Ўзбекистон | 13:57 / 08.06.2023
7290
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Италия муносабатлари тарихига назар

Италия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 10 январда тан олган. Ўша йилданоқ Тошкентда Италия элчихонаси иш бошлаган бўлса, Ўзбекистоннинг Римдаги дипломатик ваколатхонаси 1998 йилда очилган. Флоренциянинг Тоскана ва Умбрия регионларида 2021 йилдан, 2023 йилдан эса Миланнинг Ломбардия ва Лигурия регионларида Ўзбекистон фахрий консулликлари фаолият кўрсатмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий даражадаги ташрифлар

Ўзбекистоннинг 1-президенти Ислом Каримов 1996 ва 2000 йилларда Италияга ташриф буюрган бўлса, 1997 йилда Италия президенти Оскар Скальфаро ҳамда ўша йили Италия бош вазири Романо Проди Ўзбекистонга келган.

Шунингдек, айни кунларда президент Шавкат Мирзиёев Италия пойтахти Рим шаҳрида бўлиб турибди.

Савдо-иқтисодий алоқалар

1999 йилдан буён Савдо-иқтисодий, саноат ҳамкорлик ва экспорт кредитлари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Асосий экспорт маҳсулот ва хизматлари – текстиль, рангли металл (ишлов берилмаган цинк), тери ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташкил қилади.

Ўзбекистонга импорт бўладиган маҳсулот ва хизматлар эса механик асбоб-ускуналар, газ, суюқликларни етказиб бериш ёки ишлаб чиқариш учун ҳисоблагичлар, электр жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмларидир.

2021 йилнинг 6 декабрь куни Миланда бўлиб ўтган тўқимачилик ва тери саноати соҳаларида 60 дан ортиқ компаниялар иштирок этган бўлса, куни кеча, 6 июнь куни Римда ташкил этилган бизнес-форумда 170 дан ортиқ етакчи компания ва корхоналар вакиллари иштирок этишди.

Инвестицион ҳамкорликка тўхталсак, Ўзбекистонда Италия капитали иштирокидаги 54 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий фаолият йўналишлари алкоголсиз ичимликлар, винолар, шиша идишлари хомашёси, парфюмерия, музқаймоқ, трикотаж, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, пахта чиқиндиларини қайта ишлаш, савдо-сотиқ ва воситачилик хизматларидан иборат.

Ўзбекистоннинг Италиядаги диаспораси

Ҳозирда 1,5 минг нафар Ўзбекистон фуқароси Италияда истиқомат қилади. Шундан 900 нафари (55% руслар, 20% ўзбеклар, 13% татарлар ва 12% корейслар, украинлар, арманлар, қозоқлар, тожиклар ва бошқалар) элчихонанинг доимий ва вақтинчалик консуллик ҳисобларида туради.

Охирги 2 йилда Италиядаги Турин политехника университетида ўқиш учун келган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам сезиларли даражада ошди.

Ҳуқуқий база

Икки давлат ўртасида 1997 йил 3 майда тузилган Ўзаро муносабатлар тамойиллари тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда 1997 йил 17 сентябрда келишилган Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси асосида 22 та ҳужжатдан иборат, жумладан: 1 та давлатлараро шартнома, 10 та ҳукуматлараро битим, 3 та идоралараро келишув ва 8 та бошқа ҳуқуқий базалар асосида ҳамкорлик қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёвнинг 8-9 июнь кунлари Италия давлатида бўлиб ўтадиган давлат ташрифидан ҳам турли доирадаги келишув, шартномалар ва битимларга эришилиши кутилмоқда.

Сардор Раҳмонқулов,
Kun.uz мухбири

Рим, Италия

Мавзуга оид