Полиция қўлида ўлим топганлар: АҚШдан Эронгача
Терговдаги қийноқлар ва ҳибсхонадаги ўлимлар... Бу фақат Ўзбекистонга хос ҳолат эмас. Ҳатто ривожланган демократик давлатларда ҳам полиция қўлида ўлим топган, ҳибсхонада вафот этганлар талайгина.
1. Жорж Флойд, АҚШ
Пандемия авжига минган 2020 йилда АҚШда хунук воқеа рўй берди: оқ танли полициячи кўча ўртасида гумонланувчи қора танли фуқарони қўлга олаётиб, бўғиб ўлдириб қўйди. Шундоқ ҳам ирқчилик ўта оғир қилмиш сифатида қараладиган Америка жамияти ларзага келди: кенг миқёсли намойишлар айрим ўринларда талончилик, босқинчилик ва бошқа оммавий жиноятларга ҳам айланиб кетди.
Аслида марҳум Жорж Флойд шу пайтгача анча-мунча ҳунар кўрсатиб улгурганди, 2000-йилларда наркотик сақлашда айланиб қамалган, сўнгра ўғрилик сабаб 4 йил «ўтирган» эркак ниҳоят 2020 йил майида сохта пуллар беришда гумонланиб қўлга тушди.
Оқ танли полициячи Дерик Шовин эса Флойд ушланганда, уни нақ саккиз дақиқа оёғи билан бўйнидан босиб турди. Натижада Флойд ҳодиса жойида нобуд бўлди. Камерага муҳрланган жиноят шунчаки қолиб кетмади. Шундоқ ҳам пандемия сабаб сабр-косаси тўлган одамлар кўчаларга оқиб чиқа бошлади.
Натижада АҚШнинг юзлаб шаҳарларида комендантлик соати жорий этилди. Июн ойига келиб, намойишларда 19 киши турли сабабларга кўра ҳалок бўлди. Намойишлар баъзида талончиликка айланиб кетди, ҳатто меъморий ёдгорликлар ва ҳайкалларга ҳам талафот етказилди.
Флойд ўлимига сабаб бўлган полициячи нақ 22,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга «эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш» айби қўйилди. 2021 йил 20 июнда Нью-Йоркда Жорж Флойдга атаб катта ёдгорлик очилди.
2. Дэниел Прюд, АҚШ
Кўп ўтмасдан яна бир қора танли АҚШ фуқароси полиция қўлга олгандан сўнг вафот этди. Дэниел Прюд 41 ёшда эди.
Маълумотларга кўра, Прюднинг бошига у полиция ходимларига тупурмаслиги ва тишлаб олмаслиги учун махсус тўр кийдирилади. Натижада эркак кислород етишмаслиги сабаб ҳушини йўқотади ва шифохонага олиб борилади.
Врачлар беморнинг ҳаёти учун бир ҳафта давомида кураш олиб борди, аммо ҳаракатлар бесамар кетди. Ўлим сабаби ҳақидаги расмий маълумотда маҳбус танасида ўткир гиёҳванд моддаси борлиги исботини топгани айтилади.
Гарчи бу ўлим Жорж Флойдники каби ўткир намойишлар ва талотўпларни келтирмаса ҳам, анчагина муҳокамаларга сабаб бўлади. Ўша пайтларда президентлик учун курашаётган Жо Байден амалдаги раҳбариятни ҳам қисман айблаб чиқади.
Ўша пайтда қудратда бўлган Трамп маъмуриятда адлия вазири лавозимини эгаллаган Уильям Барр CNN телеканалига берган интервюсида полиция оқ ва қора танлиларга турлича муносабатда бўлаётганини инкор этади.
3. Кинан Андерсон, АҚШ
Шу йилнинг январ ойида полиция аралашувидан кейин ҳаётдан кўз юмган афроамерикаликлар сони яна биттага ошди. Қурбон бегона эмас: машҳур Black Lives Matter ҳаракати асосчиларидан бири Патрисс Каллорснинг амакиваччаси Кинан Андерсон эди.
Маълумотларга кўра, 2023 йил 3 январ куни Андерсон Лос-Анжелесда ЙТҲга учраган. Полиция келиб уни қўлга олганда, Андерсон қочишга уринади, орган ходимлари эса унга нисбатан электрошокер ишлатишади. Натижада йигитнинг аҳволи оғирлаша бошлайди. Шифохонага етказилган Андерсон бор-йўғи 4 соатча яшайди холос...
4. Сергей Шамрин, Россия
Шу йилнинг январ ойида Россиянинг Свердловск вилоятида яшовчи Сергей Шамрин полиция машинаси ичида ўлим топди.
Марҳумнинг рафиқаси иддао қилишича, эркак қўлга олингач, полиция ходимлари унга зарба бериб бўйнини синдиришган. Аёлнинг айтишича, эрини полиция ходимлари кўчада маст ҳолатда ушлашган ва бўлимга олиб кетмоқчи бўлган. Ўртада юз берган жанжалдан сўнг Сергей Шамрин ҳушини йўқотган.
Шамриннинг рафиқаси Юлияга кўра, аёл эрига тезкор биринчи ёрдамни кўрсатган. Аммо етиб келган шифокорлар қисқа текширувдан кейин Шамрин аллақачон ўлганини маълум қилишди.
Полициячиларга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айби қўйилиб, улардан икки нафари қамоққа олинди.
5. Полиция қўлида ўлим топган мухолифатчи
2014 йил Венесуэлани талабалар бошлаб берган катта намойишлар қамраб олди. Улар янги президент Николас Мадуронинг истеъфосини талаб қилиб чиқди, чунки давлат иқтисоди чўкиб, энг зарур маҳсулотлар ҳам тақчил бўлиб қолганди.
Бунинг устига Венесуэлада жиноятчилик кучайиб кетди. Намойишлар вақтида икки нафар полициячи 23 ёшли талаба Да Костани ўлдириб қўядилар. Бу халқнинг тўлиб турган сабрини баттар алангалатиб юборди.
Орадан икки йил ўтгач бу икки полициячи Бассил да Костанинг ўлимида айбдор деб топилиб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Жумладан, разведка полицияси комиссари Хосе Пердомо «қотиллик» моддаси бўйича 29 йил-у олти ой, офицер Aндри Ёсвуа қуролдан асоссиз фойдалангани учун олти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
6. Ниқоб тақмагани учун ўлган фуқаро
2020 йилнинг ёзида Мексикада ҳам хунук воқеа рўй берди: тиббий ниқоб тақмагани учун полиция қўлга олган Жованни Лопес оламдан ўтди.
30 ёшли Жованни Лопес 4 май куни Гвадалахара яқинида қўлга олинганди. Гувоҳлар томонидан тасвирга олинган видеода полициячилар автоматлар билан эркакни машинага мажбурлаб ўтирғизгани акс этган.
Лопеснинг қариндошлари эркакни излаш учун полиция бўлимига боришган, бироқ у ерда уни касалхонага олиб кетишганини айтишган. Шифохонага боришса, бемор аллақачон вафот этган экан.
Текширувлар шуни кўрсатдики, Лопес бошига тўғридан тўғри зарба бериш оқибатида вафот этган. Марҳумнинг оёғидан ҳам ўқ изи топилган. Бу воқеадан сўнг Гвадалахарада катта намойишлар бошланди. Намойишчилар ҳатто ҳукумат биносига ҳам бостириб киришга муваффақ бўлишганди.
7. Маҳса Амин, Эрон
2022 йил 16 сентябрда Теҳрондаги шифохоналардан бирида 22 ёшли Маҳса Аминининг жони узилди. Бу оддийгина қайғули ўлим эмасди.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, «жамиятдаги қоидаларни бузиш»да айбланган қиз юрак ҳуружи оқибатида тоби қочиб вафот этади. Бироқ Аминининг яқинлари ва Эрон жамиятининг фаол қисми бунга ишонмайди ҳамда қиз полициядаги қийноқлар оқибатида ҳалок бўлган деган фаразни илгари суришади.
Шубҳа, гумон ва норозиликлар катта намойишларга уланиб кетади. Амини ўлимидан кейинги намойишлар Эрондаги Оятулло режимига таъсир ўтказган воқеалардан бири саналади.
Маҳса Амини ўлими ҳамон сирлилигича қолмоқда, турли фикрлар ўртага ташланмоқда. Масалан, Iran International нашрининг қайд этишича, Эрон Ислом қўриқчилари корпуси командирларидан бири «Амини терговдаги қийноқлар оқибатида вафот этгани ҳақида ишончли манбалар гапирган» аудиоларни сиздиради.
Шунингдек, Амини оиласи қизалоқ ёшлигида бир қанча неврологик касалликлар билан оғригани ва ҳатто бошидан ўсимта олинганини ошкор этади. Лекин Маҳса Амини кейинчалик соғлиғидан шикоят қилмаган.
Iran Human Rights маълумотига кўра, Амини ўлими ортидан кечган намойишларда 201 киши ҳалок бўлади. Йирик шаҳарларда полиция билан тўқнашувлар кузатилади. Намойишчилар мамлакат олий раҳбарияти, жумладан оятулло Али Хоманаийни кескин танқид қилади.
2023 йил бошига келиб намойишлар сезиларли равишда камайди ва Эрон ҳукумати бор жиловни яна қўлига олишга муваффақ бўлди. Аммо содир бўлган воқеалар уларнинг тегишли хулосалар чиқариши учун сабаб бўлган бўлса ажабмас.
8. Азиз Аҳмедов, Ўзбекистон
Бу борада яқин ўтмишнинг Ўзбекистон учун энг шов-шувли воқеаси шубҳасиз Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги ҳодиса десак адашмаган бўламиз. Унда туман ДСИ бошлиғи ўринбосари ички ишлар ходимлари билан бўлган зиддият вақтида вафот этди.
42 яшар солиқ ходими Азиз Аҳмедов ўзининг Cobalt автомобилида йўл ҳаракати қоидаларини бузгани сабабли патрул хизмати инспекторлари томонидан тўхтатилган. Инспекторлар ўзларига тегишли Spark автомобилининг орқа ўриндиғига ўтқизишда фуқаронинг юз қисмидан босиб, унинг қисқа ва тез ўлим топишига сабаб бўлишгани маълум қилинган.
2021 йил 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди томонидан судланувчилар М.Қўчқоров (1987 йилда туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш.Раҳимбердиев (1990 йилда туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган)га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва айбдорларга суд ҳукми ўқилган.
9. Бўкадаги ўлим ва тезкор ходимларнинг ишдан бўшатилиши
2023 йил 4 июн куни Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари сўроққа олиб келинган фуқарони қийноққа солишган. Фуқаро бу қийноқлар натижасида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган. Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бобохонов, унинг биринчи ўринбосари В.Худойқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Очилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Аброр Зоҳидов, Kun.uz
Мавзуга оид
13:05 / 09.11.2024
Россияда полиция «анъанавий қадриятлар»ни мустаҳкамлашни бошлайди
16:49 / 16.10.2024
Собиқ МХХ биноси ҳудудидан кўчирилган дарахтларга оид тергов иши натижаси очиқланмаяпти. Сукут ортида нима бор?
21:12 / 08.09.2024
Россияда ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган полициячилар судланади
18:23 / 26.08.2024