Жамият | 21:40 / 18.06.2023
44705
12 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида аёлларга алоҳида вагон мавзуси – Ижтимоий фаоллар билан суҳбат

Тошкент метросида аёллар учун алоҳида вагонлар ажратишга эҳтиёж борми? Айрим фаоллар бу гендер тенгликка зид, одамларни жинс бўйича ажратишга олиб келади деса, бошқалари аёллар ҳурмат қилинадиган жамиятда нафақат метро, балки бошқа жамоат транспортларида ҳам бу ташаббус амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайди.

«Тошкент метросида аёллар учун куннинг одам гавжум бўладиган маълум қисмида ёки доимий алоҳида вагонлар ажратилса яхши бўларди». Бу таклиф яқин йиллар ичида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари томонидан бот-бот тилга олиняпти. Яқин йиллар орасида илгари сурилаётган бу таклиф метро вагонида нотаниш қизга шилқимлик қилган икки талаба воқеасидан кейин яна жонланди. Умуман, метро ва бошқа жамоат транспортларида аёллар учун алоҳида вагон ва жойлар ажратиш Япония, Миср, Бразилия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон каби дунёнинг ўндан ортиқ давлатларида йўлга қўйилган. Хўш, Ўзбекистонда ҳам бу тажрибани қўлласа бўладими? Kun.uz бу борада ижтимоий фаоллар фикрини ўрганди.

Камола Алиева

“Бу масала жамоат транспортидаги тегажоғликлар билан боғлиқ бўлиб, муаммонинг ечими сифатида айрим фаоллар томонидан таклиф қилиняпти. Аммо аёллар учун алоҳида вагон қилиш муаммонинг ечими эмас. Бу гендер сегрегация – одамларни жинс асосида ажратишга сабаб бўлади. Бундан ташқари тегажоғликларга уни содир этаётган эркак эмас, аёл кишининг ўзи масъул, деган қараш пайдо бўлиб қолади. Дейлик, бир аёл ёки қиз аёллар вагонига улгурмай, ёнидаги бошқа вагонга чиқди. Ўша пайтда тегажоғликка учраса, жамият томонидан аёл қораланади бошқа вагонга чиққани учун. Тўғри, баъзи давлатларда бор бу тажриба. Лекин улардаги умумий ҳолат бўйича тегажоғликни камайтирмаган бу нарса. Бундан ташқари, жинс бўйича камситиш бўлади, гендер тенглик принципларига ҳам зид”, – дейди гендер масалалари бўйича мутахассис Камола Алиева.

Журналист Азиза Қурбонованинг фикрича ҳам жамоат транспортларида бу тажрибани қўллаш ҳар доим ҳам ўзини оқламаган.

Азиза Қурбонова

“Гендер тенгликни фаол тарғиб қилаётган ва шундай муҳит яратишга уринаётган мамлакатлар тажрибаси бундай ажратилишни тўғри деб билмайди. Бир нечта мегаполисларда яшовчи турли эътиқодли 5600 аёл ўртасида сўровнома ўтказилиб, улардан шу нарса керакми, деб сўралганида уларнинг аксарияти ундан кўра метро ва автобусларнинг қатнов оралиқ вақтини қисқартириб зичликка йўл қўймаслик керак, деб жавоб берган”, – дейди у.

Болалар психологи ва ёзувчи Муаззам Иброҳимова эса метрода аёллар учун алоҳида жой ажратиш шарт деб ҳисоблайди. У бундан ташқари жамоат транспортида тегажоғликларга қарши курашиш бўйича бошқа давлатларнинг тажрибаларидан фойдаланишни таклиф қилади.

Муаззам Ибрагимова

“Масалан, Япония тажрибасини олиб қарайлик. Ваҳоланки, Япония исломий давлат эмас. Улар аёл ва эркак психологиясини ўрганиб чиққан ҳолда шу қарорга келган. Уларнинг метроларида жинсий зўравонлик ҳақида хабар берувчи махсус тугмачалар бор. Агар кимдир босса, кейинги бекатда полиция ўша вагон эшигида кутиб туради. Бизда шу оддий нарсалар ҳам йўқ. Метро бекатлари ва вагонларга махсус зўравонлик ҳақида хабар беринг деган маънодаги тахтачалар бор. Агар шилқимлик, тегажоғлик ҳолатлари кузатилса, йўловчилар вагонларга ўрнатилган камераларга махсус белгилар билан хабар беришади. Бизда камералар бор, нега шундай имкониятлардан фойдаланмаймиз? Талабалик пайтимизда шилқимлик қилган йигитни бир қиз изидан вагондан чиққач итариб юборганди, йигит эса метро йўлига тушиб кетган. Ўша вазиятда қиз жазоланди, йигит эмас. Ўша пайтдаёқ алоҳида жойлар бўлиши керак деган фикрга келгандим”, – дейди Муаззам Ибрагимова.

Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, бу Ўзбекистонда ҳозир кун тартибидаги масала бўлмаса-да, уни амалга оширишнинг салбий томони йўқ. 

Абдураҳмон Ташанов

“Яқинда Токиода бўлганимда аёллар учун алоҳида вагонлар бор эканига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонда ҳам шу нарсани жорий қилиш масаласида муҳокамалар бўляпти. Хотин-қизлар ўзларини эркин ва қулай ҳис қилишлари учун бу нарсани қилиш мумкин, ёмон томони йўқ, менимча. Лотин Америкаси мамлакатлари, Ҳиндистон ва Япония каби давлатларда шу нарса бор. Буни жорий қилишдан олдин тегишли статистика билан шуғулланувчи ташкилотлар билан маслаҳатлашиш, маълумотларни кўриш керак. Лекин бизда Япония ёки Ҳиндистондаги каби юқори эмас тегажоғлик қилиш даражаси. Айтганимдек, олдин статистикалар эълон қилиниши ва муҳокама этилиши керак. Келажакда Ўзбекистон ҳам аҳоли кўпаяётган мамлакат сифатида бу нарсани жорий қилади. Лекин ҳозирги ҳолатимизда кун тартибидаги масала эмас бу”,  – дейди «Эзгулик» жамияти раиси.

Фаолларнинг баъзилари бу ташаббусни амалга ошириш учун Ўзбекистонда етарли транспорт инфратузилмаси мавжуд эмаслигини айтган бўлса, бошқалари аёлларга бу қулайлик эмас, қўшимча муаммолар яратади деб ҳисоблайди. Улар орасида бу таклифни амалга ошириш вақти аллақачон келганини таъкидлаганлар ҳам бор.

Муаззам Иброҳимова:

— Бу масалани гендер тенглик билан боғлаш керак эмас. Бу амалиётни жорий қилиш керак, албатта. Араб мусулмон давлатларида ҳам, бошқа ривожланган дунёвий давлатларда ҳам бу тажриба бор. Демак, ўзини ҳурмат қилувчи халқлар бу ишларни қиляпти. Қизига, аёлига зўравонлик бўлишини истамаганлар журъат этган шунга, айтганимдек, гендер тенгликка алоқаси йўқ. Тиббий-психологик, санитария, одоб-ахлоқ томонлардан қилиниши керак бўлган иш. Масалан, Туркияда алоҳида қилинмаган бўлса ҳам, жамоат транспортларида эркак ва аёллар аралашиб кетмайди, шаҳарлараро қатновларда йўл чипталари бегона аёл-эркаклар учун ёнма-ён ўриндиқларга сотилмайди. Чипта сотиш бўйича умуман назорат йўқ бизда. Хулқи бузуқ одам билан бир ёнма-ён ўриндиққа тушиб қолсанг, узоқ йўлларга ҳам соатлаб чидаб кетишга мажбурсан. Хоҳласак, ҳамма нарсанинг чорасини топиш мумкин.

Камола Алиева:

— Йўловчилар кўп пайтида тегажоғлик қилишга ҳаракат бўлади, дейишади. Бунинг ечими — жамоат транспортларини, вагонларни ва қатновни кўпайтириш. Вагонларнинг ичида ҳомиладор аёллар, болалар ёки қариялар учун жой қилиш мумкин, лекин жинс бўйича ажратиш ечим эмас. Аёллар учун алоҳидалаш давлатга иқтисодий томондан оғир бўлади. Мавжуд бўлган инфратузилмани яхшилаш ўрнига яна қўшимча муаммоли бўғинни кўпайтириш оғирлик беради бюджетга. Ундан кўра бунга кетадиган маблағни мавжуд инфратузилмани яхшилаш ва кенгайтиришга сарфлаш керак.

Азиза Қурбонова:

— Бир қарашда яхшидек, қулоққа ёқимли эшитилади, лекин жинсий сегрегация бу. Муаммоларни, саволларни кўпайтиради. Қарайдиган бўлсак, кўпчилик эркакларда шахсий машина бор, жамоат транспортларидан эса кўпроқ хотин-қизлар фойдаланади. Масалан, битта ажратилса, сиғмайди улар. Яна ажратиш керак десак, эркаклар-чи, уларнинг ҳуқуқлари нима бўлади? Ажратилган вагонга сиғмай қолган аёллар нима қилади? Кейингисини кутадими? Бошқа вагонларга чиқиш танлови ҳам бор-ку, дейиш ҳам мумкин. Лекин ўша бошқа вагонга чиққанда тегажоғликка учраса, аёл айбдор қилинади. Тиқилиб бўлсаям ўзининг вагонида кетсин эди дейишади. Нега энди биз ўша шилқимлик қилаётган айримларни эмас бутун бошли аёллар ва эркакларни ажратиб қўйишимиз керак? Автобуслар масаласи-чи, уларни иккига бўлиб қўямизми ёки икки хил автобус бўладими? Умуман, саволлар кўп. Бундай ёқимли кўринган ташаббуслар иқтисодий, ижтимоий ва психологик жиҳатдан фойдали бўлавермайди ҳар қачон ҳам. Аёллар ҳақида ўйланаётгани яхши, лекин ажратиш билан ечим қилмаслик керак. Қайсидир ахлоқсиз қачондир қилиши мумкин бўлган шилқимликни деб бутун бошли жамиятни оворагарчиликка қолдириш тўғри эмас ва ечим бўлолмайди.

Абдураҳмон Ташанов:

— Бизда энди жамоат транспорти шаклланяпти. Ҳали инфратузилма ривожланмай туриб бу нарсани қилиш қўшимча муаммо бўлади. Метрога 600 минг одам кириб чиқар экан бир кунда. Бу жуда катта сон эмас. Мана шулар ичида қанчаси тегажоғликка учрайди, қандай ҳолатда деган саволлар бўйича аниқ статистикаларни ўрганиб, кейин бир қарорга келиш керак.

Фаолларнинг фикрича жамият ўзи илгари сураётган ташаббусларни амалга ошириш учун аввало ўзи тайёр бўлиши керак. Ҳаракат қилиш фақатгина истак ва уни кимдир рўёбга чиқаришини кутишдан фойдалироқ. Жамоат транспортларида соғлом муҳитни шакллантириш жамоатчилик назоратига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. 

Муаззам Иброҳимова:

— Талаба қизлар кўп Тошкентда, кўпчилиги вилоятдан келганлар. Уларнинг пойтахтда ҳимоячиси, яқини йўқ. Иккита талаба қиз бир воқеани айтиб берганди: метрога чиқишганда бир эркак жуда қўпол ҳаракатлар қилган. Бир вагон одам ҳеч нарса демаган, кўриб туришса ҳам. Тушгандан сўнг ортидан таъқиб қилиб ётоқхонагача борган. Шу вазиятда бирорта одам уларни ҳимоя қилмаган.

Абдураҳмон Ташанов:

— Жамиятни ўргатиш учун эксперимент қилиб кўрса бўлади. Бразилия, Япониядаги каби бизда аниқ статистикалар ва шу нарсаларни ёритиш йўқ. Ҳиндистон энг кўп жинсий зўравонлик бўладиган давлатлардан бири, Япония тарихида ҳам ўтган асрнинг 50-60-йилларида жуда зўравонлик кўп бўлган. Мана шундай нарсаларни кўрсатиб, жамият онгини тайёрлаб бориш керак олдин.

Азиза Қурбонова:

— Агар жамиятнинг ўзи ахлоқли, бир-бирини тийиб турувчи бўлса, жамоат транспортларида ўзлари ажралиб ўтиради, ҳурмат қилади бир-бирини. Масалан, водийда ва бошқа жойларда автобусларда аёллар ва эркаклар бўлиниб ўтирар экан. Автобуснинг олд томонида аёллар, орқа томонида эркаклар. Одамларнинг ахлоқига ўрнашган бу нарса. Метроларда ҳам ахлоқли эркаклар, йигитлар ўзини четга олиб, аёллар учун эркинроқ жой ажратишса, яхши бўлади. Яъни жамият тайёр бўлиши керак.

Аввало фарзандларимизга бошқаларнинг ва ўзининг шахсий чегарасини ўргатишимиз керак. Шахсий ҳудуд қанча, қаерда тугайди, яқинлик қанча, ҳатто узоқ термилиб қолиш мумкинмаслиги ўргатилиши лозим. Бизда бу бўйича таълим йўқ, ҳеч қаерда ўқитилмайди. Жазолар ҳам қатъийроқ бўлиши керак. Чунки бундайларга 5-15 кунлик қамоқ ҳам таъсир қилмаётганини кўряпмиз.  

Камола Алиева:

— Адашмасам, 2 йилча олдин жинсий ва бошқа турдаги зўравонликларга қарши кампания йўлга қўйилганди. Жамоат транспортлари ва бошқа жойларда турли плакат ва баннерлар илинганди. Чипталарда ҳам ёзиб қўйилганди хабар бериш кераклиги ҳақида. Халқаро тажрибада жамоат транспортларида шундай ҳолатга тушган ва буни кўрган одамлар қандай ҳаракат қилиши кераклиги баннерларга ёзиб қўйилади. Яъни метро вагонларида, автобусларда бу ҳақида кўрсатмалар берилган. Ҳаммаси жамиятни тарбиялашга боғлиқ.

Kun.uz метро бекатларида бўлиб жамоат транспортидан фойдаланадиган одамлар орасида кичик сўровнома ҳам ўтказди. Сўровномада 30 дан ортиқ юртдошларимиз қатнашди. Ҳар тўрт иштирокчидан уч нафари аёллар учун алоҳида вагонлар ажратилиши керак деб ҳисоблашини айтди.

Кўрсатувни тўлиқ шаклда юқоридаги видеода томоша қилишингиз мумкин 

Мақсуда Абдуқаюмова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид