Ўзбекистон | 19:27 / 20.06.2023
25615
2 дақиқада ўқилади

Бекобод шаҳар ИИБдаги тергов ҳибсхонасида маҳкум ўз жонига суиқасд қилди

Камерадошлари унинг ҳаётини сақлаб қолган. Прокуратура терговга қадар текширув ўтказяпти.

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБга қарашли муқаддам тергов ҳибсхонаси деб юритилган, айни пайтда вақтинча сақлаш ҳибсхонаси деб аталувчи муассасада сақланаётган 23 яшар эркак ўз жонига суиқасд қилган.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, камерадошлари унинг ҳаётини сақлаб қолишган. Ҳолат 17 июндан 18 июнга ўтар кечаси тунги соат 01:00 атрофида рўй бергани айтилмоқда.

Камерадаги одеяло ёрдамида ўзини осган шахс Бекобод туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланиб қўлга олинган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида қарор қабул қилингани сабабли у Бекобод шаҳар ИИО вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб келинган.

Вилоят прокуратураси ахборот хизмати бу маълумотни тасдиқлаб, айни пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари кетаётгани, ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланганини билдирди.

Тошкент вилоят ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов таҳририятга келиб тушган дастлабки маълумот – вақтинча сақлаш ҳибсхонасида маҳкум вафот этганини рад этди. Аммо у маҳбуснинг ҳаёти сақлаб қолингани, айни пайтда рўй берган ҳодиса прокуратура томонидан текширилаётганини негадир айтгиси келмади.

Ҳолбуки Бобур Тўлаганов яқиндагина Тошкент вилояти ИИББнинг минтақавий бўлинмаларидан бирининг раҳбари қамоққа олингани, тинтув чоғида унинг хизмат хонасидаги сейфидан 20 минг АҚШ доллари чиққани ҳақида хабар берганимизда “мендан бу ҳақда изоҳ сўрашмади” дея, таҳририятни ёлғон маълумот тарқатганликда айблаган, лекин тарқатилган ахборотни рад этмаганди ҳам.

Мавзуга оид