«Айрим йирик давлатлар ўз кун тартибини ўтказишга интилиб келмоқда» — Қосим-Жўмарт Тўқаев
Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркистон шаҳрида ўтган Миллий қурултойда халқаро вазият мисли кўрилмаган даражада кескинлашиб бораётганини таъкидлаб ўтди.
Халқаро вазият оптимизм уйғотмаяпти, шу сабабли Қозоғистон ҳар доимгидан-да бир тан-у бир жон бўлиши керак, дея Тўқаевнинг сўзларини келтирмоқда Оқўрда матбуот хизмати.
«Бугун биз халқаро вазиятнинг мисли кўринмаган даражада кескинлашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айрим йирик давлатлар ўз кун тартибини мажбурлаб тиқиштиришга, ўз стандартларини ўтказишга уринмоқда.
Турлича, кўпинча диаметриал қарама-қарши бўлган ғоялар ва ёндашувлар тўқнашуви нафақат геосиёсат ва иқтисодиётда рўй бермоқда, шунингдек, маданият ва маърифат қадриятлари, бошқача қилиб айтганда мафкурани ҳам қамраб олмоқда.
Бу бир қатор давлатлар ва халқларнинг хавфсиз умргузаронлик қилиши учун энг жиддий салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Халқаро вазият оптимизм уйғотмаяпти, шу сабабли Қозоғистон ҳар доимгидан ҳам бир тан-у бир жон бўлиши керак», — деган Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари давлатчиликни мустаҳкамлаш зарурияти ҳақида гапира туриб, «акс ҳолда биз тарих йўлининг четига чиқиб қоламиз ва йўқликка юз тутамиз», деган.
«Миллатимизнинг сифати биринчи галда келажакдаги жаҳон тузилмасида қандай ўрин эгаллашимизни белгилаб беради. Агар биз кучли давлат бўлишни истасак, биз биргаликда қандай келажак қураётганимиз, миллий орзумиз қандай бўлиши, Қозоғистон фуқароси қандай бўлиши кераклиги, бизнинг таянч нуқталаримиз қаердалиги, мамлакатимизнинг миссияси нималардан иборат бўлиши ҳақидаги фундаментал саволларга жавоб топишимиз керак бўлади.
Бугун мен бу масалада ўз қарашларимни ифода этмоқчиман. Ўтказилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни жамиятдаги чуқур ижтимоий-маданий ўзгаришлар билан ҳамоҳанг олиб боришдек муҳим вазифа олдимизда турибди.
Биз олдинга интилиб, ўз қадриятларимизни мустаҳкамлаш устида доимий иш олиб бориш билан бирга мамлакат ривожига тўсиқ бўладиган барча нарсалардан воз кечишимиз лозим. Фақат шу йўл билан биз миллатимизнинг янги сифатига эга бўламиз ва кўп асрлик давлатчилигимизни мустаҳкамлаймиз. Акс ҳолда, биз тарих йўлининг четига чиқиб қоламиз ва йўқликка юз тутамиз. Мен ҳар қанақа қадриятни махсус фармон ёки қонун билан жорий этиб бўлмаслигини жуда яхши тушуниб турибман», — деган Тўқаев.
Мавзуга оид
21:59 / 11.12.2024
Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жазо кучайтирилади
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
17:03 / 28.11.2024
Путин Қозоғистонга келиб, Тўқаев билан учрашди – асосий келишувлар ҳақида
12:47 / 22.11.2024