Энтони Блинкен Пекинга келди. Бу ташриф нимаси билан муҳим?
Бугун, 18 июн куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен расмий ташриф билан Хитойга келди.
Беш ой аввал Хитойнинг айғоқчи ҳаво шари АҚШ осмонида уриб туширилганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги шусиз ҳам кескинлашиб бораётган муносабатлар янада ёмонлашганди. АҚШ бош дипломати Пекинга нега келди?
Февралда ташриф бекор қилинганди
Жорий йил феврал ойида Блинкеннинг Хитойга ташрифи режалаштирилган, лекин айнан ўша айғоқчи шар сабаб АҚШ давлат котиби Пекинга ташрифини бекор қилганди. Ўшанда Хитой шар метеорологик мақсадларда фойдаланиши ва у «кутилмаганда» АҚШ томонга бориб қолганини маълум қилганди. Ҳаво шари АҚШнинг континентал қисмига ўтиб борганидан кейин америкаликларнинг қирувчи самолёти орқали уриб туширилганди.
Билл Гейтс Си билан учрашди, Блинкен-чи?
АҚШ давлат котиби Хитойда мамлакат ташқи сиёсатига жавобгар юқори мартабали мулозимлар билан ҳам учрашади. Мамлакат раҳбари Си Жинпинг билан учрашув бўлиши эса аниқ эмас. Икки кун аввал Хитой раиси америкалик бизнесмен, узоқ йиллар дунёнинг энг бой одами бўлган Билл Гейтс билан учрашганди.
Икки қудратли давлатнинг ўзаро келиша олмайдиган кўплаб масалалари бор, аммо ўз навбатида ҳамкорлик қиладиган ва истиқболи мавжуд ундан ҳам кўпроқ масалалар йўқ эмас.
Блинкеннинг Хитойга ташрифидан кўзланган асосий учта масалани тахмин қилиш мумкин.
Муносабатларни яхшилаш
Блинкеннинг ташрифидан мақсад аввало икки давлат ўртасидаги қандайдир дипломатик муносабатларни тиклашдан иборат. Апрел ойида Венада ўтган музокараларда икки томон дипломатлари ўзаро совуқликни бироз юмшатишга муваффақ бўлганди. Аммо Блинкеннинг ташрифи икки давлат муносабатларидаги катта воқелик ҳисобланади. У Байден администрациясининг Хитойга борган энг юқори мансабли мулозимига айланди. АҚШ давлат котиблари эса Чин юртига охирги марта 2018 йилда борганди.
АҚШ президентининг Ҳинд ва Тинч океани ҳудудидаги масалалар бўйича ёрдамчиси Курт Кэмпбелл Блинкеннинг ташрифи олдидан ҳозир айни гаплашиб олиш вақти эканини айтди. Унинг фикрича, бу ташриф эҳтимолий можаро хавфини анча пасайтиради.
«Икки давлатни айро қўядиган тушунмовчиликлар давом этишига йўл қўйиб бўлмайди. Шундай глобал муаммолар борки, улар биздан биргаликда ҳаракат қилишни талаб этади», деди журналистлар билан учрашувда Байденнинг минтақа бўйича ёрдамчиси.
Хитойда Блинкенни совуққина кутиб олишди. Чоршанба куни Блинкен ҳамда Хитой ташқи ишлар вазири ўртасидаги телефон суҳбати ҳақида хабар берган Хитой томони «ўзаро муносабатлар совуқлашишида айбдор кимлиги аниқ экани»ни ёзиб, бу орқали АҚШга ишора қилди. «АҚШ Хитойнинг хавотирларини ҳурмат қилиши, рақобат номи билан суверенитет ва хавфсизлик масаласидаги мамлакатнинг ички ишларига аралашишни бас қилиши керак», деган баёнотда Хитой ташқи ишлар вазири Син Ган.
АҚШ томони Блинкеннинг ташрифидан катта натижалар кутмасликни маслаҳат берган. Афтидан, бу учрашувда эришилган энг катта нарса – у амалга ошганининг ўзи бўлади. АҚШ Давлат департаментидаги Шарқий Осиё бўйича бош мутахассислардан бири Дэниел Крайтенбринк ташрифдан кейин икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескин ўзгариб кетишини кутмаслик кераклиги ҳақида очиқ гапирди.
Унинг фикрича, Блинкеннинг ташрифидан кейин икки давлат вакиллари ўртасидаги алоқалар давом этса, мана шу алоқаларни ривожлантириш мумкин.
Савдо можароларини енгиллаштириш
Жо Байденнинг Хитой билан муносабатлари кескин бошланди, чунки у ўзидан олдинги президент Трампнинг савдо бўйича жорий қилган чекловларини ҳам, Хитойнинг бир миллиард доллар ва ундан қимматроқ турувчи товарлари учун жорий қилинган қўшимча божни ҳам бекор қилмади.
Байден икки давлат ўртасидаги «савдо уруши»да босимни оширди, дейиш ҳам мумкин. Масалан, у АҚШнинг электроника бозоридаги гегемонлигини сақлаб қолиш мақсадида Хитой компанияларига компютер чипларини сотишни тақиқлади. Хитой бунга АҚШнинг йирик Micron фирмасидан хотира чиплари импортини тақиқлаш билан жавоб берди.
Кэмпбелл Хитойнинг хавотирларини тушуниши, аммо ҳозиргача қилган ва келажакда қилинажак ҳаракатларини изоҳлашга тайёрлигини айтди.
Икки томон муносабатларида турли ривожланадиган соҳалар мавжуд. Масалан, компютер технологиялари соҳасида икки давлатнинг рақобатлашуви табиий бўлса, гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши кураш соҳасида Хитой ва АҚШ ҳамкорликда ҳаракат қилиши мукин.
АҚШ Хитойнинг героиндан бир неча баравар кучли бўлган фентанил-синтетик опиод ишлаб чиқарувчилари фойдаланадиган кимёвий компонентлар экспортини камайтиришини истайди. Чунки АҚШда охирги етти йилда фентанил дозасини ошириб юбориш оқибатида содир бўлган ўлимлар сони уч бараварга ошган. «Бу АҚШ учун муҳим ва кечиктириб бўлмас масала», деган Крайтенбринк.
Уруш ва тинчлик
Айғоқчи шар билан боғлиқ воқеадан кейин Хитой Россияга қурол етказиб бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Охирги вақтларда америкалик мулозимлар бундай айбловни илгари сурмай қўйишди. Ва балки бу орқали Россия ва Украина ўртасидаги уруш АҚШ ва Хитой ўртасидаги можарога айланиб кетишининг олдини олишга интилишаётгандир.
Аммо Блинкен Хитойга ташрифи давомида мамлакат Россияга қурол етказиб берса, бунинг оғир оқибатлари бўлишини навбатдаги марта эслатиб ўтиши табиий. Чунки Венадаги АҚШ ва Хитой вакилларининг охирги учрашувида ҳам америкаликлар томонидан бундай огоҳлантириш янграганди.
Тайван бўғози ва Жанубий-Хитой денгизида Хитой ва АҚШ ҳарбий кемаларининг фавқулодда фаоллашуви ҳам камаймаяпти. Хитой бу сувларнинг барчаси ўзига тегишли деб ҳисобласа, АҚШ бу халқаро сувлар эканини даъво қилади.
Блинкен ва жамоаси Хитойга ташрифдан асосий мақсад – икки томон ўртасида юзага келиши мумкин бўлган можаро рискини камайтиришдан иборат эканини айтмоқда. Бунинг учун эса аввало икки томонлама мулоқотни тиклаш керак эди ва якшанба куни бу йўналишда биринчи қадам ташланди.
Ҳозирча бундан кўпроқ нимадир кутиш имконсиз. Чунки АҚШда президентлик сайловлари яқинлашмоқда. Байденнинг сайловолди дастурида эса одатда Хитойга нисбатан кескин риторикадаги чиқишлар бўлади. Аммо икки томон ўзаро мулоқот учун каналлар фаолиятини тиклай олса, бу Хитой учун ҳам, АҚШ учун ҳам фақат манфаатли бўлади. Аввало жуда паст бўлса-да эҳтимоли мавжуд бўлган ҳарбий зиддиятнинг олди олиниши жиҳатидан.
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
21:52 / 24.12.2024