Спорт | 20:00 / 13.06.2023
32134
7 дақиқада ўқилади

Мбаппе «ПСЖ» раҳбарларини ранжитди. У трансферга қўйилиши мумкин

Франциялик ҳужумчининг фаолиятида янги бурилиш рўй берадими?

Фото: Getty Images

Бу ёзда аллақачон бир қанча жиддий трансферлар рўй бериб улгурди. Хусусан, Лионел Месси АҚШга, Карим Бензема — Саудия Арабистонига кетди, Жуд Беллингем «Реал» футболчисига айланди. Энди эса барча Килиан Мбаппенинг навбатдаги ҳаракати ва унинг келажагини муҳокама қилмоқда.

Шартномадаги ҳийла

Бир неча кун олдин ҳам Килиан Мбаппе билан боғлиқ вазият оддий ва тушунарли бўлиб кўринаётганди. Яна бир марта лига 1нинг энг яхши футболчисига аталган совринни қўлга киритган француз «ПСЖ»га содиқлигини айтган ва Парижда бахтиёрлигига ишонтирган эди. «Реал» президенти Флорентино Переснинг мадридликлар албатта Мбаппе билан шартнома имзолаши, аммо бу иш кейинроқ содир бўлиши ҳақидаги сўзлари эса мухлисларни хотиржам қилишга қаратилган сўзлар сифатида қабул қилинганди.

Бирданига воқеалар ривожи тезлашиб кетди ва энди Килиан Париж суперклубидан кетиши муқаррардек кўринмоқда. Тўғри, бир йил муқаддам вазият бундан ҳам яққол бўлиб кўринган ва Испания пойтахтидагилар футболчи эркин агент сифатида келишини кутишганди. Аммо Мбаппе қайта ўйлаб кўрган ва «ПСЖ» билан шартномасини янгилаган, бу қарори учун уни комфорт зонадан чиқишни истамаслик ва ўз ихтиёри билан олтин қафасни танлашда айблашганди.

Ўшанда «Реал» раҳбарияти ва мухлислари ундан ранжишганди. Кимдир Мбаппенинг танловида катта рол ўйнаган яқинлари унга энди болаликдаги орзусини унутиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берганди. Аммо Перес донишмандлик қилиб, бу масалада вазминлик кўрсатди. У Мбаппенинг узрини қабул қилди ва бир неча бор очиқчасига «Қироллик клуби» эшиклари француз учун ёпилмаганини айтди.

Аммо футболчининг қуруқ сўзлари етарли бўлмаган, қаймоқранглилар жамоасига яқин бўлган инсайдерларнинг айтишича, «Реал» Килиандан реал ҳаракатлар хоҳлаган. Ва бу ҳаракат Мбаппенинг «ПСЖ» билан шартномаси муддати якунланадиган кейинги йил ёзида эмас, айнан ҳозир, Бензема кетганидан кейин амалга оширилишини исташган (аниқроғи, кейинги йилда «2+1» формуласида тузилган шартноманинг асосий қисми якунланади). Бу ерда ҳийла айнан қўшимча бир йил ҳақидаги бандда ётади. Унинг фаоллаштирилиши учун футболчининг розилиги керак бўлади, агар бундай бўлмаса, шартноманинг бу банди 2023 йил 1 августдан автоматик равишда бекор бўлади.

Низо уйғотган мактуб

Юридик нуқтайи назардан Мбаппе ҳеч қандай ҳаракат қилмаса ҳам, 1 августдан қўшимча банд ўз ўзидан бекор бўларди, аммо у клуб офисига шартномасини 2025 йилгача узайтирмаслиги ҳақида хат йўллаб, вазиятни кескинлаштирди. Парижликлар бу атайлаб қилинганига амин. Камида шунинг учунки, хат клубга келишидан олдинроқ унинг нусхаси матбуотга чиқиб кетган. Бундан ташқари, «Реал»га жуда яқин ҳисобланган журналист Хосеп Педрерол Перес бу хат ҳақида олдиндан хабардор бўлганига шубҳа қилмаяпти.

Фото: BORJA B. HOJAS/GETTY IMAGES

Бу версияни бошқа манбалар ҳам билвосита тасдиқлаб,  мадридликлар клуби хўжайини сўнгги вақтларда Мбаппе билан жуда кўп мулоқот қилганини айтишмоқда. Қолаверса, ҳозирда «Реал»да франциялик юлдузли ҳужумчини харид қилиш учун пул бор. Буни барча мадридлик инсайдерлар тасдиқламоқда. Фақат миқдорлар борасида тафовутлар бор, версиялардан бирига кўра, қаймоқранглилар Беллингем (у 103 млн евро эвазига харид қилиб бўлинди) ва Мбаппени трансфер қилиш билан чекланади, Кейн ва Ҳаверц трансферидан эса воз кечилган. Бошқалар эса 400 миллион евро нафақат француз ҳужумчиси, балки инглиз ва немис футболчилари учун ҳам етишини таъкидламоқда.

Лекин иккинчи вариант рўй беришига ишониш қийин. Жамоада Родриго ва Винисиус Жуниор бор, иккинчиси «Реал» учун муқаддас кўрилувчи «еттинчи» рақамни олди ва ҳужумнинг чап қанотини ўзиники қилиб бўлган. Бразилияликнинг ўйини туфайли, агар Мбаппе Мадридга келса, амплуа алмаштиришига тўғри келиши мумкин. Масалан, ўнг қанотга ўтиши, у 2018 йилги жаҳон чемпионати вақтида бу позицияда ажойиб ўйин кўрсатган ва кейинроқ Кристоф Галте ҳам уни шу жойда ўйнатишга уриниб кўрганди.

Уфқда «Челси» ҳам кўринмоқда

Аммо бу сафарги воқеалар ривожида ўтган йилдагидан фарқли жиҳат бор. Айтишларича, «ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфий юлдузли футболчининг ҳаракатидан шок ҳолатига тушган, у ушбу футболчи хоҳлаган барча нарсани муҳайё қилган ва уни лойиҳадаги марказий фигурага айлантирганди. Эндиликда клуб маслаҳатчиси Луиш Кампуш зарба остида қолмоқда, у бу воқеа туфайли ишини йўқотиши мумкин. Ва клубдагилар музокаралар ҳали давом этаётгани туфайли матбуотга маълумот сизиб чиқишини кутишмаганди. Бу воқеадан кейин қатарлик хўжайинлар тарбияси оғир йигитнинг қилиқларидан тўйгани ва Мбаппенинг сотуви бўйича барча таклифларни ўрганиб чиқишга тайёрлиги айтилмоқда.

«Парижда футболчининг ҳаракатларидан қаттиқ норози бўлишди. У ердагилар Килиан уни бошқа клубга сотишлари учун барча ишни қиляпти, деб ҳисоблашмоқда. «ПСЖ»дагилар Мбаппе уларга ортдан пичоқ урган деб билишмоқда», — дейилади Le Parisien хабарида. 

Қолаверса, клубда Б режаси бўлган. Футболчи кейинги мавсумда кетиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, уни айнан ҳозир сотишга ҳам тайёр бўлишган. Вариант иккита эди: ёки шартномани янгилаш ёки футболчини сотиш. Ҳеч ким уни кейинги йил ёзида эркин агент сифатида қўйиб юбормоқчи эмас. Трансфер баҳоси эса — 180 миллион евродан бошланади. Шу билан биргаликда, «ПСЖ» раҳбарияти «Реал» билан муносабатлардаги совуқчилик туфайли исёнкор футболчисини бошқа клубга сотишни афзал кўради.

Франция чемпионларининг талаблари ва Мбаппенинг амбицияларини қондира оладиган ягона турнир — Англия премьер лигасидир. The Times «Челси» ва «МЮ»ни футболчига даъвогар деб атади. Тодд Боэли нарх борасида пачакилашмаслиги аниқ, аммо Килиан нима бўлганда ҳам ҳиссиз маҳсулот эмас. Ўтган йилда у хатога йўл қўйган (Журналист Алейш Женерога кўра, у Килиан бир неча ой олдин Пересдан узр сўраган ва ўтган йилги қарорини ҳаётидаги энг катта хато деб атаган) ва уни тузатиб, барибир «Реал» ҳақидаги орзулари рўёбга чиқишини истайди. Энди барчаси мадридликларнинг босимига боғлиқ бўлади. Перес яқин вақтлар ичида фаол ҳаракатларга киришишини кутиш мумкин.

Мавзуга оид