Жаҳон | 20:21 / 20.06.2023
30774
11 дақиқада ўқилади

«Бу жуда оғир жанг». Украинларнинг қарши ҳужуми ҳақида нималар дейишмоқда?

Украина армиясининг қарши ҳужуми бошланганидан икки ҳафта ўтиб эришилган ютуқлар камтаргина, аммо 1000 километрга чўзилувчи бутун фронт чизиғи бўйлаб уч йўналишда ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Фото: Reuters

Олдиндаги бўлинмалар разведка жанглари ўтказмоқда, украин кучларининг катта қисми эса Россия мудофаасида етарлича катталикдаги тешик ҳосил бўлишини кутганча захирада турибди - шу жойдан асосий ҳужумни бошлаш ва мамлакат жанубидаги ҳудудларни қайтариб олиш учун.

Жанглар жуда оғир кечмоқда ва икки томон ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. Икки армия ҳам мунтазам равишда ютуқлар ҳақида ҳисобот бермоқда. Украинанинг Донецк области жанубидаги илгарилаши секинлаб қолган, аммо юриш давом этмоқда.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр украин армияси уч йўналишда тахминан бир километрдан илгарилагани ҳақида ҳисобот берган: Бахмут атрофи ва жанубий фронтдаги икки йўналишда.

Бу олға силжишлар қайси вақтда рўй берганига Маляр аниқлик киритмаган, унинг 19 июн тонгидаги хабарига кўра, қарши ҳужум бошланганидан буён қуйидаги саккизта аҳоли яшаш манзили озод этилган: Запорижжя областининг Новодаривка, Левадне, Лобкове ва Пятихатки, Донецк областининг Сторожеве, Макаривка, Блаҳодатне ва Нескучне қишлоқлари.

Малярнинг сўзларига кўра, украин қисмлари Бахмутдан шимолда ва у Бердянск ва Мариупол йўналишлари деб атаган участкаларда юриш қилмоқда - булар жанубий фронтдаги, Орихив ва Велика Новосилкадан жанубдаги ҳудудлар.

Украина қуролли кучлари Бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бригада қўмондони Олексий ўтган ҳафтада журналистлар қаршисидаги чиқишида сўнгги ҳафтада украин қўшини озод этган умумий майдон ҳажми 100 квадрат километрдан ортиқни ташкил этишини маълум қилганди.

Украина президенти Володимир Зеленский Американинг NBC телеканалига берган интервюсида фронтдаги вазият мураккаблиги, аммо «позитив характерга эга» эканини айтган, аммо тафсилотларга тўхталмаганди.

«Бизнинг одамларимиз, ҳозирда душманнинг биринчи линиясига кирган ҳарбийлар - қаҳрамонлардир. Улар жиддий қаршиликка дуч келишмоқда. Ва бу негалиги тушунарли. Чунки Россия Украинанинг бу қарши ҳужумида мудофаа амалиётида ютқазишини мен бутун урушни ютқазиши деб ҳисоблайман», деган Зеленский.

Бу вақтда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк украинларнинг қарши ҳужуми ҳали кўп жиҳатдан бошланмагани, қўшинлар эса фақат россияликлар мудофаасидаги заиф нуқталарни аниқлаш билан машғуллиги ҳақида айтди.

«Россиядагилар биз аллақачон ютиб бўлдик, қарши ҳужумни қайтардик деяётган қарши ҳужумни биз ҳали бошлаганимиз йўқ», деган Подоляк украин телемарафони эфирида.

Подолякнинг айтишича, ҳозирда украин қўшинларининг мақсади - рақибнинг имкон қадар кўпроқ техникалари ва сафарбар этилган аскарларини йўқ қилиш ва мудофаа линиясидаги нисбатан заиф нуқталарни аниқлаб, аста-секин олдинга юришдир.

Кўплаб кузатувчиларнинг таъкидлашича, Киевнинг йил бошида бўлажак қарши ҳужум самарадорлигини таъминлаш учун Украина қуролли кучларига зарур бўлган қуролларни (жумладан, ғарб қирувчи самолётлари, узоқ масофага зарба берувчи ўқ-дорилар, етарли миқдорда артиллерия ва жанговар танклар) етказиб бериш бўйича сўровларининг кўп қисми бажарилмади, шунинг учун қўшинлар Россия мудофаа линияларини аста-секин «ғажиб бориш» тактикасини қўллашга мажбур бўлмоқда ва бу жараён бир неча ой давом этиши мумкин.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Подолякнинг сўзларига изоҳ бериб, у «катта эҳтимол билан ўзларининг сафарбар қилинган аскарлари ҳақида гапираётгани»ни айтиб, қоидага кўра, ҳужум қилаётган томоннинг йўқотишлари мудофааланаётган томон йўқотишларидан бир неча баробар кўп бўлишига эътибор қаратди.

Ҳозирги юриш вақтида икки томоннинг йўқотишлари кўламини мустақил равишда баҳолаш имконсиз.

АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли ҳам Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми боришига баҳосини берган.

Американинг энг юқори мартабали генерали бўлган Миллининг сўзларига кўра, украин қўшини аста-секин ютуқларга эришмоқда, аммо юриш учун тўлов катта эҳтимол билан жуда юқори, жанг эса - ҳаддан ташқари оғир бўлади.

«Украина юришни бошлади ва улар аста-секинлик билан олға силжишмоқда. Бу жуда оғир жанг. У жуда бешафқат ва анча вақт талаб этади, тўлов эса юқори бўлади», деган ҳарбий мулозим.

Генерал Миллининг баҳоларига кўра, Украина армияси яхши етакчилик фазилатлари ва юксак руҳи билан ажралиб туради, россиялик ҳарбийлар ҳақида эса бундай сўзларни айтиб бўлмайди.

«Уларнинг етакчилари ҳамиша ҳам келишиб ҳаракатланмайди, уларнинг қўшинида руҳият юқори эмас ва улар чуқур мудофаада ўтиришади. Улардан кўпчилиги нима учун бу жойга келиб қолганини ҳам тушунмайди», деган америкалик генерал Россия армияси ҳақида.

«Ҳал қилувчи босқич ҳали олдинда»

Юқори интенсивликдаги ҳарбий ҳаракатлар улкан миқдордаги ўқ-дорилар сарфини талаб этади ва амалиёт муваффақияти уларнинг ўз вақтида тўлдирилишига боғлиқ.

Британиянинг Мудофаа тадқиқотлари бўйича бирлашган қироллик институти (RUSI) ҳарбий эксперти Жек Уотлинг ўз таҳлилида Украина қуролли кучлари қарши ҳужуми боришига баҳосини берган ва бу юриш келгусида қандай ривожланиши мумкинлигини тахмин қилишга уринган.

Таҳлилчининг ҳисоблашича, украин ҳарбийлари аллақачон фронтнинг кенг участкасида РФ армиясининг дастлабки позицияларини ёриб ўтишга муваффақ бўлган, бироқ ҳозирча улар асосий мудофаа чизиғидан узоқда. «Киев ҳозирча ўз кучларининг асосий қисмини ишга солмаяпти ва унинг илғор бўлинмалари ёриб ўтиш учун шароит ҳозирлашга ҳаракат қилмоқда», дея ёзган Уотлинг.

У украин кучлари операциянинг биринчи босқичида катта қийинчиликка дуч келганини қайд этган. Экспертнинг баҳоларига кўра, биринчи мудофаа линияси фақат қўлда қазилган хандақ ва блиндажлардан ташкил топган, аммо уларнинг ортида миналанган кенг майдон мавжуд бўлиб, бу ҳудуд мунтазам равишда россияликларнинг дронлари ва артиллерияси нишонида туради.

Украинларнинг ҳозирги позицияларидан 15-20 километр масофада жойлашган РФ қуролли кучлари асосий мудофаа чизиғи профессионаллик билан қазилган траншеялар, бетонланган ўт очиш нуқталари, танкка қарши тўсиқлар ва миналардан таркиб топган, дея ёзади Уотлинг. Бу ерда артиллерия зарбаларини мувофиқлаштириш учун алоқа тармоғи ҳам мавжуд. Иккинчи мудофаа линияси ортида яна бир учинчи, захира позицияси жиҳозланган, дея хулоса қилади эксперт.

Сиёҳранг стрелкаларда украинларнинг қарши ҳужум йўналишлари кўрсатилган

Уотлингнинг тахмин қилишича, ҳарбий ҳаракатлар тез орада Украина қуролли кучлари учун янада қийинлашади, чунки улар россияликлар мудофаасига чуқур кириб боргани сари Россия артиллерияси уларга аниқроқ зарба бера бошлайди. Шу билан бирга, украинларнинг артиллерия қурилмалари етарли даражада самарали ишлай олмайди, Украина қуролли кучларининг ҳаракатларини эса олдиндан кўриб туриш мумкин бўлади, чунки улар фақат миналардан тозаланган участкалар бўйлаб ҳаракатланишига тўғри келади. Украин қўшинларига қарши Россия авиациясини қўллаш хавфи ҳам ошиб боради.

Уотлингнинг фикрича, ҳозирда Украина қуролли кучлари қуйидаги учта асосий мақсадга эришишга ҳаракат қилмоқда:

  • Биринчидан, улар россиялик ҳарбийлар билан интенсив қарама-қарши батарея жанглари олиб боришмоқда, икки томон ҳам ўз рақибининг қўмондонлик ва логистик марказлари, шунингдек артиллерия қуролларини нишонга олишга уринмоқда.
  • Иккинчидан, Украина қуролли кучлари Россия армиясини захираларни ишга солишга мажбур қилишни истайди, яъни фронт секторини мустаҳкамлаш учун учинчи мудофаа линиясида жойлаштирилган қўшинларни олдинга чиқаришини ва уларга зарба беришни. Шу тариқа украин ҳарбийлари РФ армияси мудофаасидаги заиф жойларни белгилаб олиши осонлашади, яъни ёриб ўтган отрядлар захирадаги янги бўлинмалар томонидан қарши олинмайдиган ҳудудларни.
  • Учинчидан, украин армияси биринчи мудофаа линиясидан иложи борича кўпроқ масофага ичкари силжиш учун бутун фронт бўйлаб ҳужум қилмоқчи. Бу асосий мудофаа чизиғига ҳужум қилиш учун кўпроқ вариантлар тақдим этади ва россиялик ҳарбийлар учун асосий зарба қаердан келиши ноаниқлигича қолади. Бундан ташқари, бундай кенг фронт бўйлаб ҳаракатланиш Россия қўмондонлигини қўшинларни максимал даражада тарқоқ жойлаштиришга мажбур қилади ва эшелонланган мудофаа ташкил этиш имкониятларини чеклайди.

Украина юришининг келажаги ҳақида ёзаркан, Уотлинг Украина қуролли кучлари қайсидир паллада асосий зарба йўналиши бўйича бир қарорга келиши кераклигини айтади. Амалиётнинг ҳал қилувчи босқичи айнан ўшанда бошланади.

«Бу тузилмалар ҳаракатга келтирилганда юриш ёки муваффақиятга олиб келади ёки ҳалокатга. Мудофаа линияси ёки ёриб ўтилади ёки йўқ. Ва Киев жанг майдонини шундай тайёрлаши керакки, ёриб ўтиш эҳтимоли кўпроқ бўлсин», дея ҳисоблайди RUSI эксперти.

Агар шундай муваффақиятга эришилса, асосий масала Украина ўз ютуғини ривожлантириш учун қанча захира тузилмаларини юбора олишида бўлади, дея давом этади Уотлинг. Ва бу паллада ҳаракатлар тезлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлишини қўшимча қилади.

«Бундай шарт-шароитлар яратиш учун украин кучлари томонидан жиддий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилади, бу эса россияликларни ҳаракатланишга мажбур қилади. Аммо агар улар муваффақият қозонса, мудофаа мустаҳкамлиги тезда дарз кетиши мумкин. Украина ҳам худди шундай вазиятни юзага келтиришга ҳаракат қилиши мумкин, аммо бунга ишониб қолиш керак эмас», деб ҳисоблайди Уотлинг.

Унинг прогнозларига кўра, ёз Украинанинг ғарбдаги ҳамкорлари учун ўта оғир келади, чунки украинларнинг йўқотишлари ўсишда давом этади, ютуққа эришиш учун эса вақт керак бўлади. Аммо, экспертнинг фикрича, ғарб давлатлари келгусида ҳам украин ҳарбийларини тайёрлашда ва Украина қуролли кучларини зарур техникалар ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этиши керак.

«Ушбу ҳужум давомида қанча ҳудуд озод этилишидан қатъи назар, Кремлга унинг мағлубияти муқаррар эканини ишончли тарзда кўрсатиш жуда муҳим - бу ҳатто бир неча босқичда амалга оширилса ҳам», дея хулоса қилади эксперт.

Мавзуга оид