Ўзбекистон | 15:00 / 07.06.2023
24901
3 дақиқада ўқилади

“Номи бор-у, сўзи йўқ ташкилотлар” — Омбудсман ва Миллий марказ нега жим?

Ички ишлар органларида тергов қилинаётган кетма-кет икки фуқаронинг вафот этиши ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўляпти, ОАВ томонидан ҳам кенг ёритиляпти. Лекин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиляпман деб бюджетдан миллиардлар оладиган икки ташкилот – Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ оғзига толқон солиб олган.

Коллаж: Kun.uz

29 май куни ўзини Чилонзор туман ИИБ биноси 4-қаватидан ташлаб юборгани айтилаётган 21 ёшли йигит вафот этди. 4 июн куни эса Бўка тумани ИИБ тезкор ходимлари 36 ёшли йигитни қийнаб ўлдиришгани маълум бўлди. Расмийлар Чилонзор ИИБда вафот этган йигитнинг ўзини айблаётган бўлса, Бўка туманидаги фожиада тезкор ходимларнинг қўли борлиги тан олинди.

Бу икки ҳодиса сўнгги кунларда ижтимоий тармоқнинг ўзбекзабон сегментида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, ОАВ томонидан ҳам кенг ёритилмоқда. Лекин, ўзларини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари “ҳимоячи”си ҳисоблайдиган икки йирик ташкилот худди бундай фожиалар фонида лом-мим деётгани йўқ.

Буларнинг биринчиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман. 2021 йилдан бу лавозимда Феруза Эшматова фаолият юритмоқда. Аслида тузилишидан моҳияти ва фалсафаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқларнинг олдини олишга кўмаклашиш бўлган ташкилотнинг вазифаси қонунда ҳам белгилаб қўйилган.

Яъни Омбудсман, унга кимдир шикоят қилмаса ҳам “инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда … ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир”.

Ундан ташқари, Омбудсманда журналистларнинг “доступи” бўлмаган жойларга, мансабдорларнинг олдига навбатсиз кириш, фактларни текшириш ҳуқуқлари бор. Феруза Эшматова жамиятда катта резонанс уйғотган бундай фожиаларга муносабат билдирмагани ажабланарли. Омбудсман бу икки фожиа ҳақида эшитмай қолган бўлиши эса, шунчаки фожиа.

Жамиятда борлиги деярли билинмайдиган яна бир ташкилот – Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари саналувчи Акмал Саидов – раҳбари вазирга тенглаштирилган бу ташкилотнинг директори.

Марказнинг асосий вазифалари қаторига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳада Ўзбекистон олган халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органларига кўмаклашиш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш каби функциялар киради.

Бундан ташқари, марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш ваколатига ҳам эга.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда Омбудсман матбуот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова ташкилот бу масала юзасидан муносабат билдиришини маълум қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ матбуот хизмати эса қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Маълумот учун, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманга 2023 йилда давлат бюджетидан 16,4 млрд сўм ажратилган, Миллий марказга эса 13,4 млрд сўм.

Бундан ташқари, миллий марказ директорининг ўринбосарлари ҳам вазир ёрдамчиси даражасида бўлиб, ташкилот ўз хизмат машиналарига ҳам эга.

Мавзуга оид