Иқтисодиёт | 14:12 / 14.06.2023
49650
3 дақиқада ўқилади

Нималарнинг нархи ошиши мумкин? – Марказий банк инфляцион кутилмалар шарҳини эълон қилди

Май ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 13,7 фоизни, тадбиркорлик субъектлари кутилмалари эса 13,5 фоизни ташкил қилган. Ҳар иккала тоифа ҳам валюта курсининг ўзгариши ҳамда иш ҳақи ва нафақаларнинг ошишини нархларга энг кўп босим ўтказувчи омиллар сифатида келтириб ўтган. 

Фото: KUN.UZ

Марказий банк май ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маьлумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 0,4 фоиз бандга пасайиб, 13,7 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (47 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (36 фоиз);
  • нархларнинг сунъий оширилиши (36 фоиз);
  • ёқилғи маҳсулотлари ва энергия нархларининг қимматлашиши (32 фоиз).

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Май ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 13,5 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоизга камайган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (44 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (36 фоиз);
  • ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт хизматларининг нархлари қимматлашиши (30 фоиз);
  • иқтисодиётда рақобат муҳитининг ёмонлашуви (18 фоиз).

Шунингдек, май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Наманган – 16,3 фоиз, Тошкент – 16,1 фоиз ва Хоразмда 15 – фоиз, энг паст даражаси эса Навоий – 11,6 фоиз, Сурхондарё – 11,7 фоиз ва Тошкент вилоятида – 12 фоиз сезилган.

Истеъмолчилар томонидан нархлари юқори ўсганлиги қайд этилган товар ва хизматлар:

  • шакар ва қандолат маҳсулотлари – 37,8 фоиз (жами респондентларнинг улушида)
  • гўшт ва сут маҳсулотлари – 36,6 фоиз;
  • қурилиш моллари – 31,1 фоиз;
  • мева-сабзавотлар – 22,7 фоиз;

Ўтган бир йил ичида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи қандай ўзгарди?

2023 йилнинг май ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,5 фоизга қимматлашиб, йиллик инфляция даражаси 10,4 фоизга етди. Озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция эса 13 фоизни ташкил қилган.

Алоҳида турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари йиллик нисбатда қуйидагича ўзгарган:

Қимматлашган:

  • гуруч – 57,5 фоиз.
  • шакар – 40,6 фоиз;
  • тухум – 25,5 фоиз;
  • сут – 18 фоиз;
  • суякли мол гўшти – 14,2 фоиз;
  • қўй гўшти – 13,7 фоиз;
  • буғдой уни – 12,2 фоиз;

Арзонлашган:

  • кунгабоқар ёғи – 8,7 фоиз.

Мавзуга оид