ЕК Полшанинг Россия таъсири тўғрисидаги қонунини текширяпти
Полшада Россиянинг республикадаги хавфсизликка таъсирини ўрганувчи комиссия тузиш тўғрисида қабул қилинган қонун Европа қонунчилигини бузади, деб ҳисоблайди Брюссел.
Еврокомиссия (ЕК) Полшада “Россия таъсири” бўйича тергов комиссиясини тузиш тўғрисида қабул қилинган қонун туфайли унга қарши расмий тергов бошлади, деб хабар берди 7 июн, чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЕК раиси ўринбосари Валдис Домбровскис. "Биз Полшадаги вазиятни муҳокама қилдик ва кенгаш Россия таъсирини ўрганиш комиссияси тўғрисидаги янги қонун бўйича расмий хабарнома юбориш орқали суриштирув жараёнини бошлашга қарор қилди", деди у.
Еврокомиссия яқинда Полша президенти Анжей Дуданинг қонунга ўзгартириш киритиш таклифига қарамай, шундай чора кўрди. Тузатиш комиссия аъзолари Россия таъсири остида бўлган шахслар учун давлат хизматига 10 йиллик тақиқни бекор қилади, бироқ комиссиянинг бошқа вазифалари ўз кучида қолади.
Бунгача, 29 май куни Дуда Россиянинг сўнгги 15 йил ичида республика хавфсизлигига таъсирини ўрганувчи комиссия тузиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Тахминларга кўра, комиссия “Россия таъсирида бўлиши ва республика зарарига олиб келиши мумкин бўлган, 2007 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда давлат амалдорлари ва юқори мартабали раҳбарларнинг фаолиятини” текширади. Комиссияга прокуратура ва суд ваколатлари берилган. Унда мансабдор шахсларга нисбатан жазо чоралари қўллаш, жумладан, уларни сиёсий лавозимлардан четлаштириш мумкин бўлади.
Янги қонун Европа Иттифоқида кескин танқидларга сабаб бўлди. Адлия бўйича Европа комиссари Диде Рейндерснинг айтишича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши катта ташвиш уйғотади. Расмийга кўра, қонун махсус комиссияга Полша фуқароларини суд назоратисиз давлат лавозимларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш имкониятини беради.
Мавзуга оид
14:34 / 15.11.2024
Полшада ЙТҲда жабрланган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
13:14 / 09.11.2024