Ўзбекистон | 18:20 / 20.06.2023
10478
3 дақиқада ўқилади

Уч ойда 1,4 миллионта маъмурий жавобгарлик қайд этилди. Уларнинг ярми ҳайдовчиларга оид

2023 йилнинг биринчи чорагида қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир статистика очиқланди. Маълум бўлишича, бор-йўғи 3 ой ичида 1 миллион 422 мингдан ортиқ ўзбекистонлик маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу – Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 4 фоизига тенг.

Ҳукуматнинг очиқ маълумотлар портали ҳамда Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида 2023 йилнинг биринчи чораги – январь-март ойларидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир статистик маълумотлар очиқланди.

Маълум қилинишича, бу даврда 1 млн 422 минг нафарга яқин фуқарога нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланган.

Ҳуқуқбузарларнинг ярмидан кўпи (762 минг) йўл-транспорт соҳасидаги қоидабузарликлар учун жавобгарликка тортилган. Кейинги энг кўп ҳуқуқбузарликлар бошқарув тартибига қарши (201 мингдан ортиқ), жамоат тартибига қарши (142 мингдан ортиқ), савдо ва тадбиркорлик соҳасидаги (97 мингдан ортиқ) ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги (84 мингдан ортиқ) ҳуқуқбузарликлар тоифасига киради.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳудудлар кесимида энг кўп пойтахт Тошкентда қайд этилган: 3 ойда 190 мингдан ортиқ. Ушбу муддатда Тошкент вилоятида 181 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик қайд этилган.

Бундан ташқари, мазкур даврда яна 5 та ҳудудда: Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Андижон ва Наманган вилоятларининг ҳар бирида 100 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик расмийлаштирилган.

Статистикага кўра, йўл-транспорт соҳасидаги 500 мингдан ортиқ қоидабузарликларнинг асосий қисми МЖтКнинг 7 та моддасига тўғри келмоқда.

Масалан, ҳайдовчилар машинасини пиёдалар йўлагидан юргизиши, йўл белгилари ва бошқа қоидалари риоя этмаслиги натижасида 3 ой ичида 290 мингдан ортиқ маъмурий баённома тузилган. Яна бир кенг тарқалган қоидабузарлик транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш эса 150 минг мартадан ортиқроқ содир этилган.

Бундан ташқари, мазкур муддатда пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчилари томонидан ҳам 30 мингдан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.

Статистикада очиқланган яна бир турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик – паспорт тизими қоидаларини бузиш бўйича 132 мингдан ортиқ баённома тузилган.

Майда безорилик ҳамда жамоат жойларида алкоголь истеъмол қилиш юзасидан жавобгарликка тортилган шахслар сони 90 мингдан ортади. Шунингдек, 3 ой давомида 22 мингдан ортиқ фуқаро ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмагани учун жавобгарликка тортилган. Яна 5 минг 600 фуқаро санитария қонун ҳужжатлари ҳамда эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган деб топилган.

Статистикада очиқланмаган бошқа турдаги қоидабузарликлар сони ҳам кичик эмас – 3 ойда 622 980 нафар шахсга қўлланган маъмурий жавобгарликнинг аниқ моддалари маълум эмас.

Агар очиқ маълумотлар порталида келтирилган рақамларга таянилса, 600 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликларнинг тахминий картинаси пайдо бўлади. Яъни 3 ой давомида қайд этилган 1,4 миллиондан ортиқ ҳуқуқбузарликнинг асосий қисми (700 мингдан ортиғи) йўл-транспорт соҳасига алоқадор. Қолган турдаги ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисми эса бошқарув ва жамоат тартибига қарши моддалар билан малакаланган. Бундан ташқари, савдо, молия ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар катта рақамларни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид