Жаҳон | 12:59 / 21.06.2023
12413
6 дақиқада ўқилади

“Чапақай автомобиллар” ҳаракати: тарих, қарашлар ва фарқлар

Фото: worldstandards

Кўп давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ўнг томонлама ҳаракат қоидаси амал қилади. Бунда автотранспортлар йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланади, ҳайдовчи ўриндиғи эса автомобилларнинг чап томонида жойлашади. Дунёнинг катта қисмида ўнг томон қоидаси амал қилади. Маълумотларга кўра, бундай давлатларнинг улуши 66 фоизни ташкил этади.

34 фоиз улуш эса “чапақай”ларга тўғри келади. Улар орасида Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Буюк Британия каби йирик давлатлар ҳам бор. Шунингдек, жаҳондаги йўлларнинг 72 фоизи ўнг томонли, 28 фоизи эса чап томонли йўллардир.

Тарих

Жаҳон аҳолиси ичида чапақайлар унча катта гуруҳни ташкил қилмайди. Лекин шунга қарамасдан чап томонлама ҳаракат тарихи узоқ асрларга бориб тақалади.

Тарихий фактларга кўра, ушбу тарздаги ҳаракат Қадимги Римда ҳам аниқланган. Жумладан, милоддан аввалги 50 йилларда зарб этилган тангада акс этган чавандоз тасвиридан буни билиб олиш мумкин. Унда чавандоз от минган ҳолда йўлнинг чап тарафида тургани акс этган.

Замонавий чап йўл ҳаракатининг асосий ташаббускори Буюк Британия саналади. Шу сабабдан мазкур қоида Британиянинг собиқ мустамлакалари орасида кенг тарқалган. Тарихчиларга кўра, Британияга мазкур одатни Рим империяси мерос қилиб қолдирган.

1756 йилда Лондон кўпригида чап томонлама ҳаракатланиш борасида билл (ҳужжат) қабул қилинди, аср охирида эса “Йўл акти” қабул қилинди. Натижада бутун Англия бўйлаб чап қўл қоидаси амал қила бошлади.

Инглизлар чап томонлама ҳаракатга бир қанча сабабни келтиришди, уларга кўра, бундай ҳаракатда тананинг фаол қисми, яъни ўнг томон кўпроқ ишлатилади, ҳайдовчи ўзининг кучлироқ бўлган қўлидан кўп фойдаланади.

1969 йил британиялик инженер Жон Жозеф Лимингга кўра, чап томонлама ҳаракатда ўнгга қараганда камроқ йўл-транспорт ҳодисалари кузатилган.

Нега кўпчилик ўнг томонлама ҳаракатланади?

Агар чап томонлама ҳаракат хавфсизроқ бўлса, нега кўпчилик ўнг томонни қоида тариқасида қабул қилган деган савол туғилади. Бу машҳур саркарда Наполеон даврига бориб тақалади.

Маълумки, Наполеон инглиз давлатини хушламаган ва ўзининг ашаддий рақибларидан дея билган. Шу сабабдан француз ҳукмдори мамлакатда ўнг томонлама ҳаракатни қоида қилиб қўяди. Бу Германия Швейцария, Италия, Польша ва Испанияда ҳам тарқалади.

Россияда ҳам Пётр Биринчи даврида ҳаракат ўнг томонидан бўлгани тарихий манбаларда мавжуд. Расман 1752 йилда императрица Елизавета Петровна қарор чиқариб, ўнг томонлама ҳаракатни қонунийлаштиради.

Буюк Британиядан мустақил бўлган АҚШ ҳам шу йўлни танлайди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг япон босқинчиларидан халос бўлган Корея ҳам шундай йўл тутади. Бу нарса кейинчалик Хитойда ҳам жорий этилади. Аммо Гонгконг ва Макаода ҳали-ҳануз чап тарафлама ҳаракат амал қилади.

Японияда чап томонлама ҳаракат амалда эканининг бир қанча сабаблари бор. Жумладан, япон самурайлари қиличларини чап томонларига тақиб юришган, отда юрганда бир-бирларига халақит бермаслик учун чап тарафдан ҳаракатланишган. Шунингдек, Буюк Британия билан кенг алоқалар ҳам таъсир қилган. 1927 йилда қабул қилинган қонун билан Японияда чап томонлама ҳаракат узил-кесил тасдиқланди.

Швеция ўнг қўл қоидасини қабул қилиб олган Европа қитъасининг сўнгги давлати бўлган. Чунки унинг қўшнилари шу қоида асосида ҳаракатланар, бу Швецияга катта ноқулайлик келтирарди. 1967 йил 3 сентябр, соат 4:50 дақиқа ўтганда барча кўчаларда чап томонлама ҳаракат тўхтади.

Орадан ўн дақиқа ўтиб, 5:00 дан бошлаб янги қоидалар ишга тушди ва интернетда машҳур сурат акс этган ҳолат вужудга келди (унда янги қоидага кўника олмаган машиналарнинг ўзаро тўқнашиб кетгани, кўчаларда ҳақиқий хаос пайдо бўлгани тасвирланган).

Айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон ва бошқа МДҲ давлатларида ўнг томон қоидаси амал қилади.

Бир вақтнинг ўзида чап ва ўнг томонлама ҳаракатланиш йўллари бор шаҳарлар ҳам учрайди. Россиянинг Санкт-Петербург, Украинанинг Одесса шаҳарларида шу ҳолатни учратиш мумкин.

Чап ва ўнг томонлама ҳаракат масаласи темирйўл транспортида ҳам бор. Буюк Британия, Франция, Германия, Швецияда вагонлар чап томонлама ҳаракатланади. Машиналар чап томонлама ҳаракат қиладиган Индонезияда эса поездлар аксинча ҳаракат қилади.

Баъзи автомобилларда (масалан, Британия суперкарлари Mc Laren F1, Mc Laren Speedtail кабиларда) марказий ҳайдовчи ўриндиғи мавжуд.

Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенциясига кўра, бирор мамлакатга вақтинча кириб келаётган автомобил ўзи рўйхатдан ўтган давлатнинг техник стандартларига мос келиши керак.

Чап томонлама ҳаракат жаҳоннинг қарийб 46та ортиқ давлатларида амал қилади. Юқорида айтганимиздек, улар ичида йирик давлатлар ҳам бор. Бу давлатларга иш ва саёҳат юзасидан борганлар, мазкур қоидага бироз вақт кўника олмасликлари кузатилади.

Шу сабабли бундай кишиларга бир қанча тавсиялар берилади, жумладан:

– ўзингиз бораётган давлат йўл ҳаракати қоидаларини манбалар асосида ўрганинг, асосий тушунчаларни эсда сақлаб қолинг;

– аввало каттароқ бўш майдонда ёки ҳаракатсиз йўлда машинани бошқариб кўринг;

– йўналишни аввалдан режаланг;

– автомобилларни ҳаракатга келтирувчи қисмларга алоҳида эътибор беринг, уларни ишлатишни машқ қилиб кўринг;

– Ойналар, чироқлар ва бошқа қисмлардан фойдаланишда эҳтиёткор бўлинг, иложи борича аввал ўзингиз минган машина маркаларини танлашга ҳаракат қилинг.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид