Жаҳон | 23:34 / 09.06.2023
18896
2 дақиқада ўқилади

Трампга 37 та банд бўйича айблов эълон қилинди

Унга 20 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда. 

Фото: AFP

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга 37 та банд бўйича, жумладан миллий хавфсизликка оид махфий материалларни ноқонуний сақлаш айби эълон қилинди. Бу ҳақда Reuters ёзди. 

Ҳакамлар ҳайъати томонидан тасдиқланган айбловлар рўйхатига «миллий мудофаа билан боғлиқ маълумотларни қасддан эгаллаш», «одил судловга тўсқинлик қилиш мақсадида тил бириктириш», «ҳужжатларни ёки ёзувларни яшириш», «ёлғон баёнотлар ва кўрсатмалар бериш» каби банд киритилган. Ҳар бир банд бўйича жазо 20 йилгача қамоқни назарда тутади. 

Сиёсатчи ҳамон ўзининг айбсизлигини таъкидламоқда. Шунингдек, у амалдаги давлат раҳбари Жо Байденнинг уйи ва идорасидан «1850 та қути» махфий материаллар топилганини, уларни президент бўлишидан олдин қўлга киритганини даъво қилмоқда. 

Трамп 13 июнь куни, 77 ёшга тўлиши арафасида кўрсатма бериш учун Майами судига таклиф қилинган. 

АҚШ собиқ президентига айблов эълон қилиниши Америка тарихида мисли кўрилмаган воқеа ҳисобланади. Тахминан бир йил олдин терговчилар Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳидан 13 мингга яқин ҳукумат ҳужжатларини топишган, улардан 100 таси махфий экани аниқланган эди. 

Трамп ўзига айблов эълон қилинишини билганидан сўнг, ўзининг Truth ижтимоий платформасида «Мен айбсиз ОДАМман!» деб ёзди. 

Бу Трампга нисбатан очилган иккинчи жиноят иши ҳисобланади. Биринчиси доирасида у 2024 йил март ойида Нью-Йоркда порно юлдузга сукут сақлаши учун пули тўлагани билан боғлиқ иш бўйича суд маҳкамасига тортилади.

Мавзуга оид