«Ёлғизликнинг юз йили» — қалб ёлғизлиги оғриқлари ҳақидаги асар
Инсон учун энг даҳшатли нарса бу – қалбан ёлғизлик. Бундай ёлғизлик ич-этингизни кемиради, феълингизни айнитади, чексиз руҳий азобларга дучор қилади. Кундан кунга инсонлар учун ёпилиб бораётган қалбингизни ёлғизлик чирмовуқлари ўраб бораётганини кўриб турасиз. Аммо ҳеч нарса қилолмайсиз.
Дунёнинг машҳур ёзувчиси Габриел Гарсиа Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» асари қаҳрамонлари ҳам айнан шундай ёлғизлик домига тушганлардан. Ёзувчи асар орқали қалб ёлғизлигининг фожиали оқибатларини кўрсатмоқчи бўлади.
«Ёлғизликнинг юз йили» бир қараганда бемаъни ва тушунарсиз китобдек туюлиши мумкин. Аммо унинг адабиёт дурдоналари сафида тургани, китоб оддий асарлардан эмаслигини англатади. Ушбу китобни ўқий бошлаган китобхонларнинг йўқ деганда, 40 фоизи асарнинг нари борса 100 саҳифасини ўқир-ўқимас ташлаб қўяди.
Асар чиндан ҳам ғалати. Воқеалар бир-бирига боғланмагандек туюлади. Сиртдан қараганда, шаҳвоний ҳисларни тарғиб этаётгандек ҳам. Бир қарасангиз фантастика, бир қарасангиз мифология унсурлари учрайди. Аммо китобхон мутолаани давом эттиравериши керак.
Унинг ёзилиш тарихи ҳам ўзи каби ғалати бўлган. Маркес ушбу дурдонасини қанча қарзлар эвазига, уйга қамалиб олиб яратган. Нашрдан чиқариш учун ҳатто аёли Мерседеснинг фенигача гаров қўйишга тўғри келган экан. Шунга яраша асар ёзувчи учун шон-шуҳрат ҳам олиб келди. Китоб тугагандан сўнг бошланадиган асарлар сирасига киради. Китобхон ўқиш жараёнида мантиқ излаб чарчайди. Адибнинг мақсадини тушунолмай қийналади. Якунлагандан сўнг бошланади аслида ҳаммаси. Ҳафталаб миясида анализ, синтез жараёнлари кечади.
Биринчи савол асар номи юзасидан туғилади. Нега айнан «Ёлғизликнинг юз йили»? Ахир асарда ёлғизликка доир бирорта белги учрамайди-ку!
Ёзувчи асардаги ёлғизликни ўз луғавий маъносида қаламга олмаган. Ёлғизлик деганда атрофда ҳеч кимса йўқлиги, якка ҳолатда ўтиришни тушунмаслик керак. Бир инсоннинг атрофида юзлаб одамлар бўлиши мумкин. Аммо у ўзида қалбан ёлғизликни ҳис қилса барибир ёлғиз, яна бир инсоннинг ёнида тирик жон бўлмаслиги мумкин, лекин унда ширин хотиралар, дилида иймон-эътиқод бўлса, у сира ҳам ёлғиз эмасдир.
Ишончдан айролик, ўзликни йўқотиш, мақсадсизлик, умидлар чилпарчинлиги, худбинлик, ахлоқсизлик каби ҳолатлар ҳам ёлғизликнинг бир кўринишидир. Маркеснинг ҳар бир қаҳрамони мана шундай ёлғизлик чангалида эди. Асар рамзларга тўла. Ҳар қайси деталдан маъно топиш мумкин. Масалан, Буендиа ва Урсула тарк этган шаҳарни олайлик. Одамнинг ватани унинг ўзлиги ҳисобланади. Улар ўз шаҳарларини тарк этиш орқали ўзликларини тарк этгандек бўлишди. 2-деталь –– уйқусизлик касали. Бу касалликка чалинганлар ҳеч қандай ланжлик сезмайди. Ўзларини тетик ҳис қилади. Касалликнинг бирдан бир ва даҳшатли зарари хотирадан айрилишдир. Бу ҳар қандай дарддан кўра мудҳишроқ. Хотираси йўқ одам манқурт ва ўзликсиз. Унинг яшашдан мақсади ҳам, мазмуни ҳам қолмайди. Ушбу детал инсонларнинг тарихни унутиши, ўзликнинг ёддан кўтарилиши рамзи бўлиб хизмат қилади.
Тарихи йўқ инсоннинг, тарихи йўқ давлатнинг, албатта, келажаги ҳам йўқ. Адабиётшунослар Маркес бу асари орқали адабиётга Қиёмат утопиясини олиб кирган деб ҳисоблашади. Асар сўнгида бутун бир сулола йўқ бўлиб кетади.
Румийнинг машҳур бир фикри бор: «Мени менда деманг менда эмасман. Бир мен бордир менда мендан ичкари...» Ҳар бир инсоннинг мана шу ичкарисидаги «мен»и ёлғиз бўлмаслиги лозим. Бу қалб ёлғизлиги, руҳ яккалиги маънавий қашшоқликка, ахлоқий бузуқликка, Худодан узоқлашишга олиб келади. «Ёлғизликнинг юз йили»ни ҳали кўп таҳлил ва талқин қилиш мумкин. Ярмига етиб етмай ташлаб қўйган китобхонларга китобни чанг босиб ётган токчасидан қайта олиб ўқиб чиқишини тавсия қиламиз.
Гуласал Қодирова, китобхон
Мавзуга оид
08:33 / 20.04.2024
Болалар учун машҳур алломаларга бағишланган махсус асарлар яратилади
17:07 / 11.08.2023
«Отамдан қолган далалар» – ўз юртида елкаси офтоб кўрмаган деҳқон фожиаси
17:22 / 08.08.2023
«Сўроқ» – виждон сўроғини тинглашга чорловчи асар
11:00 / 18.07.2023