Жаҳон | 11:45 / 17.06.2023
12445
6 дақиқада ўқилади

Инсоният олдидаги улкан хавф: чўлланиш ва қурғоқчилик яшил ҳудудларни “ютиб юборяпти”

Фото: Kun.uz

БМТ томонидан ҳар йили 17 июнь — Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида белгиланган. Мазкур муаммо бугунги кундаги энг ўткир муаммолардан бири саналади. Жаҳонда йилдан йилга яшил майдонлар камайиб, чўл ҳудудлари ортиб бормоқда.

Одатда чўлланиш, қурғоқчилик, озиқ-овқат муаммолари деганда кўз ўнгимизга Африка қитъасидаги ҳудудлар келади. Аммо вазият биз ўйлаганчалик фақат бир минтақа билан чегараланмаяпти. Бугун Осиё, ҳатто Европа ҳам бу муаммо билан юзлашмоқда. Инсоният улкан синов қаршисида турибди.

Маълумотларга кўра, бир дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Ҳар сонияда дунё бўйлаб 23 гектар чўлланиб боряпти. Бу ҳолат давом этаверса, 2050 йилга бориб, Ер юзининг 95 фоизи чўлланиши ва бу 3 миллиарддан зиёд одамни озиқ-овқат танқислигида қолдириши мумкин.

Инсон омили

Чўлланиш икки икки хил сабабга кўра вужудга келади: табиий ва антропоген (инсон) омил таъсирида. Табиий омил турли офатлар, қуруқ иқлим шароити таъсирида пайдо бўлади.

Инсон омили эса дарахтлар ва ўсимлик оламининг йўқ қилиниши, деҳқончилик фаолияти ва турли кимёвий ўғитлардан фойдаланиш, нотўғри суғориш тизими, ерларни ўзлаштириш таъсирида вужудга келади.

Афсуски, ҳозирда Ер юзининг 75 фоиз ҳудуди чўлланиш таъсирига учраган, 2050 йилга бориб бу ҳолат 90 фоизга етиши кутилмоқда. Чўл ҳар куни, ҳар соатда яшил ҳудудларда аждарҳодек ўз домига тортиб бормоқда.

Ҳар йили бу муаммога учраётган ер майдони ҳажми Европа Иттифоқи ҳудуди (4,2 млн. кв.км)нинг қарийб ярмига тўғри келади. Чўлланишдан энг кўп азият чекаётган минтақалар бу Африка ва Осиёдир.

Қурғоқчил иқлим ва чўл ҳудудларининг кенгайиши 2050 йилгача 700 миллиондан ошиқ кишининг ўз яшаш ҳудудини тарк этишига сабаб бўлиши кутиляпти. Энг ёмон сценарийда бу кўрсаткич 2 миллиардгача етиши мумкин. Энг катта хавф Хитой ва Ҳиндистон, Саҳройи Кабир ҳудудларига қаратилиши мумкин. Афсуски, бу муаммо Ўзбекистон жойлашган Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмайди.

Европа минтақаси ҳам бу борада мақтана олмайди. Европа Иттифоқи ҳудудининг 8 фоизи чўлланиб бормоқда. Қарийб 14 миллион гектар ҳудуд хавф остида қолган. Аҳвол айниқса Жанубий, Шарқий ва Марказий Европада жиддий тус олиб бормоқда.

Миллионлаб одамларни ёстиғини қуритган муаммо

Қурғоқчилик том маънода чўлланишнинг «эгизаги» саналади. У ёғинларнинг камайиши, сув ресурсларининг озайиши билан характерланади. Афсуски, аввал ўн йилларда рўй берадиган ушбу муаммо яқин йиллардан бери инсониятнинг доимий йўлдошига айланиб бўлди.

БМТ маълумотларига кўра, 1900-2019 йиллар оралиғида қурғоқчилик 2,7 млрд киши ҳаётига таъсир қилди, 11,7 млн кишининг ёстиғини қуритди.

Биргина Ҳиндистонда 1630-1632 йилларда Ҳиндистонда содир бўлган қурғоқчилик ҳосилсизликка олиб келди, натижада икки миллиондан ошиқ киши ҳалок бўлган. Яқин тарихда қурғоқчилик АҚШдек ривожланган ва қудратли давлатга катта муаммо туғдирди: Иллинойсдаги қурғоқчилик давлатга 60 миллиард доллардан ошиқ зарар келтирди, мингга яқин киши вафот этди.

Қурғоқчилик оғир муаммолар келтириб чиқаради: қум бўронлари, ҳосилнинг нобуд бўлиши, очлик, оммавий миграция, ўрмон ёнғинлари, ижтимоий муаммолар ва турли вирусли касалликлар шулар жумласидан. Биргина 1970 йилдан 2010 йилга қадар қурғоқчилик Африкада бир миллион кишининг ҳаётига нуқта қўйди.

Муаммо чегара ва минтақа танламай қўймоқда: 2022 йил ёзида Ғарбий Европа давлатлари ҳам кучли қурғоқчиликдан азият чекди.

Ҳатто турли каналлар жуда кўп бўлган Нидерландиядек давлат ҳам қурғоқчилик муаммосига мубтало бўлди. Маълумки, мамлакатнинг учдан икки қисми денгиз сатҳидан паст ҳудудларда яшайди ва улар денгиздан дамбалар билан ҳимояланган. Қурғоқчилик сабаб торфдан бунёд этилган дамбаларда ёриқлар пайдо бўлиши мумкин эди. Ҳукумат махсус гуруҳлар тузди: улар дамбаларнинг техник ҳолатини кузатиб боришга масъул этиб белгиланди. Аҳолининг бахтига бутун ёз давомида дамбаларга ёриқ вужудга келмади.

Қурғоқчиликка қарши турли хил кураш усуллари мавжуд: дамба ва сув омборлари қуриш, денгиз сувини фильтрлаб фойдаланиш, сунъий ёмғирлар ёғдириш (бу фақатгина ўта бой давлатларда эндигина тажриба сифатида йўлга қўйиляпти), дарахт ва буталардан иборат «яшил ҳудуд»ларни кўпайтириш. Орол денгизи ҳудудидаги Оролқум саҳросида охирги тажрибадан кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, ҳудди шу усулни Хитой Гоби саҳросида қўлламоқда.

Марказий Осиё «қизил чизиқ» устида

Чўлланиш ва қурғоқчилик Марказий Осиёдаги энг катта хавфлардан саналади. Минтақада денгизларда узоқда, сув ресурслари чекланган, иқлим кескин континентал.

Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Элдор Ариповга кўра, Марказий Осиё 2050 йилга бориб музликлар эриши ва қурғоқчил иқлим сабаб тоза ичимлик суви муаммосига дуч келади. Йигирма етти йил ичида минтақанинг энг йирик дарёси Амударё ўз сув ҳавзасининг 15 фоизини йўқотиши мумкин.

Ўзбекистоннинг 70 фоиз ёки 31,4 миллион гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат экани айтилади. Биргина Оролбўйи минтақасида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йиллар давомида 8 миллион гектардан ортиқ ер майдонлари турли даражада шўрланди ва 1 миллион гектар ер майдонларида эрозия ҳолатлари кузатилди. Бу эса ушбу регионнинг 96 фоиз ҳудудини ташкил этади.

Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Шу сабабли ҳар бир фуқародан табиатга яхши муносабатда бўлиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида талаб қилиш қилиш вазифамиз десак муболаға бўлмайди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид