки, уларда давлатдан кўра тадбиркорлар яхшироқ имкониятга эга, уларга давлат эгалик қилиши бу соҳалардан тадбиркорларнинг орқага чекинишига сабаб бўляпти. Ишонаманки, бу ерда ўтирганлар орасида ҳам бундай имкониятдан унумли фойдалана оладиганлар етарлича”, – деди у.

ХВЖ раҳбари иккинчи йўналиш ЖСТга аъзоликни тезлаштириш эканини айтди.

“Иккинчидан, сизлар ҳозирда Жаҳон савдо ташкилоти аъзосига айланишга астойдил киришгансиз. Бу Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам жуда муҳим. Чунки сиз жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни хоҳлайсиз. Рақобатбардош муҳитда бўлиш сиз учун ниҳоятда фойдали бўлади. Менимча, финиш чизиғига яқинлашиш пайти келган”, – деди у.

Георгиева хоним тилга олган учинчи йўналиш – тез ўзгараётган ҳозирги даврда одамларнинг хоҳиш-истаклари, иқтисодиётнинг беқарорлиги ва иқлим билан боғлиқ муаммолар натижасида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни инобатга олган ҳолда, мослашувчан бўлишдир.

“Бугунги ёки кечаги соҳаларга эътибор қаратиш ўрнига, келажак соҳаларини ривожлантиришга эътиборли бўлиш, бу борада бошқа мамлакатлар орасида ўз ўрнингизга эга бўлишингиз зарур. Биз президент билан мулоқот чоғида ҳам бу ва бошқа масалалар ҳақида фикр алмашдик.

Мамлакатингизда йилнинг 320 куни қуёшли бўлади. Бу имконият дегани; ҳар бир шифтда қуёш панеллари бўлиши керак, аммо уларни ҳамон кўрмаяпмиз.

Рақамли иқтисодиёт жудаям тез ўсяпти. Сизнинг бу соҳада ва унга яқин бошқа йўналишларда биз ҳали билмайдиган имкониятларингиз бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, юртингизда инновацион муҳитни яратишга, компаниялар ва индивидуал шахсларнинг қўрқмасдан таваккал қилиб янгиликлар қилишига йўл очишингиз керак. Агар сиз буни уддаласангиз, агар ҳали ҳеч ким кирмаган соҳаларда янгилик қила олсангиз, бу жуда катта ютуқ бўлади.

Албатта, бу осон бўлмайди, қоқилишлар, йўқотишлар бўлиши мумкин, лекин “биз буни уддалаймиз” деган иштиёқ бўлишининг ўзи жуда муҳим натижа. Шундай экан, ҳали амалга оширилмаган ишларга қўл уришга ҳаракат қилиш керак. Бу ерда бунга иқтидори етадиган инсонлар ўтирганига шубҳа қилмайман”, – деди Кристалина Георгиева.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев бир нечта нутқларида Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича асосий музокараларни 2023 йил охиригача якунига етказишини айтган.

Мавзуга оид