«Можаро музлатилишига рози бўлмаймиз» — Зеленский
Украинанинг июн ойи бошида бошланган қарши ҳужуми натижалари кузатувчилар томонидан анча эҳтиёткорлик билан баҳоланмоқда, президент Володимир Зеленский эса бу босқичда ҳужум тезлиги юқори бўлиши шарт эмаслигини таъкидлади.
Зеленский НАТOнинг Вилнюсдаги навбатдаги саммитида алянс Украинани яқин келажакда ўз таркибида кўряптими деган саволга тўғридан тўғри жавоб беришини истамоқда. Чунки, Украинанинг урушдан кейин қайси йўналишда ривожланиши шунга боғлиқ бўлади.
Ҳозирча Зеленский анча вақт олдин ишлаб чиқилган позицияда қолмоқда: Россия ўз қўшинларини Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқмагунича, у билан музокаралар ўтказилмайди. Владимир Путиннинг ядро қуролидан фойдаланиш хавфи эса минимал — лекин Зеленский Россия президенти учун жавоб беришга тайёр эмас.
Украина президенти Володимир Зеленский 20 июн куни BBC нашри журналисти Ялда Ҳакимга юқоридаги масалалар бўйича интервю берган.
«Агар биз олдинга силжиётган бўлсак, демак, ҳаммаси жойида»
Володимир Зеленский интервюда Украина қўшинларининг ҳозирда мамлакат жануби-шарқида олиб бораётган қарши ҳужум операциясига аниқ баҳо беришдан бош тортган.
«Ҳозир бир нима дейиш жуда қийин. Ҳозирча ҳаммаси аста-секин кетмоқда. Агар биз бир жойда қотиб қолмасдан, олдинга силжиётган бўлсак, демак, ҳаммаси жойида», дея ҳужумнинг муваффақиятини баҳолаш ҳақидаги тўғридан тўғри саволга жавоб берган Украина президенти.
Ҳужум секинлик билан кечаётганининг асосий сабаби сифатида Зеленский Украинанинг деярли икки юз минг квадрат километр ҳудуди Россия томонидан миналанганини келтирган.
«Биз ортга чекинмаймиз, биз олдинга юрамиз. Қадамларни каттароқ қилиш истаги бор, улар бироз кичикроқ — лекин бу қандай амалга оширилишини биласиз: ким курашса, у енгади; ким эшикни тақиллатса, унга эшик очилади. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам биз қарши ҳужум ҳаракатлари муваффақиятли бўлишига ишонамиз», деган Украина раҳбари.
Зеленский Украина қўшинларининг 2022 йил кузидаги қарши ҳужум операциялари ҳам етарлича секин суръатда ўтганини эслаган. «Аммо қандайдир вазиятда ҳамма бизнинг у ерда қандай тезкор ҳаракат қила бошлаганимизни кўрди. Бу ерда ҳам худди шундай бўлади», дея тахмин қилган у.
Украина президенти қандай операциялар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмаган, лекин, катта эҳтимол билан гап якуний нуқтаси рус қўшинларининг Херсондан олиб чиқилиши бўлган бир неча ҳужумкор ҳаракатлар серияси ҳақида борган.
Володимир Зеленскийнинг баҳолари бир қатор Ғарб нашрларида Украина қўшинларининг оккупация қилинган Запорижжя ва Донецк областлари жанубида руслар томонидан тайёрланган мудофаа чизиғини енгиб ўтишда дуч келаётган қийинчиликлари тасвирланган мақолалар пайдо бўлиши фонида янгради.
Украина расмийлари мамлакат қуролли кучларининг ҳужуми ҳарбий раҳбарлар томонидан тасдиқланган режага мувофиқ давом этаётганини даъво қилмоқда.
«Биз ҳарбийлар уларнинг олдига қўйилган вазифаларни бажараётгани, ҳужум бошланган барча йўналишларда босқичма-босқич ҳаракат қилаётганини тушунишимиз керак. Лекин, шубҳасиз, асосий зарба ҳали олдинда», деб ёзган Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ўз телеграм-каналида.
«Бу Ҳолливуд филми эмас»
Володимир Зеленский Украинанинг ҳозирги ҳужуми муваффақияти Ғарбнинг Киевга ҳарбий ёрдами ҳажми ва интенсивлигига таъсир қиладиган ҳал қилувчи омиллардан бири эканини тасдиқлаган.
Шу билан бирга, у ғарблик ҳамкорлар қарши ҳужумдан тезкор натижалар кутиб, Киевга маълум босим ўтказаётганини инкор этмаган.
«Баъзилар Ҳолливуд филмидаги каби нарсаларни хоҳлайди, бироқ бу бошқача содир бўлади ... (лекин) бизга таъсир ўтказишга уринишнинг нархи жуда юқори. Ўртага одамлар ҳаёти тикилган, шунинг учун ҳам ҳаммаси шундай кетмоқда. Кимнинг нимани хоҳлаши, ҳар қандай давлатнинг бизга у ёки бу тарзда босим ўтказишга уриниши бизнинг ҳаракатларга таъсир қилмайди. Биз жанг майдонида ўзимиз тўғри деб билган тарзда ҳаракат қиламиз», деган Зеленский.
Зеленский Ғарб Киевга кўрсатаётган молиявий ва ҳарбий ёрдамсиз Украина Россия томонидан забт этилиши мумкинлигини тан олган ҳолда, F-16 қирувчиларини Украинага тезроқ бериши учун ғарблик ҳамкорларига баъзан жуда қаттиқ босим ўтказаётганини ҳам айтган.
Ғарбнинг замонавий қирувчи самолётлари Киев ғарблик ҳамкорларидан сўраган қуроллар рўйхатининг охирги элементи бўлиб қолмоқда. Украинага жанговар самолётлар етказиб бериш бўйича расмий қарор ҳали қабул қилингани йўқ, бироқ ўтган ҳафтада Киев иттифоқчилари коалицияси украиналик учувчиларни ушбу машиналарда ишлашга ўргатишни бошлаш тўғрисида принципиал қарор қабул қилди. Кузатувчилар шундан кейин Украинага F-16 самолётларини етказиб бериш қарори аллақачон расмиятчилик босқичида деган фикрга келди.
Украина ва Ғарб давлатлари расмийлари бутун жараён бир неча ой давом этиши мумкинлигини айтган ҳолда, Киев ушбу қирувчи самолётларни қачон олиши ҳақида аниқ прогноз қилишдан тийилмоқда.
Зеленский ушбу етказиб бериш жадвалига доир баъзи аниқликларни айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, самолётларни етказиб бериш режаси шу йил ёзида тайёр бўлади. Режа доирасида июл-август ойларида учувчиларни тайёрлаш бошланади.
«Машғулотлар бошлангандан сўнг олти-етти ой ўтиб, биз биринчи самолётга эга бўлишимизга ишонамиз», деган Украина президенти.
«Агар сен Россияга қўшни бўлсанг, сен хавф остидасан»
Интервюда Володимир Зеленский яна бир бор унинг мамлакатининг НАТОга аъзо бўлиш йўлидан бошқа муқобил йўқ экани ва Украинанинг алянсга аъзолиги уни мустаҳкамлаши, чунки Украина НАТO шарқий қанотида энг қудратли армияга эга эканини таъкидлади.
«Ҳозирда турли майдонларда муҳокама қилинаётган Украина учун ҳар қандай хавфсизлик кафолатлари НАТOга аъзоликка муқобил эмас, балки Киев алянсга тўлиқ аъзо бўлишидан олдин керак бўладиган воситадир», деган президент.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш истаги Киевнинг Россияга ҳужум қилиш режалари билан боғлиқ эмас, балки унинг янги эҳтимолий тажовузларидан ўзини ҳимоя қилиш хоҳиши билан боғлиқ.
«Агар сен Россияга қўшни бўлсанг, сен хавф остидасан. Агар сен Россияга қўшни бўлсанг, НАТО таркибида бўлганинг маъқул», деган у.
Зеленский НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг июл ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган алянс саммитида Украина НАТОга аъзо бўлиш таклифини олмаслиги ҳақидаги баёнотига илк бор изоҳ берди.
«Ёмон реакция... Эшитинг, оёғимиз остидаги фундаментни йиқитманг... Бизга таклиф берилиши — бу фундамент. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу техник таклиф ва бу биз эртага НАТО таркибида бўламиз дегани эмас. Аммо Украинадаги одамлар келажакда НАТOда бўлишлари, ҳамкор давлатлар нафақат қурол-яроғ етказиб берувчи, балки елкама-елка бўлиб бизни келажакда кўрувчи чинакам ҳамкор ва дўстлар эканини билиши муҳим», — дейди президент.
Бир неча ҳафта олдин, Володимир Зеленский Wall Street Journal нашрига берган интервюсида, агар Украина алянсга қачон қўшилиши мумкинлиги ҳақида аниқ сигнал олмаса, НАТОнинг Вилнюсдаги саммитида иштирок этишдан маъно кўрмаётганини айтганди.
BBC нашрига берган интервюсида Зеленский НАТОни, агар алянс келажакда Украинани ўз аъзолари қаторида кўрмаётган бўлса, буни тан олишга ва баланд овозда айтишга чақирган: «Шунда Украина ҳам, Украина аҳолиси ҳам биз бошқача яшашимиз кераклигини тушунади. Биз ҳатто ғалаба қозонган ва бу уруш тугаган тақдирда ҳам, бизда урушнинг такрорланиши хавфи юқори бўлади, демак, биз иқтисодиётни бошқача қурамиз. Бошқа бизнес, бошқа таълим, бошқа болалар, бошқа тарбия. Россия қайтиши мумкинлигини ҳисобга олсак, ҳамма нарса бошқача».
«Биз уруш музлатилиши таклифига рози бўлмаймиз»
Украинанинг ҳозирги қарши ҳужуми бошланиши арафасида Ғарбдаги қатор оммавий ахборот воситалари эҳтиёткорлик билан ҳужумдан асосий мақсад Россия билан бўлажак тинчлик музокараларида Украинани максимал қулай позиция билан таъминлаш деб атади.
«Бу тезис — Киевнинг расмий позициясига зиддир», деди Украина президенти.
«Агар улар бизнинг ҳудудимиздан чиқиб кетмаса, у ерда ким президент бўлишидан қатъи назар, Россия билан ҳеч қачон музокаралар столига ўтирмаймиз», деди Зеленский. У бу позиция 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли ҳудудини ҳам қамраб олишини таъкидлаган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқилишидан олдин бошланувчи музокаралар жараёни можаро мақомини музлатилган ҳолатга ўтказади ва худди Минск келишувлари Донбассдаги можаро Россиянинг Украинага қарши ҳозирги кенг кўламли босқинига айланишига тўсқинлик қилмаганидек, келажакда янги катта уруш хавфини яратади.
«Қарши ҳужумда қаергача борсак ҳам, биз музлатилган можарога рози бўлмаймиз... Ва мен халқ нима билан нафас олишини биламан. Украиналиклар иккинчи марта музлатилган можарога рози бўлмайди. Бу тузоқ. Менимча, (Россияда) аллақачон улар уруш бошлагани ва бу уларнинг қонли хатоси эканини тушунадиган одамлар бор. Улар бу урушда охир-оқибат енгилишларини тушунади. Шунинг учун, чиқиш — камроқ қурбонлар дегани. Улар ҳудудимиздан чиқмагунча, улар билан ҳеч қандай музокаралар формати бўлмайди», деган Зеленский.
«Путин ўз ҳаётидан қўрқади»
АҚШ президенти Жо Байденнинг Владимир Путин ҳозирги урушда ядро қуролидан фойдаланишга қодирлиги ҳақидаги сўзларига изоҳ берар экан, Володимир Зеленский бундай таҳдидни кўпроқ «сиёсий, медиа, ахборий» деб баҳолаган.
«Мен у ўз ҳаётидан қўрқаётганига ишонаман ... Мен у бугунги кунда буни қилишга тайёр деб ўйламайман, чунки у ўз ҳаёти ҳақида ўйлайди ... У ўз ҳаётини жуда яхши кўради. Ҳеч бўлмаганда, менга шундай туюлади», деган Зеленский.
«Аммо мен XXI асрда қўшнисига қарши кенг кўламли уруш бошлаган ноадекват одамга ҳеч қандай ҳолатда кафил бўлишни хоҳламайман», дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
15:50