Жаҳон | 11:47 / 08.06.2023
8474
2 дақиқада ўқилади

Бишкекда давлат тўнтаришига уринишда гумон қилинганлар қамоққа олинди

Қирғизистон суди “Элдик Кенеш” партияси раҳбари Роза Нурматовани “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уринганликда” айблаб, ҳибсга олди.

Роза Нурматова

Бишкек суди “Элдик Кенеш” партияси раҳбари Роза Нурматова, “Чек ара” (“Чегара”) жамоат бирлашмаси аъзоси Гулжигит Исоқов ва яна икки нафар ушлаганларни 21 июнга қадар ҳибсга олди. Уларнинг барчаси “ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш”га тайёргарлик кўришда гумон қилинмоқда, деб хабар беради мустақил нашрлар 7 июн, чоршанба куни.

Ушланганлардан яна бири, Қирғизистон Миллий университети ўқитувчиси Чўлпонбек Сидиқбоев суд томонидан уй қамоғига олинди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) аввалроқ Бишкекда “ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш”га тайёргарликда гумон қилинган 30 дан ортиқ шахс қўлга олинганини маълум қилди. “Ушбу жиноий гуруҳ бир йил давомида тарафдорларни жалб қилиш ва мамлакат бўйлаб энг норози фуқароларни ўз сафига қўшиш бўйича мақсадли ишларни амалга оширди”, - дейилади махсус хизмат хабарида.

Давлат тўнтаришига тайёргарликнинг “асосий ташкилотчиси ва ғоявий илҳомлантирувчиси” “Элдик Кенеш” партияси раиси Роза Нурматова бўлган, деб маълум қилди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси. Хавфсизлик кучлари маълумотларига кўра, унинг раҳбарлигида доимий равишда "ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш режаларини муҳокама қилиш билан давлат тузилмаларига қарши шахсларни тўплашга қаратилган махфий учрашувлар" ўтказилган.

Мавзуга оид