Спорт | 19:47 / 22.06.2023
37028
8 дақиқада ўқилади

«Челси» футболчиларини Саудияга сотмоқда, Гундўған Испанияга келмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари

Сўнгги кунлардаги асосий трансфер хабарлари.

Фото: ANDREJ ISAKOVIC, KEVIN WINTER/GETTY IMAGES

Канте — «Ал-Иттиҳод»да

Н'Голо Канте яқин вақтлар ичида Саудия Арабистонига йўл олиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар бир неча кун олдин тарқала бошлаганди. Энди бу маълумот расман тасдиқланди — 32 ёшли француз «Челси»ни эркин агент мақомида тарк этди ва яқинда Карим Бенземани ўз сафига қўшиб олган «Ал-Иттиҳод» билан шартнома имзолади.

Фабрицио Романонинг ёзишича, Канте 2027 йилгача амал қиладиган шартнома тузган ва унга йилига 25 миллион евро миқдорида маош тўланади. Шунингдек, яримҳимоячи тижорий келишувлар ва имиж ҳуқуқи реализациясидан ҳам улуш олади.

«Челси» нима учун футболчиларини айнан Саудия Арабистонига сотмоқда?

«Челси» хўжайини Тодд Боули таркибда ортиқчалик қилиб қолган бутун бир футболчилар гуруҳидан халос бўлиш йўлини топди. Ёзги трансферлар доирасида Лондон клубининг камида тўрт футболчиси Саудия Арабистонига йўл олмоқда.

Канте ортидан 30 ёшли ҳавбек Ҳаким Зиёш «Ан-Наср»га, 31 ёшли Эдуар Менди «Ал-Аҳли»га ўтиши кутилмоқда. «Челси»нинг ушбу чемпионатга йўл оладиган тўртинчи футболчиси Калиду Кулибали бўлиши мумкин. Инсайдер Фабрицио Романо «Ал-Ҳилол» ва «Челси» 32 ёшли марказий ҳимоячининг 30 миллион еврога трансфер қилиниши бўйича келишувга эришгани ҳақида ёзган.

«Челси»нинг Саудия Арабистони трансфер бозори билан алоқалари эътибордан четда қолмади. The Telegraph хабарига кўра, Европа клублари Саудия Арабистонига трансферларни шубҳа остига қўйиб, «Челси» ва «Вулверҳэмптон»га қарши (ушбу клуб «Ал-Ҳилол»га Рубен Невешни 47 миллион фунтга пуллаган) текширув бошлашни талаб қилмоқда. Мавжуд версияга кўра, «Челси» шу орқали молиявий фейр-плейни айланиб ўтишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Гап шундаки «Челси» хўжайини Тодда Боулининг Clearlake Capital фонди сармоядорларидан бири Саудия Арабистони ҳисобланади. Саудия Арабистонига кўклар жамоаси футболчиларига талаб юқорилигининг асосий сабаби сифатида клуб хўжайинининг ушбу мамлакат вакиллари билан алоқаларга эгалиги кўрсатилмоқда.

Гундўған «Барселона»га трансфер бўлиш арафасида

Илкай Гундўған «Манчестер Сити» билан шартномаси тугагач, фаолиятини қаерда давом эттириш борасида бир қарорга келган.

Инсайдер Фабрицио Романо хабар қилишича, 32 ёшли германиялик «Барселона» билан «2+1» схемасидаги шартнома бўйича келишиб олган. «Барселона» ушбу футболчини рўйхатдан ўтказиш учун лигадан рухсат олган.

Marca маълумотига кўра, Гундўған трансфер шу ҳафтада расмийлаштирилишини истамоқда, шундан кейин таътилга чиқади. Футболчи «Барса»дан ўзини рўйхатдан ўтказилиши бўйича кафолат сўраганди. Бундай кафолат бўлганидан кейин эса барча ҳужжатларни имзолаган.

Қайд этилишича, ушбу келишув амалга ошишида Хави жонбозлик кўрсатган, Гундўғанга «Арсенал» ва Саудия Арабистони клубларидан қизиқиш мавжуд бўлса-да, мураббий уни айнан «Барселона»га ўтишга кўндирган. Қолаверса, «Манчестер Сити» ҳам сардорини сақлаб қолишни истаганди.

«Арсенал» Райс трансфери бўйича келиша олмаяпти ва «Аякс» ҳимоячиси учун ҳаракат қилмоқда

«Арсенал» Англия чемпионатидаги омадсизлик ва чемпионлик қўлдан бой берилгани туфайли янги мавсум олдидан таркибни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Лондонликлар «Челси»дан ҳужумчи Кай Ҳавертцни сафига қўшиб олишга яқин, шунингдек «Аякс»га ҳимоячи Юрриен Тимбер бўйича таклиф юборган. «Аякс» 22 ёшли футболчиси учун 55 миллион евро ишлаб олишни кўзлаган, лондонликлар эса ҳозирча 35 миллион евро таклиф қилишган. The Athletic маълумотига кўра, агар томонлар бадал пули миқдори бўйича келиша олишса, бу трансфер амалга ошиши эҳтимоли юқори. Футболчининг ўзи АПЛга йўл олишни истамоқда.

«Арсенал» шунингдек «Вест Ҳэм» билан Деклан Райс бўйича қийин музокаралар олиб боришмоқда — томонлар Англия миллий жамоаси таянч яримҳимоячиси учун трансфер суммасини келиша олишмаяпти.

The Athletic журналисти, инсайдер Дэвид Орнштейннинг айтишича, «Вест Ҳэм» 20 июн куни «Арсенал»нинг 90 миллион фунт стерлингдан иборат навбатдаги таклифини ҳам рад этган ва 100 миллион фунт сўрамоқда.

«Арсенал» эса аввал 75 миллион фунт тўлаб, бонуслар сифатида 15 миллион фунт ўтказиб беришни кўзлаганди. Инсайдер Фабрицио Романо «Вест Ҳэм»нинг позицияси бўйича изоҳ берган — клубдагилар «Арсенал» футболчининг натижаларига қараб ваъда қилаётган бонусларга эришиш осон бўлмайди деб ҳисобламоқда ва таклиф оширилишини кутмоқда.

Шунингдек, «Вест Ҳэм» «Манчестер Сити» томонидан ҳам фаоллик ошишига умид қилмоқда — клубдагилар Англия чемпионлари ва Чемпионлар лигаси ғолиблари шу ҳафта Райсни барча томонларни қониқтирадиган суммага сотиб олиш бўйича таклиф юборишини кутмоқда. «Арсенал»дагилар ҳозирча ўз тарихидаги энг қимматбаҳо трансферга қўл олишдан олдин ўйланмоқда: олдинги трансфер рекорди — 2019 йилда Николя Пепе «Ренн»дан 72 миллион фунт эвазига сотиб олиниши бўлганди.

«Арсенал» иштирок этаётган барча музокаралардан келиб чиқиб (Ҳавертц, Тимбер, Райс ва «Саутҳемптон»дан Ромео Лавия), лондонликлар ёзда трансферларга 250 миллион фунтдан ортиқ маблағ сарфлашини кутиш мумкин — бу ҳақда инсайдер Райан Тейлор хабар қилган. Афтидан, Микел Артета чемпионлик соврини учун курашиш ва олти йил ичида илк бор қайтилган Чемпионлар лигасида ҳам муносиб иштирок этиш учун қатъий бел боғлаган.

«Нюкасл» Тоналини нишонга олган

21 июн куни The Athletic нашри «Нюкасл» «Милан» билан  23 ёшли яримҳимоячи Сандро Тоналининг трансфери бўйича музокараларга киришгани ҳақида хабар берди.

Инглиз клубининг биринчи таклифи миқдори 50 миллион еврони ташкил этган. Calciomercato маълумотига кўра, «Милан» футболчиси трансферини камида 80 миллион еврога баҳоламоқда ва шунинг учун «Нюкасл»нинг сўровини рад этади.

Тонали янги чемпионатга ўтишга қарши эмас: журналист Жанлука Ди Марцио италиялик ёш яримҳимоячи йирик шартнома бўйича таклиф олгани ва Англия клуби билан оғзаки келишувга эришгани тўғрисида хабар берган. Инглизлар клуби спорт директори товон пули масаласида бир тўхтамга келиш учун айни вақтда Миланда бўлиб турибди.

Агар келишув «Милан» шартлари асосида амалга ошадиган бўлса, Тонали клубнинг тарихдаги энг қимматбаҳо сотувига айланади, бу борада рекорд шу вақтгача Кака 2009 йилда 67 миллион евро эвазига «Реал»га ўтиши бўлиб турибди.

Мавзуга оид