Ўзбекистон | 16:28 / 13.06.2023
70014
3 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: «Ўқувчиларга шароит яратмасдан туриб, таълим сифати ҳақида гапириш бефойда»

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Ўзбекистонда мактабларга эҳтиёж мунтазам равишда ошяпти. Баъзи мактабларда битта синфда 40 нафаргача ўқувчи ўтирибди. Бу ҳақда Президент администрацияси ижро этувчи аппарати коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева айтиб ўтди.

Саида Мирзиёева Сурхондарё вилоятининг Ангор туманига бориб, мактаблардан бирини кўздан кечирди.

“Афсуски, чекка ҳудудлардаги айрим мактабларимизнинг аҳволи ниҳоятда аянчли. Мен Ангор туманидаги 9-мактабни кўздан кечириб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Бу ерда энг бирламчи шароитлар ҳам йўқлиги, коммуникация, мактаб жиҳозлари, ҳаттоки ўқувчилар учун жой етарли эмаслигини кўриш мен учун оғриқли бўлди”, дейди у.

Таъкидланишича, мактабларга эҳтиёж мунтазам равишда ошяпти. 

“Туғилишлар сони йилдан йилга кўплиги учун ҳам баъзи мактабларда битта синфда 40 нафаргача ўқувчи ўтиргани ҳам бор гап. Ҳали яна кўплаб ўқув ўринлари барпо этилиши керак. Бу оғир жараён. Лекин бу муаммоларни ҳал этмасликнинг иложи йўқ, ўқувчиларга шароит яратмасдан туриб, таълим сифати ҳақида гапириш бефойда. 

Таълимсиз тараққиётга эришиб бўлмайди деб доим бонг уриб келаётган Президентимизнинг асосий устувор мақсадларидан бири ҳам таълим эканлиги бежиз эмас. Президент далани эмас, болани танладилар. Ўқитувчилар пахта балосидан озод бўлди. Уларни таълимдан бошқа мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби ҳолатлар учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо чоралари белгиланди. Бошланғич синфлар учун замонавий ўқитиш тизими шу йил сентябрь ойидан жорий этиляпти. Инглиз тилини ўргатиш учун хориждан чет тили мутахассислари олиб келиняпти, мактаблар учун замонавий жиҳозлар ажратиляпти. Буларнинг барчаси — ушбу йўналишдаги ишларнинг айримлари, холос”, дейди Саида Мирзиёева. 

Маълум қилинишича, тез орада Ангор туманидаги 9-мактабни таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари бошланади. 

“Лекин бу ишлар кимдир келгани учун эмас, тизимли йўлга қўйилиши ва ҳар куни давом эттирилиши керак. Токи, энг чекка қишлоқ мактабларида ҳам энг камида зарур шароит бўлсин. Ана шундагина биз кўзлаган мақсадимиз — сифатли таълимга эриша оламиз”, дея маълум қилди Президент администрацияси ижро этувчи аппарати коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири.

Мавзуга оид