Европа Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган «учинчи давлатлар» билан жиддий шуғулланишга қарор қилди
Евроиттифоқ санкцияларининг навбатдаги, ўн биринчи пакети энг қатъийларидан бири бўлиши мумкин — бу ҳақида нималар маълум?
Яқин кунларда Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги — ўн биринчи санкциялар пакетини қабул қилиши мумкин. Бу ҳақда аввалроқ Bloomberg нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди. 4 июн куни Европа Иттифоқи мамлакатлари доимий вакиллари қўмитаси (Coreper) санкциялар муҳокамасини 7 июн кунига белгиланган навбатдаги йиғилиш кун тартибига киритгани маълум бўлди.
Европа давлатлари 19-21 май кунлари Японияда бўлиб ўтган «Катта еттилик» саммитида янги чеклов чораларини тасдиқлашга умид қилганди. Бироқ санкциялар олдин бўлгани каби, Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар томонидан маъқулланиши керак ва бир неча ҳафтадан бери тасдиқлаш жараёни давом этмоқда. Бу сафар Европа Россиянинг ўзига эмас, балки унга амалдаги санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган учинчи давлатларга жиддий эътибор қаратган. Бошқа нарсалар қаторида, Европа Иттифоқи айрим товарларни, уларни кейинчалик Россияга сотадиган мамлакатларга экспорт қилишни тўлиқ тақиқлашни муҳокама қилмоқда.
Ғарбликлар янги пакетга нималарни киритмоқчи?
Муҳокама қилинаётган санкциялар пакети Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан бери жорий қилинган ўн биринчи пакетдир. Ушбу санкциялар пакетининг асосий мақсади — Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишига қарши курашиш ва мавжуд чекловларнинг самарали қўлланишини назорат қилиш. Financial Times нашри манбалари айтишича, тақиқланган маҳсулотларни аввалроқ Россияга қайта экспорт қилган давлатлар бу сафар санкциялар остига тушиши мумкин. Европа Иттифоқи, айниқса, асосий товарлар ва технологиялар савдосидаги кескин ўсишни тушунтира олмайдиган давлатлар билан қизиқади.
«Аммо пакет бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олади», деган Европа Комиссияси вакиллари. Хусусан, Германия ва Полша «Дружба» қувурининг шимолий қисми орқали нефт олишни тўхтатиши мумкин, деб ёзади Bloomberg. Россия нефти ва нефт маҳсулотларини олиб кетаётган кемаларнинг Европа Иттифоқи портларига кириши тақиқланиши мумкин. Шунингдек, бортдаги навигацияни ўчириб, буни амалга оширишга ёки Россия Федерациясига яширин равишда товарларни етказиб беришга ҳаракат қилаётганларнинг кемалари ҳам худди шундай тақиққа учрайди.
Бундан ташқари, Россия орқали транзити тақиқланган товарлар рўйхати кенгайтирилади. Рўйхатга, масалан, технологик маҳсулотлар ва самолёт эҳтиёт қисмлари киради. Санкциялар янги жисмоний ва юридик шахсларга, жумладан, хитойликларга ҳам қўлланиши мумкин.
Нега пакет май ойидаги G7 саммитида тасдиқланмади?
Ўн биринчи пакет бўйича музокаралар жараёнига оид ҳужжатлар расман эълон қилинмаяпти ва алоҳида мамлакатлар вакиллари бу ҳақда изоҳ бермаяпти. Аммо кўпчиликка маълумки, тасдиқлашнинг кечикиши биринчи навбатда Венгрия ва Греция позицияси билан боғлиқ. Гап шундаки, Украина ҳукумати аввалроқ, улар «урушнинг халқаро ҳомийлари» деб ҳисоблайдиган хусусий компанияларнинг рўйхатини тузган эди. Рўйхатга, Европа компаниялари, жумладан, Грециядан бешта, Венгриядан битта (асосан, Россия нефтини ташиш билан шуғулланадиган танкер операторлари) компания кирган. Бу рўйхат муҳокама қилинаётган санкцияларга бевосита алоқадор бўлмаса-да, бу давлатлар ўз компанияларини рўйхатдан чиқариш учун Украинага босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда, деб хабар берган Politico нашри ўз манбаларга таяниб.
Мунозаранинг бошқа иштирокчилари, масалан, Германия, бутун мамлакатга қарши санкциялар жорий қилишдан норози, чунки бу улар билан ўрнатилган дипломатик муносабатларга путур етказиши ва уларни Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилишга ундаши мумкин. Берлиннинг таклифига кўра, дастлаб рўйхатга аниқ қоидабузар компаниялар киритилиши керак.
Россия воситачиларига таъсир ўтказиш механизмининг ўзи ҳали аниқ эмас. Тахминларга кўра, EИ биринчи бўлиб дипломатик тарзда босим ўтказади ва бу самарасиз бўлиб чиқса, иттифоқ асосий товарлар экспортига мақсадли чекловлар киритади. Ҳар икки чора учун ҳам қонунчилик базасини ишлаб чиқиш, маҳсулотлар ва хавотир уйғотувчи мамлакатлар рўйхатини тузиш, сўнгра уларни экспорт назорати тизимига киритиш зарур. Бу чекловлар жаҳон савдоси қоидаларига қанчалик мос келиши ҳозирча номаълум.
Баҳслар давом этиши аллақачон режалаштирилган санкциялар юмшашига олиб келмоқда. Масалан, Россия нефтини олиб кетаётган кемаларнинг Европа Иттифоқи портларига киришига тақиқ жорий этилмаслиги эҳтимолдан холи эмас, Россияга юк етказиб бериш учун навигацияни ўчириб қўйган кемаларга эса 30 кунлик тузатиш муддати берилади, дея хабар берди Bloomberg нашри.
Қайси «учинчи давлатлар» Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда ва Европа Иттифоқининг янги санкциялари кимларга нисбатан жорий қилиниши мумкин?
Россия компаниялари учинчи давлатлар ёрдамида санкцияларни четлаб ўтишга муваффақ бўлаётгани ҳақидаги хабарлар ОАВда мунтазам равишда пайдо бўлмоқда. Шу йўл билан мамлакатга кирадиган баъзи товарлар ҳатто Украинадаги фронт чизиғигача етиб бормоқда. Мисол учун, 2023 йил май ойида Financial Times нашри «Вагнер» 2022 йил охирида, Хитойдаги ўзига алоқадор компания орқали 20 мингта шлем (темир қалпоқ) сотиб олганини аниқлади. Январ ойида CNN телеканали Ғарб махсус хизматлари вакиллари Хитой компаниялари Россияга мунтазам равишда зирҳли нимчалар ва шлемлар етказиб бераётганидан хавотирда экани ҳақида хабар берган эди.
Хитой божхона хизмати маълумотларига кўра, 2022 йил давомида Россиядан товарлар импорти 2021 йилга нисбатан кескин ўсган (17,5 фоиз). Икки давлат ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми эса 28 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги миқдорни — 190 миллиард долларни ташкил этган. Хитойдан 76 миллиард долларлик маҳсулотлар, Россиядан эса 114 миллиард долларлик товарлар экспорт қилинган.
Бироқ Хитой Россия компаниялари Ғарб етказиб берувчилари ўрнига муқобил етказиб берувчилар қидираётган ягона давлат эмас. 2022 йил Россиянинг Туркия билан савдо айланмаси 84 фоизга, Беларус билан эса 10 фоизга ошди, дея хабар берган «Ведомости» нашри Федерал божхона хизматига (ФБХ) таяниб. ФБХ айнан янги санкциялар таҳдиди туфайли 2022 йилнинг баҳоридан бошлаб ташқи савдо статистикасини эълон қилишни тўхтатди. Бироқ, товар айланмасини бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг статистик маълумотлари ёрдамида ҳам кузатиш мумкин.
Масалан, 2023 йилнинг биринчи чорагида Германиядан Россияга экспорт ҳажми 47 фоизга камайган. Бироқ, Россия билан чегарадош мамлакатларга экспорт кескин ошган. Масалан, Германиянинг Қирғизистонга экспорти қарийб 949 фоизга ошиб, 170 миллион еврони ташкил қилган, деб ёзади Reuters. Автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар экспорти эса 4129 фоиздан кўпроққа (84 миллион еврогача) ошган.
Рақамлар унчалик катта эмас (таққослаш учун: 2023 йилнинг биргина март ойида Германиянинг жаҳон бозорига экспорти 130 миллиард еврони ташкил этган), лекин унинг таркибида бошқа аномалиялар ҳам мавжуд бўлиб, улар Россияга қайта экспорт қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, Туркияга экспорт ҳажми 37 фоизга, Гуржистонга – 92 фоизга, Қозоғистонга – 136 фоизга, Арманистонга – 172 фоизга, Тожикистонга – 154 фоизга ошган. Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг Божхона иттифоқига аъзо бўлгани сабабли, ушбу давлатларнинг товарлари Россияга қўшимча назорат ва божхона тўловларисиз кириши мумкин.
Ва бу мамлакатлардан Россия Федерациясига экспорт ҳажми ҳақиқатан ҳам ўсиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда Арманистондан Россияга экспорт деярли уч бараварга ошиб, 2,4 миллиард долларга етган. Қозоғистоннинг Россияга экспорти эса 25 фоизга кўпайиб, 8,8 миллиард долларни ташкил қилган. Шу билан бирга, электроника экспорти бирданига 22 баробар ошган. Руслар Қирғизистондан олдингидан 2,5 баробар кўпроқ, қарийб 964 миллион долларлик маҳсулот олиб келган.
Аммо «тақиқланган маҳсулотлар» Россияга фақатгина учинчи мамлакатлардан етказиб бериш орқали кирмайди. Financial Times нашри эътибор қаратган Trade DataMonitor хизмати маълумотларига кўра, Россия орқали транзит қилинадиган, санкцияларга тушган икки томонлама фойдаланиш учун мўлжалланган (яъни ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган) товарларнинг фақат ярмигина ўз манзилига етиб борган. Қоидага кўра, Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган божхона декларациясида маҳсулотлар Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга жўнатилаётгани кўрсатилган, бироқ қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган товарлар Россияда «йўқолиб қолган». Газетанинг таъкидлашича, бу Москвага Европанинг муҳим товарлари, жумладан, авиация компонентлари, оптик жиҳозлар ва газ турбиналарини сотиб олиш имкониятини сақлаб қолишга ёрдам берган.
«Бироқ, Россия Федерациясига санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бериш учун таваккал қилишга тайёр ҳамкорларни қидириш янги санкциялар таҳдиди сабаб тобора мураккаблашмоқда», деб ёзади «Эксперт РА» рейтинг агентлиги экспертлари. Буни Россия ТИВдагилар ҳам тан олган: май ойида вазир ўринбосари Михаил Галузин Марказий Осиёнинг айрим давлатлари ўзларига нисбатан санкциялар жорий қилинмаслиги учун ҳатто Ғарб давлатлари санкцияларига қўшилишга тайёрлигини айтган эди.
«Россия билан алоқаларни сунъий равишда йўқ қилиш машҳур иккиламчи санкциялардан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин», дея дипломат Россиянинг қўшниларига таҳдид қилганди.
«Агар 2022 йилда санкциялар кўпинча четлаб ўтиш оқибатлари ва имкониятларини баҳоламасдан киритилган бўлса, Европа Иттифоқининг ҳозирги янги чора-тадбирлари «тўрдаги тешикларни ёпиш»га қаратилган. Шу билан бирга, EИ ташкилотга аъзо мамлакатлар миллий иқтисодиётлари учун салбий оқибатларни камайтиришга ҳам ҳаракат қилмоқда. Бунинг натижасида, санкциялар тизими янада барқарор бўлади.
Санкциялар Россияда ресурсларни жалб қилиш ва ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини, шунингдек, истеъмол сифатини пасайтиришда давом этади», дейди «Эксперт РА» агентлигининг макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бўйича бошқарувчи директори Антон Табах.
Қайд этиш жоизки, бу EИнинг санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилишга биринчи уриниши эмас. 2023 йил январ ойида Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, ўша пайтда муҳокама қилинаётган ўнинчи пакетда санкциялардаги бўшлиқлар ёпилишини айтган эди. Аммо Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганининг бир йиллиги муносабати билан қабул қилинган санкциялар пакети бундай чора-тадбирларни ўз ичига олмади.
«Ҳозир Европа Иттифоқи янги пакет шу ҳафтанинг ўзида тасдиқланишига умид қилмоқда», деб ёзади Bloomberg. «Энг охирги муддат — июн ойи охири», деган Франция ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна.
Мавзуга оид
15:31
Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради
14:45 / 26.12.2024
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53 / 26.12.2024
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05 / 26.12.2024