Жаҳон | 20:59 / 27.06.2023
46775
5 дақиқада ўқилади

Лукашенко Пригожин билан музокара олиб боргани ва исённи тўхтатганини айтиб берди 

Беларус президенти «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин ўз мамлакати ҳудудига етиб келганини тасдиқлади.

Фото: Беларус президенти матбуот хизмати

Беларус президенти Александр Лукашенко «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин билан Россиядаги қуролли исённи тўхтатиш учун қандай музокара олиб борганини айтиб берди. Унинг сўзларини Meduza умумлаштирган ҳолда баён қилди. 

«Путин айтганидек, Россиядаги тартибсизликлар юзага келганда, ҳамма писиб ўтирди. Одатда биз жанжалдан кейин мушт кўтаришга ва «Эзинг, эзинг ва яна эзинг» деб маслаҳат беришга устамиз. Бу мени ушбу воқеалар ҳақида гапириб беришга ундади, уларга мутлақо шўнғиб кетган эдим», деб бошлади Лукашенко сўзини. 

«23 июнь, жума куни мен Ростовдан келган камёб хабарларга эътибор бермадим: уруш давом этмоқда, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо 24 июнь, шанба куни эрталаб хавотирли маълумотларни олдим. 

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари Беларус Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) ходимлари билан боғланиб, Путин алоқага чиқмоқчи эканини айтишди. Марҳамат. Соат 10.00 да у халққа мурожаат қилди, соат 10:10 да қўнғироқ қилиб, менга батафсил маълумот берди. Тушундимки, вазият оғир, «эзиш» ҳақида шафқатсиз қарор қабул қилинган. Путинга шошмасликни, муҳлат беришни, Пригожин ва унинг қўмондонлари билан гаплашиб олишни таклиф қилдим. «Саша, бу бефойда. У телефонни кўтармаяпти», деди у менга. «У қаерда?», деб сўрадим. «Ростовда». «Ёмон муроса ҳар қандай урушдан яхшироқдир. Мен у билан боғланишга ҳаракат қиламан», дедим. 

Биз Путин билан ярим соат суҳбатлашдик, у менга фронтда нималар бўлаётганини айтиб берди. Унинг сўзларини яхши эслайман: «Аммо фронтда, ғалати бўлса-да, вазият ҳар қачонгидан яхшироқ». 

Соат 11:00 да мен Пригожин билан бир зумда боғландим, Евкуров уни телефонга чақирди. Пригожин бутунлай кўтаринки кайфиятда эди. Биз дастлабки 30 дақиқада фақат сўкиниб гаплашдик. «Женя, ҳеч ким сенга Шойгуни ҳам, Герасимовни ҳам бермайди. Путинни мендан яхшироқ биласан. У нафақат сен билан учрашмайди, ҳатто телефонда ҳам гаплашмайди», дедим. Пригожин жим. «Аммо биз адолатни хоҳлаймиз! Улар бизни бўғмоқчи! Биз Москвага борамиз!», деб бақирди Пригожин. «Ярим йўлда сени канадек эзиб ташлашади», дедим. «Йўқ», деди. Шунақа кўтаринки кайфиятда эди. 

Уни ишонтиришга анча вақт керак бўлди. Суҳбатнинг охирида шундай дедим: «Биласанми, хоҳлаганингни қил. Лекин мендан хафа бўлма. Биз бригада тайёрладик ва худди 1941 йилдагидек, Москвани ҳимоя қиламиз. Тўғри, Россия бизнинг ватанимиз эмас. Аммо, агар бутун Россия бўйлаб фитна тарқалса, (бунинг учун жуда катта шароитлар мавжуд), кейингиси биз бўламиз».  

Беларус оммавий ахборот воситаларига мендан, Путин ва Пригожиндан қаҳрамон ясамасликни буюрдим. Чунки биз бу вазиятнинг олдини ололмадик, шапкўрлик қилдик. У ривожлана бошлаганида, мен ҳам, Путин ҳам вазият ўз-ўзидан ҳал бўлади, деб ўйладик. Аммо у ҳал бўлмади. Ва фронтда жанг қилган икки киши тўқнашди. Шойгуни (Россия Мудофаа вазири) баъзида ноўрин танқид қилишади, аммо у қўлидан келадиган ишларни қиляпти. 

Кеча Путин ваъда қилганидек, хавфсизлик кафолатлари берилди. Пригожин бугун Беларусда. Ваъда қилганимдек, агар биз билан бир муддат қолиб, нафас ростламоқчи бўлсангиз, ёрдам берамиз. Табиийки, ўз ҳисобингиздан. Аммо, Хренин (Виктор Хренин, Беларус Мудофаа вазири) айтганидек: «Бундай ҳарбий қисм армиямга ортиқчалик қилмас эди». Бу фикрга қўшиламан. 

Биз ҳозирча «Вагнер» учун ҳеч қандай лагерь қурмаяпмиз. Аммо агар хоҳласалар, биз уларни жойлаштирамиз. Аммо улар ҳозирча Луганскдаги (Россия томонидан аннексия қилинган Украина шаҳри) ўз лагерларида. Биз уларга ташландиқ ҳарбий қисмлардан бирини таклиф қилдик. Марҳамат, чодирларни ўрнатишлари мумкин», деди Лукашенко. 

Евгений Пригожин ҳозирча Александр Лукашенко билан ўтказилган музокаралар ҳақида маълумот бермади. 

Россия президенти Владимир Путин ҳам Беларус президенти билан ўтказилган музокаралар мазмунини баён қилмади. 

Мавзуга оид