Жаҳон | 21:44 / 07.06.2023
31953
14 дақиқада ўқилади

Ўзи ўпирилдими ёки атайлаб бузишди? — Каховка тўғонига нима бўлди

Каховка ГЭСи тўғони ёрилиши жиддий ҳуманитар оқибатларга олиб келади, Украина иқтисодиётига салбий таъсир ўтказади ва урушнинг боришида ҳам ўз аксини топиш эҳтимоли бор. Айни пайтда Украина тўғонни бузишда Россияни айбламоқда, Россия бунга қарши айбловларни илгари сурмоқда, экспертлар эса ўпирилиш Херсон областида ёзда ва кузда бўлиб ўтган жанглар оқибати ўлароқ рўй берган бўлиши мумкинлиги борасида баҳслашишмоқда.

Каховка ГЭСи тўғони 6 июн куни ёрилиб кетди. Фото: Anadolu

Украина ҳукумати таъкидига кўра, Каховка ГЭС иншоотларини портлатиш тунги соат 3 ларда, катта эҳтимол билан РФ қуролли кучлари 205-мотоўқчи бригадаси ҳарбийлари томонидан амалга оширилган. Украина разведкаси маълумотларига кўра, тўғон ва ундан ўтувчи автойўлни миналаштиришларини россияликлар ўтган йилнинг баҳорида станцияни эгаллашган заҳоти амалга оширишган, деб ёзади BBC.

Кремл барча айбловларни рад этмоқда ва гоҳ ГЭСга Украина томони ракета ҳужум уюштиргани, гоҳ «қўпорувчилик» оқибатида портлатилганини таъкидламоқда. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков буни қўпорувчилик ҳаракати дея атаб, мақсадлар ичида «Қримни сувдан қуруқ қолдириш» бўлганини таъкидлаган.

Қандайдир мустақил суриштирувлар натижасидан умид қилмаса ҳам бўлади, тўғон Россия қўшинлари назорати остида, украиналик терговчилар ва техник мутахассислар унинг қолдиқларини текшира олишмайди.

Тўғон ўпирилишидан бир неча кун аввал, 31 май куни Россия ҳукумати негадир Украина билан уруш давомида оккупация қилинган ҳудудларда «ҳарбий ҳаракатлар, қўпорувчилик ва террорчилик актлари натижасида содир этилган» гидротехник иншоотларда аварияларни техник суриштиришни тўхтатиб турувчи қарор қабул қилган.

Каховка тўғони ўпирилиши хавфи ҳақида Херсон областида қизғин уруш борган 2022 йилнинг кузидан буён кўп гапириб келинади. Ўшанда ҳар икки тараф Украинанинг қарши ҳужумига тайёрланганди — Россия армияси тўғон устидан кўприк орқали Херсондаги гуруҳини ўқ-дорилар билан таъминлашга уринар, Украина ҚК эса бунга фаол равишда тўсқинлик қиларди. Бироқ, тўғон кўплаб ўқ ёмғирларига туриб берганди. Энди, кўплаб белгиларга кўра, Украина яна қарши ҳужумни бошламоқда. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда энг биринчи бўлиб тўғон атайлаб портлатиб юборилгани ҳақидаги версия пайдо бўлди.

Россия ҳарбийлари Каховка ГЭСида. Улар станцияни босқиннинг дастлабки кунлари, 2022 йилнинг февралида эгаллаб олишган эди. Фото: EPA

Нима бўлганда ҳам тўғоннинг ўпирилиш сабаблари ҳозирча аниқ эмас. Воқеа рўй берганидан бир неча соат ўтиб, иккита асосий версия пайдо бўлди: ўпирилиш жанглар давомида етказилган зиёнлар туфайли рўй берганми ёки у атайлаб бузиб ташланган?

Дамба ёки тўғон?

Дамба ва тўғоннинг фарқи – уларнинг нима учун мўлжалланганида. Дамбалар сув оқимини чеклаш учун ўрнатилади, масалан, бирор ҳудудни сув тошқинларидан асраш учун. Дамбалар баъзан сув оқимини бўлиш ёки дарё ўзанини чеклаш учун ўрнатилади.

Тўғонлар эса сув сатҳини кўтариш – сув омборлари ёки гидроэлектр станциялар барпо этиш учун қурилади. Дамбалар худди тўғон сингари турли материаллар – грунт, бетон, шағал ёки тошлардан кўтарилади. Тўғон ёғочдан ҳам барпо этилиши мумкин. Каховка ГЭС гидротехник иншооти сув сатҳини тартибга солиш учун ишлатилгани туфайли тўғон деб аталади. Станция таркибида тупроқдан ясалган кўтарма ва бетондан ясалган сув ташловчи тўғон бор.

Каховка ГЭСи ўнг қирғоққа яқин жойлашган кўтарма тўғон ва 28 та сув ташловчи тиқинларга эга бетон тўғондан иборат. Уларнинг устида металл тиқинларни кўтариб туширувчи минорали кран юриши учун релс ётқизилган. Бундан ташқари, машина залига эга ГЭС ва кемаларни кўтариб туширувчи шлюз ҳам бор.

Сунъий йўлдош ва дронлар орқали олинган суратларга кўра, тўғоннинг ўпирилиши машина залига яқинроқ жойда — йўл ГЭС биносини айланиб ўтиш учун бурила бошлаган учинчи тиқин ҳудудида рўй берган.

Кўприкка етказилган зиён

Россиялик ҳарбийлар Каховка ГЭСи дамбасини босқин бошланган 24 феврал куниёқ эгаллаб олишган. Кузга келиб, Украина Херсон областида қарши ҳужум бошлагач, дамба хавф зонасида қолган эди — у орқали Херсон шаҳрида ва Днипро дарёсининг ўнг соҳилида бўлиб турган рус ҳарбий гуруҳларига ўқ-дори, ёнилғи, озиқ-овқат ва ёрдамчи кучлар етказилган.

Антонов кўпригидаги автойўл ва темирйўл каби Каховка ГЭСи тўғони устидаги кўприкка ҳам ўт очиб турилади. 13 август куни Украина ҚК кўприк ишдан чиқарилганини эълон қилди. Унга ракета артиллерия зарбалари берилганди.

Кўприк «ишдан чиқарилиши» унинг вайрон бўлганини англатмасди, шунчаки, ундан оғир техника олиб ўтиш имконсиз бўлиб қолганди. Бу ҳол тўғонга зарар етказилганини ҳам билдирмасди — у кўприк остида жойлашган бўлиб, зиён кўрмаган бўлиши ҳам мумкин эди.

Херсон портининг сув остида қолган қисми. Фото: Getty Images

Ушбу зарбадан сўнг пайдо бўлган видеотасвирларда кўринишича, у кўприкнинг 2023 йил 6 июн куни рўй берган ўпирилишдан узоқдаги шлюзи устидаги қисмига тўғри келганини кўриш мумкин.

Россия қўшинлари Днипронинг ўнг соҳилидан чекина бошлаганда, 11 ноябр куни улар кўприкнинг тупроқли кўтармага ёндош қисмини портлатиб юборишади. Портлаш онини ГЭС биносида жойлашган видеокамера тасвирга олган. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларга қаралса, кўприкнинг бу қисми ҳам тўғон ёрилган жойдан узоқда эканига амин бўлиш мумкин.

28 май куни сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратда тўғон ёрилган жойдаги йўлга зиён етказилганини кўриш мумкин. Бу ерда йўл бурила бошлайди ва ўша куниёқ сув фаол равишда отилиб чиқа бошлаган тиқинлардан бироз наридан ўтган.

Дамбалар нега вайрон бўлади?

Ўз номини ошкор этишни истамаган гидротехник иншоотлар соҳаси бўйича эксперт BBC’га тўғонларнинг ўпирилиши сув ҳаддан зиёд тўпланиб, тўғон устидан ошиб тушишда ёки унга зиён етказилганда пайдо бўлувчи «проран»лар (ёриқ ёки туйнуклар) туфайли содир бўлиши мумкинлигини айтди.

«Умуман олганда, у ерда тўғоннинг бутунлигига рахна солувчи нимадир содир бўлган. Гап шундаки, ҳар қандай тўғон ювилиб туради. Тўғон сиртида қандайдир нуқсон пайдо бўлиши билан, уни сув билан ювилишдан асраш керак. Майли, у сал-пал намланиб турар, лекин ўша жойни сув ювиб ўтиши ҳамоно проран ҳосил бўлади. Проранда сув босими ҳисобига зиён катталашаверади. Сув пўлатми, бетонми — фарқи йўқ, уни емириб бораверади. У жойда шундай зўриқишлар пайдо бўладики, проран кенгайиб бораверади. Яъни, проран пайдо бўлдими, тамом, ҳар қандай тўғон емирилади, у хоҳ гравитацион бўлсин, хоҳ қозиқли бўлсин, хоҳ аркали бўлсин, тупроқли ё бетонли бўлсин. Униси аҳамиятсиз», — деган мутахассис.

Мутахассисга кўра, тўғонлар жуда тез вайрон бўлади: «Агар у тупроқдан кўтарма шаклида қилинган тўғон бўлса, унинг узунлиги бир километрми, икки километрми, фарқи йўқ — бир неча метр проран ҳосил бўлса, тўғон 15–30 дақиқа ичида ювилиб кетади. Бетон ва гравитацион тўғонлар бир-бир ярим баробар узоқроқ вақтда вайрон бўлади».

Унинг сўзлари россиялик математиклар гуруҳининг «Юмшоқ асосга ўрнатилган бетон тўғонларнинг бузилиши. Кўпсекцияли тўғонларнинг асосидаги проран ривожланишининг сонли модели» илмий иши билан ҳам тасдиқланади. Унда ёзилишича, тўғоннинг вайрон бўлиши босқичларидан бири — теракт, зилзила, тўғон асослари ва деворларининг эскириши натижасида «плотина асосида нуқсон — бошланғич проран ҳосил бўлиши»дир.

Тўғоннинг 28 май куни сунъий йўлдошдан туширилган сурати. ГЭС биноси олдидаги кўприк қисми ҳали қулаб тушмаган. Фото: Maxar

Эксперт шунингдек, Каховка сув омборидаги сув сатҳи феврал ойидагига нисбатан жуда юқори даражада бўлганига эътибор қаратган: «Февралдан сўнг сув омборини тўлдириш билан машғул бўлишган. Каховка сув омборидаги сув сатҳини Россия назорат қилади. Тўғоннинг ўпирилиши сув омбори тўлдирилиши энг максимал, ўртача йиллик сатҳдан юқорироқ даражада бўлганида рўй бермоқда. Сув омборини максимал даражагача тўлдиришган».

Буни нима учун қилишганини айтиш қийин — тўғон Россия назорати остида, фронт чизиғи ҳам сув омбори орқали ўтади, шу сабабли Россия томони сув сатҳини кузатган ёки йўқлигини аниқ айтиш қийин.

Назарий жиҳатдан сув сатҳини сув ташловчи тиқинларни кўтариб, назорат қилиш мумкин. Тўғон устидаги иккита кўк рангли объектлар шу иш билан шуғулланувчи кранлар. Тўғонда жами 28 та тиқин бор. Улардан учтаси россияликлар уюштирган портлаш туфайли зарарланган бўлиши мумкин, лекин яна 25 таси бор эди.

5 июн куни сунъий йўлдош орқали туширилган фотосуратлардан кўриниб турибдики, ёрилиш нуқтасидаги учта тиқиннинг ташқи кўриниши бошқаларидан фарқланиб турибди: улар кўтарилган. Эҳтимол, улар сувнинг кучли оқимини тўсиш учун юқорига силжитилган бўлиши мумкин. Бу ҳолда нега бошқалари кўтариб қўйилмагани номаълум.

Тўғоннинг 5 июн куни сунъий йўлдошдан туширилган сурати. Фото: Maxar
Юқоридаги суратнинг катталаштирилгани. Бу ерда учта тиқин бошқаларидан фарқ қилиши, улар кўтариб қўйилган бўлиши мумкинлигини кўриш мумкин. Фото: Maxar

Атайлаб портлатиш версияси

Юқоридагиларнинг барчаси Каховка ГЭСининг тўғони атайлаб, қасддан портлатилмаганини англатадими? Йўқ, буни аниқ қилиб айтиб бўлмайди.

«Автомобил йўли ўтган кўприкнинг бир қисми нега қулаб тушган? Яқин тиқинларни ҳам зарарлаган ўт очишданми ёки тўғоннинг проран ҳосил бўлишига олиб келган ўша қисми яқинида уюштирилган портлаш туфайлими?» — экспертнинг сўзларига кўра, очиқ манбалардаги ахборотларга қараб бу саволга аниқ жавоб бериб бўлмайди.

«Портлаш у қадар катта бўлиши ҳам шарт эмас. У ҳаттоки сув остида юз берган бўлиши ҳам мумкин. У ерда ташқи томонда бирор нарсани портлатишга ҳам ҳожат йўқ. Муҳими проран ҳосил қилишда. У уч-тўрт метр кенгликда бўлиши керак. Қолганини сувнинг ўзи бажаради. Сув сатҳининг 16 метр баландликда экани ниҳоятда катта босимдан дарак беради», — деган у.

Унинг сўзларига кўра, тажрибали гидротехник мутахассис 200-300 килограмм портловчи модда билан кичикроқ туйнук очиш мумкин бўлган жойни аниқлаб бера олади.

Бу версияни на тасдиқлаб, на рад этиб бўлади.

Бу кимга керак?

Мақсадли портлатиш версияси ҳарбий ҳаракатлар мантиғига унчалик мос келмайди. Воқеаларнинг бундай тус олиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эмас.

Днипро дарёсининг ўнг соҳилидан Россия қўшинлари олиб чиқилгач, фронтнинг бу участкаси анча сокин бўлиб қолди. Йирик ва кенг дарё табиий тўсиқ бўлиб турар, ҳужум қилиш учун россияликлар ҳам, Украина қўшинлари ҳам уни кечиб ўтишига тўғри келарди.

Дарё бўйлаб ўтган бундай позицияларни мудофаа қилиш осонроқ, шу сабабли томонлар бу ерда йирик гуруҳларни сақлашмаган.

Бироқ, экспертлар Украина қуролли кучлари айнан шундай операцияга қўл уриши — дарёдан кечиб ўтиб, сўл соҳилда плацдарм ва унга ўтиш йўлаклари яратиб, улар воситасида асосий кучларни ўтказиши мумкинлигини ҳам тахмин қилишаётган эди.

Лекин таҳлилчилар кўриб чиқаётган вариантлар ичида бу режа энг хавфлиси эди — ўтиш йўлаклари Россия артиллерияси олови остида қоларди, уларни йўқ қилиш учун Россия етарли миқдордаги авиация кучларини ҳам ташлаши табиий эди. Шу сабабли бундай операция эҳтимоли паст деб қаралаётган эди.

Тўғоннинг ёрилиши ҳар икки томон учун айрим тактик плюслар билан бирга, зарарлар ҳам етказган ва бу айни дамда бу ким учун манфаатли деган саволга аниқ жавоб беришга халақит қилади. Шу сабабли ҳодисага нима сабаб бўлганидан қатъи назар, ҳар икки томон содир бўлган воқеликдан қандай фойдаланиши мумкин, деган савол ўринлироқ бўларди.

Каховка ГЭСининг тўғони ёрилгач шундоқ ҳам серсув бўлган Днипро дарёси янада кенгроқ дарёга айланади, уни кечиб ўтиш янада қийинлашади.

Бироқ, вақт ўтиши билан сув сатҳи пасаяди, ўшанда дарёни кечиб ўтиш янада осонлашади. Тўғон ёрилиши ортидан пайдо бўлган сув тошқини рус қўшинларини қирғоқдан шоша-пиша чекинишга мажбур қилади, кейин яна шу позицияларга қайтиш уларнинг қўшинини заифлаштиради.

Бундан ташқари, Днипродан кечиб ўтиш жараёнида тўғоннинг ёрилиши имконияти потенциал хавф сифатида қаралаётган эди, чунки кечув бошланганда айнан мана шундай тошқин юзага келтириб, унинг олдини олиш мумкин эди.

Бошқа томондан, бундай ёрилишнинг сиёсий, иқтисодий, экологик ва ижтимоий оқибатлари фронтдаги вазиятни вақтинчалик ўнглаш имконияти учун катта тўлов бўлади ва бу ўнгланиш ғалабани асло кафолатлай олмайди.

Тўғоннинг ёрилишига русларни айбдор деб ҳисоблаётган украиналик ҳарбий шарҳловчилар Россия қўшинлари Украина қуролли кучларининг шу участкадан туриб қарши ҳужумга тайёрланаётганини кўргач ёки шундан хавфсираб бу ишга қўл урган, деб ҳисоблашмоқда.

Бироқ бу вазиятда барча тошқинлар чекиниши ва бир неча ҳафталар ичида Днипро ўз ўзанига қайтиши ҳисобга олинса, россиялик ҳарбийлар нимадан умид қилишгани тушунарсиз.

Россия учун бундай қўпорувчилик катта ташқи сиёсий муаммолар билан бурканади — Европанинг қоқ марказида уруш бошлаган мамлакатнинг нуфузи жаҳонда шундоқ ҳам юқори эмас, бундай акция уни янада туширади.

Шу сабабли тўғонни атайлаб, қасддан портлатиш версияси ҳарбий мантиққа кўп ҳам мос келмаяпти.

Мавзуга оид