Ўзбекистон | 18:24 / 19.06.2023
17110
2 дақиқада ўқилади

Мактаб битирувчилари шаҳодатномани 20 июндан юклаб олиши мумкин

11-синф мактаб битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг олий таълим муассасаларига қабул бўйича электрон платформасига интеграция қилинган.

Фото: Telegram / uzedu

Мактаб битирувчилари шаҳодатномани 20 июндан бошлаб, e-shahodatnoma.uz ахборот тизими орқали онлайн тарзда юклаб олиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, 11-синф мактаб битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг олий таълим муассасаларига қабул бўйича электрон платформасига интеграция қилинган.

Шу боис, олий таълим муассасаларига электрон ҳужжат топшириш жараёнида битирувчининг шаҳодатнома маълумотлари автоматик тарзда тақдим этилади. Битирувчилар шаҳодатномани шахсан тақдим этишига эҳтиёж йўқ.

e-shahodatnoma.uz электрон платформасига қуйидаги умумий ўрта таълим мактаблари 11-синф битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари киритилган:

- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари;

- Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар;

- Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тасарруфидаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари;

- Нодавлат таълим ташкилотларининг 11-синф битирувчилари.

Академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг диплом маълумотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг электрон тизимига киритилади.

Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларини 390 мингдан ортиқ битирувчилар тамомлайди.

Мавзуга оид