Жаҳон | 19:06 / 26.06.2023
10272
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» афғон аёлларига «эркин инсонлар» мақоми қайтарилганини эълон қилди 

Аммо уларга нисбатан чекловларнинг юмшатилиши ёки олиб ташланиши ҳақида маълумот йўқ. 

Фото: Getty Images

Афғонистоннинг ҳукмрон «Толибон» ҳаракати режими аёлларнинг анъанавий зулмдан озод қилингани ва уларга эркин инсонлар мақоми қайтарилганини эълон қилди. Бу ҳақда ҳаракатнинг олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода мусулмонларнинг Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) муносабати билан қилган баёнотида айтиб ўтди. 

«Хотин-қизларни кўплаб анъанавий зулмдан, жумладан, мажбурий никоҳдан халос этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди, уларнинг шариат ҳуқуқлари ҳимоя қилинди. <...> Аёлларнинг эркин ва муносиб инсон сифатидаги мақоми тикланди ва барча институтлар аёлларга никоҳ, мерос ва бошқа ҳуқуқларни таъминлашда кўмаклашишлари шарт», деди Охундзода. 

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» «аёлларнинг ислом шариати асосида қулай ва фаровон ҳаёт кечириши учун барча зарур чораларни кўрган». 

Толибон етакчисининг қайд этишича, Афғонистондаги аёллар муаммолари, жумладан, «20 йиллик ишғолнинг салбий томонлари» билан боғлиқ. 

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, «Толибон» аёлларга нисбатан босқичма-босқич тарзда турли чекловларни жорий қилишни бошлади. Хусусан, аёл телебошловчиларни рўмол ўраши мажбурий қилинди, аёл актрисалар иштирокидаги драматик фильмлар ва кўрсатувлар намойиши тақиқланди. Қизларнинг ўрта мактабда таълим олиши, университетларда ўқиши чекланди, аёлларга барча миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларида ишлаш тақиқланди. Бу қарорлар кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқидлар тўлқинига сабаб бўлди. 

Ҳайбатуллоҳ Охундзода баёнотидан кейин ушбу чекловларнинг юмшатилиши ёки олиб ташланиши ҳақида бошқа маълумот йўқ. 

Мавзуга оид