Ўзбекистон | 12:04 / 21.06.2023
7889
3 дақиқада ўқилади

Ўқишга киришда мактаб баҳолари ҳисобга олиниши нега ортга сурилаётганига изоҳ берилди

Мактаб баҳолари бу йилги абитуриентлар натижаларига қўшилиш эҳтимоли паст. Вазирликнинг изоҳ беришича, бу тизим орқага сурилаётганига сабаб абитуриентлар орасида 15 йил олдин мактабни тугатганлар ва лицей, коллеж ўқувчилари ҳам борлиги бўляпти. Уларнинг баллини онлайн тизимга интеграциялаш тўлиқ якунига етгани йўқ.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари иштирокида “2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Kun.uz мухбири мутассадиларга нега мактаб баҳоларининг ўқишга кириш баллига қўшиб берилиши ҳақидаги қарор ижроси кечикиб кетаётгани ҳақидаги савол билан юзланди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Фарҳод Мирзаев мактаб баҳолари инобатга олинишининг ҳужжат топшириш жараёнига ҳеч қандай таъсири йўқлигини билдириб, агар бу инобатга олинадиган бўлса, мандатгача аниқ бўлишини айтди.

Бу йил битирувчиларимиз учун балл қўшиш имконияти яратилган. Лекин олдинги йилдаги битирувчилар учун алоҳида эътиборга олинмай қолиб кетяпти. Шунинг учун бу нарсани қандай амалга ошириш механизми яна чуқурроқ ўрганиляпти. Лекин тизим шу йилдан кучга киради”, – деди у.

Бироқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов бу фикрни инкор қилди. Ҳатто бу жараён ҳали бери жорий қилиниши имконсиз эканини маълум қилди.

Кўпчилик абитуриент деганда бу йилги мактаб битирувчиларини тушунади, лекин 15 йил олдин мактабни битирган абитуриентлар ҳам бор. Яъни тенг ҳуқуқлилик деган нарса бузилади. Чунки 15 йил олдинги мактаб битирувчиси балларининг ўртачасини чиқариш учун электрон база йўқ. Шу сабаб бу жараён 100 фоиз барча абитуриент учун ишлайдиган ҳолатга келгандан кейин ишлатилади. Бу йил ҳам эҳтимоли кам. Чунки одинги йилларда тугатган абитуриентлар сони жуда ҳам кўп”, – деди у.

Холиқов жараён кечикаётганининг иккинчи сабаби сифатида лицей ва коллеж битирувчилари балларини қўшиш жараёни ҳам кўп вақт олишини айтди.

Лицей битирувчилари 2 йил ўқиса, уни 4 йиллиги мактабида қолиб кетган. Ёки касб ҳунар мактаб ўқувчилари бор. Унинг 4 йили ҳам мактабда қолиб кетган. Яъни барчасининг интеграцияси тўлиқ якунланганидан кейин бу жараён ҳисобга олинади. Ўшанда тенглик бўлади. Шу сабаб бу жараён орқага суриляпти, лекин қачондир ишлайди бу тизим”, – деди Холиқов.

Эслатиб ўтамиз, мактаб битирувчиларининг ўртача балли абитуриент тўплаган баллига қўшиб берилиши ҳақидаги қарор 2021 йилда қабул қилинган эди. Яқинда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бу бўйича якуний тўхтамга келинмагани ва тизим қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилганди

Мавзуга оид